10:43 / 29.09.2022
1 046

Терма жамоа устози 20-тур олдидан: "Олти очколик ўйин, "Локо"да тушкунлик аломати бор, "Пахтакор" ғалаба қозонса керак, сабаби..."

Терма жамоа устози 20-тур олдидан: "Олти очколик ўйин, "Локо"да тушкунлик аломати бор, "Пахтакор" ғалаба қозонса керак, сабаби..."
Терма жамоамизнинг режадаги ўртоқлик учрашувлари якунига етгач, яна асосий эътиборимиз ички чемпионатимизга қаратилади. Суперлигада 20-тур учрашувлари 29 сентябрдан бошланади ва 3 октябрга қадар давом этади. Ўзбекистон U-14 терма жамоаси бош мураббийи Ислом Исмоилов олдинда турган муҳим ўйинлар борасида фикр билдирди.

29 сентябрь (пайшанба)

“Қизилқум” – “Металлург”

- Бу учрашувда “Қизилқум”ни фаворит деб биламан. Бу жамоанинг таркибида барибир тажрибали футболчилар кўп. Турнир жадвалига қарасангиз ҳам “Металлург”дан юқорироқда турибди. Лекин “Металлург” ҳам яхши жамоа. Охирги турда “Сўғдиёна” устидан ғалаба қозонди. Аммо бекободликларга барқарор ўйин етишмаяпти. “Қизилқум”да бу нарса ҳозирча сақланиб турибди. Назаримда, мезбонлар ғалаба қозонса керак. Лекин катта ҳисоб қайд этилмаса керак, деб ўйлайман.

30 сентябрь (жума)

“Сўғдиёна” – АГМК

- Бу принципиал рақиблар қарама-қаршилиги бўлади. Ҳамма АГМК жамоасини чемпионликдан чиқарди. “Сўғдиёна” эса чемпионлик учун курашаётган жамоа. Лекин Улуғбек Бақоев жамоасида охирги пайтларда қанақадир пасайиш кузатилмоқда. Шунга қарамай, “Сўғдиёна” ўз уйида исталган рақибга қаршилик кўрсата олади. Менимча, бу учрашувда дуранг бўлса керак.

1 октябрь (шанба)

“Бунёдкор” – “Навбаҳор”

- “Навбаҳор” ҳам чемпионлик учун курашаётган жамоа. Ҳар бир учрашувда майдонга ғалаба учун чиқяпти. “Бунёдкор”да ўтган турда мураббий алмашди. Иван Бошкович яхши мураббий. Лекин ҳар бир мураббийга ўз ғояларини етказиб бериши учун маълум вақт талаб қилинади. Ушбу жуфтликда “Навбаҳор” ғалаба қозонса керак.

2 октябрь (якшанба)

“Динамо” – “Олимпик”

- “Динамо” жуда қийин аҳволда. “Олимпик” рақиби ким бўлишидан қатъий назар ҳужумкор футболни таклиф қиляпти. Менимча, бу учрашувда дуранг бўлса керак. “Динамо” ҳам барибир охиригача курашади. Вадим Абрамов ҳам олдига мақсадларни қўйган.

“Пахтакор” – “Насаф”
- Бу ўзбек футболида охирги пайтлардаги энг принципиал жиҳатдан муҳим ўйинлардан бирига айланди. Қизиқарли ўйин бўлади, деб ўйлайман. Иккала жамоа ҳам охирги пайтларда сифатли футбол намойиш қиляпти. Менинг фикримча, ушбу ўйинда “Пахтакор” ғалаба қозонса керак. Сабаби, “Пахтакор”нинг ўйиндан-ўйинга сифати ошиб боряпти. “Насаф” клубига доим ҳам барқарорлик етишмай қолади. Лекин бу футбол ва ҳамма нарса бўлиши мумкин.

3 октябрь (душанба)

“Қўқон-1912” – “Сурхон”

- Буни олти очколик ўйин десак ҳам бўлаверади. Сабаби маълум, иккала жамоа ҳам пастки ўринларда боряпти. “Қўқон-1912”ни яхши биламиз, ўз майдонида барча рақибларига муаммолар туғдира олади. Майдон эгалари ғалаба қозонса керак. Тўғри, ”Сурхон” ўтган турда ғалаба қозонди, уларда ҳам кўтаринки кайфият ҳукмрон. Ҳар иккисига ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Барибир “Қўқон-1912”нинг имкониятини баланд деб ҳисоблайман. Даврон Файзиев жамоаси барча ўйинларда ғалабага яқин келяпти, фақат дуранглар кўпайиб кетди. “Сурхон”га қарши баҳс кўп нарсани ҳал қилувчи учрашувлардан бири.

“Локомотив” – “Нефтчи”
- “Нефтчи” жамоасини биламиз, секин-аста ўзига кела бошлади. Виталий Левченко борган сари жамоасини оёққа турғазяпти. Охирги ўйинлардан келиб чиқадиган бўлсак, “Локомотив”да тушкунлик аломати бор. “Нефтчи” бўлса, ҳозир юқори тонусда. Шунинг учун фарғоналикларда ғалаба қозониш имконияти кўпроқ бўлса керак. Сервер Жепаров “Локомотив”ни қийин ҳолатда қабул қилиб олди. Ундан кейин жамоа атрофида турли хил муаммолар ва воқеалар кузатилди. Бу жамоанинг руҳиятига таъсир қилади. Лекин Жепаровга келсак, келажаги бор мураббий. Яқинда бу ишга киришди. Мураббийни ишига натижалар орқали баҳо берса бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Терма жамоа устози 20-тур олдидан: "Олти очколик ўйин, "Локо"да тушкунлик аломати бор, "Пахтакор" ғалаба қозонса керак, сабаби..."