16:36 / 12.09.2022
2 537

Легионер дегани ўзбеклардай бўлади-да!

Легионер дегани ўзбеклардай бўлади-да!
Беларусь чемпионати олий лигаси қизғин паллага кирди. Чемпионатнинг учдан икки қисми якунланган бир пайтда чемпионлик учун тўртта жамоа – анъанавий кучли саналган БАТЭ, “Шахтёр-Солигорск”, “Динамо-Минск” ва кутилмаганда “Энергетик-БГУ” даъвогарлик қилмоқда.

Бу тўрт жамоа мавсумни муваффақиятли ўтказмоқда ва мусобақа жадвалида бошқа клублардан анча илгарилаб кетган.

21-турнинг марказий учрашувида БАТЭ ва “Динамо-Минск” ўзаро тўқнаш келди. Бу баҳсда ҳисоб очилмади ва ҳар икки жамоа биттадан баллни қўлга киритиб, умумий очколари сонини 40 тага етказиб олди.

Бу вазиятдан уларни таъқиб қилиб келаётган “Энергетик-БГУ” унумли фойдаланиб қолди. Лекин Бобур Абдухолиқов ва Абдулқодир Ҳусанов жуда фаол ўйнаган бу баҳсда “Нёман” мезбонларга жуда қаттиқ қаршилик кўрсатди.

Беллашувнинг 38-дақиқасида Беларусь чемпионатининг энг зўр тўпурари Бобур Абухолиқов бир уринишда узоқ масофадан аниқ зарба билан супер гол урди.

Бироқ, минсклик “талабалар” иккинчи бўлим аввалида бироз бўшашди ва рақиб жамоа вакили Андрей Якимов ҳисобни тенглаштирди. Чемпионатда биринчи ўринга кўтарилиб олиш имконини қўлдан беришни истамаган “Энергетик-БГУ” ҳужумга зўр берди.

Бобур Абдухолиқовда бир неча қулай имкониятлар бўлди. Лекин ҳужумчимиз унлардан фойдалана олмади.

Кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган учрашувнинг сўнгги дақиқасида Бобур барибир ўз сўзини айтди. Бу гал ҳамюртимиз тўпни эгаллаб олиб, рақиб жарима майдончасига ёриб кирган марказий ҳимоячи Абдулқодир Ҳусановни қулай позицияга чиқарди. Ёш футболчимиз бир зарба билан жамоасига қимматли уч очкони келтирди.

“Энергетик-БГУ” 20 та учрашувдан 41 очко тўплади. Ҳозирча улар биринчи ўринда. Фақатгина амалдаги чемпион – “Шахтёр-Солигорск”да “талабалар”дан ўзиб кетиш имкони бор. Бунинг учун “кончилар” сафар баҳсида “Голель”ни енгиши керак.

Бобур Абдухолиқов чемпионатдаги голлари сонини йигирматага етказиб олди. Шунингдек, олтита голли пас муаллифи сифатида гол+пас тизимида 26 очко жамғариб, чемпионатнинг энг сермаҳсул ўйинчиси бўлиб турибди.

Беларусь олий лигасида энг яхши марказий ҳимоячи номига даъвогарлик қилаётган 18 яшар Абдулқодир Ҳусанов ҳимоядаги ишларини пухта бажариш баробарида ҳужумларга ҳам кўмаклашиб туради. Ҳозирча, истеъдодли футболчимиз ҳисобида иккита гол ва тўртта ассист бор.

Энг қувонарлиси, ўз тарихида илк бор чемпионлик ва совринли ўринлар учун курашаётган “Энергетик-БГУ” бу имкониятга айнан ўзбек футболчилари – Бобур Абдухолиқов ва Абдулқодир Ҳусанов ёрдамида эга бўлмоқда.

Бобур тўп киритган учрашувларда “талабалар” умуман мағлуб бўлмаган. Қашқадарёлик футболчининг голлари жамоасига 12та ғалаба ва иккита дуранг келтирган.

Абдухолиқовга Туркия, Германия, Қатар, Шотландия, Россия, Польша чемпионатларидан таклифлар бўлаётгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Легионер дегани ўзбеклардай бўлади-да!