1 802
«Агар улар яланғоч ўйнашимни талаб қилса, бунга тайёрман». Шахматдаги шов-шувли можаронинг янги тафсилотлари
Фото: Getty images
Америкалик шахматчи ҳақиқатан ҳам ғирромлик билан шуғулланган – лекин бу анча вақт олдин ва онлайн ўйинларда эди
Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Магнус Карлсен Sinquefield Cup турнирида америкалик Ҳанс Ниманнга ютқазиб қўйди ва шу заҳоти ўз хоҳиши билан мусобақани тарк этди. Бу унинг фаолиятида биринчи марта юз берди. Магнус ўз қарорини тушунтириб ўтирмади, оқибатда Ниманн қандайдир йўл билан ғирромлик қилган бўлиши мумкинлиги, ташкилотчилар эса бунинг олдини олмагани ҳақидаги тахминлар пайдо бўлди.
19 ёшли Ҳанс «читерлик» йўли билан ғалаба қозонган бўлиши мумкинлиги ҳақида бошқа бир америкалик гроссмейстер Ҳикару Накамура айтди. «Читерлик» (инг. «cheat» - фириб қилмоқ, алдамоқ) – компьютер оламига мансуб термин бўлиб, ўйинларда ташаббусга эга бўлиш учун ғирромлик билан ўзгача дастурий таъминот ёки аппаратдан фойдаланишни англатади.
Ташкилотчилар зудлик билан ҳалол ўйинни таъминлаш чораларини кучайтирди – ташқаридан ёрдам бўлмаслиги учун видеотрансляцияни эфирга кечиктирилган ҳолда узатишни бошлашди, шунингдек, шахматчиларни сканер билан текширишди.
Ниманнинг ўйини таҳлил қилиш учун етакчи «шахмат детективи» Кеннет Риганга берилди – у америкаликнинг юришларида шубҳали нарсани топмади. Бир вақтнинг ўзида Ҳанс илгари ғирромлик қилганини тан олди – лекин жонли ўйинларда эмас, балки фақат онлайнда.
«12 ёшимда Titled Tuesday (шахмат бўйича онлайн турнирда) қатнашганман. Дўстим юриш қилишга ёрдам берадиган дастурли iPad билан келиб қолди. Ўшанда мен ёш бола эдим ва нима қилаётганимни тушунмасдим.
Тўрт йил ўтиб, 16 ёшимда ҳам бемаъни хатога йўл қўйдим. Мен шунчаки рейтингимни яхшиламоқчи ва юқори савиядаги шахматчилар билан ўйнамоқчи эдим. Шу сабабли Chess.com сайтидаги баъзи ўйинларда ғирромлик қилдим. Мени айблашди, тан олдим. Бу ҳаётимдаги энг катта хато. Мен бундан уяламан, лекин бу ҳақда барчага очиқ айтяпман, чунки фактлар бузиб талқин қилиниши, миш-мишларни хоҳламайман. Мен ҳеч қачон ҳақиқий ўйинда ғирромлик қилмаганман», деди Ниманн.
Энг машҳур шахмат портали Chess.com Ниманни ушбу ғирромлиги учун блоклаган, аммо қоидабузарликлар сони кўпроқ эканини таъкидлаган: «Биз уни блоклаш ҳақидаги қарор бўйича исбот-далилларни келтирдик. Ниманнинг читерлик миқдори ва қоидабузарликнинг жиддийлик даражаси ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди, биз бу борада ҳам маълумот берганмиз».
Фото: Getty images
Ниманн қандай ғирромлик қилган бўлиши мумкин? Тахминлар иккита
Карлсен устидан қозонилган ғалабадан сўнг, Ҳанснинг сўзлари кўпчиликни қизиқтириб қолди. У ўйин куни эрталаб Карлсен танлаган дебютни тасодифан ўрганиб чиққани ва бу «ақл бовар қилмас тасодиф» бўлганини айтди. Аммо қизиғи шундаки, Карлсен илгари ҳеч қачон бундай ўйнамаган. Шу сабабли, Ҳанс ўйиндан олдин нега айнан шундай вариантни ўрганиб чиққани номаълум.
Ҳанс ўйиндан олдин қандайдир йўл билан Карлсеннинг шахмат компьютерига кириш имконига эга бўлган ва шу тариқа рақиби нимани режалаштираётганини билиб олган, деган шубҳа бор. Бундан ташқари, кимдир қандайдир йўл билан бу маълумотни Ниманнга ўйин пайтида етказган бўлиши мумкин.
Иккинчи тахмин умуман ақл бовар қилмас шаклда: Ниманн вибрация билан хабар етказувчи қурилмани қуймичига яқин жойда олиб кирган бўлиши мумкин.
Непомняшчий яланғоч ўйнашни таклиф қилди, Ниманн бунга рози
Можаро турнирга ҳам таъсир қилди. Пешқадам Уэсли Со Ниманн ҳақидаги миш-мишлар ва ғирромлик ҳақидаги гаплардан кейин уйқудан маҳрум бўлганини тан олди. Ян Непомняшчий ғирромликни тўлиқ бартараф қилиш жуда мушкул эканини айтди. Сўнгра россиялик гроссмейстер «ёпиқ хонада яланғоч ҳолда» ўйнаш – ҳалолликнинг ягона йўли экани ҳақида ҳазил қилди.
Можаро шу қадар жиддий бўлиб чиқдики, у Tesla ва SpaceXТ компаниялари раҳбари Илон Маскнинг ҳам эътиборини тортди.
Непомняшчий таклифига у ижтимоий тармоқда шундай жавоб қайтарди: «Ўйинлардан олдин шахматчиларни шахсан текшириш учун кийиладиган резина қўлқопларнинг овозини деярли эшитяпсиз».
Ниманн бундай чораларга қарши эмас: «Агар яланғоч ўйнашимни талаб қилишса, бунга тайёрман. Менга фарқи йўқ, чунки ҳалол эканимни биламан. Балки, электрон узатмаларга тўсиқ қўядиган ёпиқ қутида ўйнашимни хоҳларсиз? Менга фарқи йўқ».
Фото: Getty images
Каспаров Магнусдан изоҳ талаб қилди, Карпов унинг суст ўйнаганини айтди
Шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаров норвегиялик гроссмейстер Магнус Карлсендан ўз хатти-ҳаракатларини тушунтиришни талаб қилди.
«Магнус Карлсен дунёдаги энг муҳим турнирлардан бирида иштирок этишдан бош тортди. Бундай ҳолат сўнгги 50 йилда кузатилмаганди. Магнус ўз қарорини тушунтириши керак.
Карлсеннинг бу хатти-ҳаракати шахмат ихлосмандларига, унинг ҳамкасбларига, ташкилотчиларга зарба бўлди. Бундан ташқари, салбий воқеалар шахмат ўйинига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди.
Жаҳон чемпионининг мажбуриятлари бор, ўз қарорини тушунтириш – уларнинг энг кичиги», деб ёзди у ижтимоий тармоқларда.
Яна бир собиқ жаҳон чемпиони Анатолий Карпов америкалик шахматчининг ўйинида ғирромлик аломатларини сезмаганини айтди.
«Карлсеннинг партиясини кузатдим ва айтишим керакки, жуда ёмон ўйнади. Ғирромлик ҳақидаги барча миш-мишларни рад қиламан. Албатта Ниманн қандайдир тарзда ёрдам олмагани ҳақида исбот-далил келтира олмаймиз. Аммо Карлсен ажабланарли тарзда оқ доналар билан дебютни барбод қилди ва дарҳол ёмон позицияга тушиб қолди. Кейинчалик эса, мураккаб вазиятдан чиқиб кета олмаслигини кўрсатди, бу ҳам жаҳон чемпионига муносиб бўлмаган ҳолат», деб Карпов сўзларини келтирди ТАСС.
Блиц бўйича жаҳоннинг уч карра чемпиони, гроссмейстер Александр Гришчук ҳам Карлсеннинг қароридан ҳайрон эканини айтди.
«Магнус бекордан бекорга қуюшқондан чиқмаган. У Ниманни ғирромлик қилганликда гумонлаяпти шекилли. Балки бу ғирромлик айнан шу партияда бўлмагандир. Бу ўйин менга шубҳали туюлмади. Ниманн ўртача ўйнади, Карлсен эса жуда ёмон.
Нуфузли турнирларда читерлик қилиш мумкинми? Бу ўзим учун ҳам қизиқ. Онлайн турнирларда иложи бор. Аммо юзма-юз ўйинлардачи? Айнан мана шунинг учун Магнусдан баёнот кутаман: у қандай бўлса ҳам фактларни келтириши шарт», деди у.
Турнир бош ҳаками ғирромлик бўлмаганини таъкидламоқда
Sinquefield Cup турнири бош ҳаками Кристофер Бирд читерлик ҳақидаги миш-мишлар авж олганидан кейин махсус баёнот берди.
«Ҳозирги вақтда қайсидир шахматчи ғирром ўйнагани бўйича ҳеч қандай белгиларни кўрмаяпмиз. Бу Grand Chess Tour мусобақаларига кирувчи барча турнирларга, шунингдек, Sinquefield Cup турнирига ҳам тааллуқли.
Биз ғирромликнинг олдини олиш бўйича кескин чораларни кўрганмиз, шахматчиларни металл детектори билан текширганмиз, уларни кузатиб борганмиз ва профессор Кеннет Риган ёрдамида FIDE Game Screening Tool билан уларнинг ўйинларини таҳлил қилганмиз. Биз ҳеч қандай қоидабузарликни аниқламадик.
Шундай бўлса-да, Grand Chess Tour бош ҳаками Дэвид Сежвик билан маслаҳатлашиб, 3-турдан кейин қўшимча чораларни жорий қилдик: шахматчиларни RF-сканерлари билан текширдик, жонли эфирни эса 15 дақиқага кечиктирдик. Албатта, бу қўшимча харажатларни талаб қилди, илтимосимизни қабул қилгани учун Сент-Луисдаги ташкилотчилардан миннатдормиз.
Ҳакамлар жамоаси вазиятни диққат билан кузатишда давом этади. Бу қатъий чоралар турнир охирига қадар сақланиб қолади», дейилади унинг баёнотида.
Ниманнинг обрўсига путур етиб бўлди
Можародан кейин Ниманн Уэсли Со билан ўйинда ютқазиб, турнирдаги биринчи мағлубиятини қабул қилди ва бешинчи ўринга тушиб кетди. Аммо у ҳали ҳам бундай муносабатга лойиқ эмаслигини таъкидлайди.
«Танқидчиларимнинг сукути ўз-ўзидан гапиради. Агар бирор бир ҳақиқий далил бўлса, нега буни кўрсатишмаяпти? Кимдир етказилган зарар учун жавобгарликни ўз зиммасига оладими?», деди у.
Гап шундаки, Магнус рақибнинг читерлик қилгани ҳақида ҳеч нарса гапирмади, у Ҳансни ғирромликда айбламади. Демак, уни қандайдир жавобгарликка тортиш масаласи кун тартибида йўқ.
Ниманнинг шундоғам шубҳали обрўсига эса яна путур етказилди. Энди Ҳанс уни тиклаб олиши учун нимадир қилиши керак... ёки айбини тан олиши.
Магнус Карлсен, Ҳанс Ниманн, Шахмат “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Олимлар Ойнинг орқа томонидан олинган тупроқ намуналарини ўрганди