21:02 / 05.10.2022
3 897

Шомуродов, тайёрлан!

Шомуродов, тайёрлан!
“Рома” Европа лигаси учинчи турида муҳим учрашувни ўтказади. Жозе Моуриньо шогирдлари дастабки икки турдаги битта ғалаба ва битта мағлубият билан С гуруҳида учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Жамоа кейинги босқичга чиқиш имкониятига эга бўлиш учун Испаниянинг “Бетис” жамоаси билан бўладиган муҳим баҳсда уч очкони қўлга киритиши лозим. Айни пайтда испанлар гуруҳнинг қолган икки вакили – “Лудогорец” ва ХИК устидан қозонилган ғалабалар эвазига олти очко билан якка пешқадам бўлиб турибди.

Бўлажак баҳсда гуруҳдаги энг кучли ва асосий рақибга очко улашиш Жозе Моуриньо шогирдларига кейинги босқичга чиқиш вазифасини ўта мураккаблаштириб юборади. Шу боис, “бўрилар”ни фақат ғалаба қониқтиради.

“Рома” ҳозирча икки фронтда иштирок этаётгани учун бошқа жамоаларга қараганда кўпроқ ўйин ўтказишига тўғри келмоқда.

La Gazzetta dello Sport нашрининг маълум қилишича, мураббийлар штаби “Бетис” билан бўлажак ўйинда таркибда ротацияни амалга оширмоқчи. Моуриньо қарорига кўра, мавсум бошидан бери кўп ўйин ўтказган Леонардо Спинаццола ва Крис Смоллинг каби футболчиларга дам олиш имконияти берилади.

Бу футболчиларнинг ўрнига чап қанотда Никола Залевски, майдон марказида Мараш Кумбулла ўйинга тушиши кутилмоқда.

Жамоа сардори ва етакчиси Лоренцо Пеллегрини жароҳати боис ўйинни ўтказиб юбориши эҳтимоли бор. Унинг вазифалари Николо Дзаньолога юклатилади.

La Gazzetta dello Sport журналистларининг ёзишича, ҳужум чизиғида ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Пауло Дибала жароҳатидан кейин майдонга тушди, бироқ ўтган учрашувни эрта тарк этди. Тэмми Абрахам ҳали ҳам юқори спорт формасини тиклай олгани йўқ. Яна бир ҳужумчи Стефан Эл-Шаарави оғир жароҳатдан энди қутилди.

Нашр экспертлари бу ҳолатда мураббийлар штаби Андреа Белотти ва Элдор Шомуродовга имкон берилишини таъкидламоқда. Демак, Шомуродов “Бетис”га қарши ўйнаши мумкин ва бош мураббийдан “Элдор, ўйинга тайёрлан!”, деган хабарни кутяпти.

Аслида легионеримиз учун Европа лигасидаги фаолияти омадли бошланди. Элдор римликларнинг ушбу халқаро мусобақадаги дастлабки голини урди.

“Бетис” ҳам гуруҳдаги пешқадамлигини мустаҳкамлаб олиш учун бўлажак баҳсга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда клуб президенти Анхель Аро фикр билдирди.

- Олдинда гуруҳ босқичининг муҳим ўйини бор. Жуда зўр ўйин бўлади. Иккита буюк клуб, икки нафар кучли мураббий қўл остида минглаб мухлислар кўз ўнгида тўқнаш келади. Гуруҳдаги пешқадамликни сақлаб қолишимиз шарт. Бу балки гуруҳдаги ҳал қилувчи беллашув эмасдир, лекин унинг муҳимлигини инкор қилиб бўлмайди, - деди Анхель Аро.

“Рома” – “Бетис” учрашуви 6 октябрь куни Тошкент вақти билан ярим тун – 00:00 да бошланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов, тайёрлан!