2 119
Элдорнинг агенти Моуриньонинг Шомуродовга икки эътирози, Римда нега қолгани ва келажаги ҳақида
«Рома» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг агенти Қаҳҳор Мўминов Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашрига берган интервьюсида ўзбекистонлик ҳужумчининг Италиядаги муаммолари, Римни нега тарк этмагани, унга қизиққан клублар, Моуриньо билан муносабати ва унинг келажаги ҳақида гапирди.
— Ўзбекистонда иккинчи Шомуродов борми?
— Иккинчи ҳам, учинчиси ҳам бор.
— Кимлар?
— «Нижний Новгород»да йигитча бор – Иброҳимхалил Йўлдошев. Иқтидорли, келажаги бор ўйинчи. Унга Россияда мослашиш учун ярим ойча вақт керак бўлди ва яхши ўйнаб кетди. Айни дамда Йўлдошев олдида Россия Премьер-лигасининг икки клубидан аниқ таклиф бор. Шунингдек, Осиё клубидан ҳам қизиқиш мавжуд.
Яна бири Йўлдошевнинг тенгқури, «Торпедо»да ўйнаётган Ҳожимат Эркинов. У Камерунга қарши ўйинда миллий жамоасида гол киритди. Бу йигитлар ҳали ўсишда давом этишади. Ўзбекистонда собиқ иттифоқ мураббийлар мактабининг ўзига хос анъаналари сақланиб қолинган, давлат ҳам инфрастуктурага катта маблағлар сарфламоқда. Фақат вилоят марказлари эмас, туман марказларида ҳам сўнгги 20 йилда янги стадионлар қад ростлаган. Ёшларнинг футболга оқими улкан – биргина «Бунёдкор» академиясида қарийб 2000 нафар бола футбол билан шуғулланмоқда. Бу эса ўз мевасини бермоқда.
— «Рома» Шомуродовни ёзда қўйиб юбормади, шунга қарамай у захирада қолаяпти. Бу нима билан боғлиқ?
— Элдорга «Торино» ва «Болонья» томонидан жиддий қизиқиш мавжуд эди. Уни Туркиянинг барча етакчи клублари, Саудия жамоалари ўз сафларида кўришни хоҳлашганди. Аммо «Рома» уни ўз таркибида олиб қолишга қарор қилди. Бу масалада Жозе Моуриньо, клуб бош директори билан суҳбатлашдик. Португалиялик мураббий матбуотни ўқимасликни маслаҳат берди.
— Нега?
— У Шомуродовни ҳеч ким клубдан ҳайдамаётгани ва бошқа жамоага ҳам бериб юборилмаслигини айтди. Фақатгина унга ақлбовар қилмас таклиф тушса, айтайлик Осиёдан, клуб трансфер масаласини ўйлаб кўриши мумкинлигини айтишди.
— Шомуродовни А Серия клубларидан бирига ижарага бериб юбориш яхшироқ эмасмиди?
— Моуриньо Элдорга: «Қулоқ сол, «Болонья»даги 10-15 ўйиндан кўра, «Рома»даги 5та ўйин ҳам сен учун яхшироқ», деди.
Олдимизда Берлускони назоратидаги «Монца»га ўтиш варианти бор эди. «Монца» Роберто де Дзерби билан музокара ўтказаётган, италиялик мураббий эса бу клубдан энг аввало Шомуродовни сотиб олиш шартини қўйган эди. Аммо бу амалга ошмади (Дзерби Поттер ўрнига «Брайтон» бош мураббийига айланди). Охир-оқибат Моуриньо, «Рома» раҳбарияти ва Италиядаги ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашиб, Римда қолишга қарор қилдик. Биласизми, «Рома» барибир топ-клуб, бу – бренд, фирма. Шомуродов Европанинг кучли бешлик чемпионатларидан бирининг топ-клубида фаолият олиб бормоқда. Буни қадрига етишимиз керак. Қолаверса, Моуриньонинг ўзи ҳар гал «Эла»да имконият берилишини кўп марта такрорламоқда.
— «Аталанта» билан ўйинда Шомуродовга имконият берилди, у эса яхши вазиятдан фойдалана олмай, жамоасини қутқармади...
— Ҳа. Ўша вазиятда Элдор гол урса қаҳрамон бўларди. Топ-клубларда ўта кучли рақобат бўлиши табиий ҳол. Шомуродов ҳам ҳозир шунақа вазиятда. Аммо биз «Рома»га ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз шарт. Айрим ҳамкасбларимиз ҳар доим негатив излашади: мураббий айбдор, клуб айбдор деб...
— Сизлар-чи?
— Ўзимизга доим ҳисобот берамиз. Тушунинг, «Рома» Элдор учун «Женоа»га катта маблағ тўлаганини унутмаслик лозим. Римликлар шорт-листида доимо жуда кўп номдор, келажаги порлоқ ўйинчилар бўлади, улар эса айнан Элдорни танлашган. Бу бежизга эмас. Клуб ҳеч қачон унга бошқача қарагани йўқ. Шомуродовга «Сен бизга кераксан. Қани бўл, кураш», деган.
— Элдор итальян тилини ўзлаштирдими?
— Моуриньо бошида айнан шу масалада эътироз қилганди. Ҳар ҳолда Жозе тилшунос, таржимон – саккизта тилни билади. Шу боис Элдор тил ўрганишда сустлашгани учун мураббийнинг бироз жаҳли чиққанди. Моуриньога Элдор тактикани тўлиқ тушунмаётгандек кўринган. Аммо ҳозирда вазият тубдан ўзгарди. Шомуродов аллақачон европаликка айланган ва итальянчада зўр гаплашади. Уни барча жамоаларда ёқтиришади. Ажойиб йигит. Дарвоқе, «Рома» у билан хайрлашишни истамагани сабабларидан бири ҳам айнан шу. Чинданам бутун жамоа уни яхши кўради.
— «Рома» Шомуродов учун ўз даражасидан баландроқ чўққи эмасми?
— Хўш энди нима қилиш керак – югуриб, ўзини чўққидан ташласинми? «Рома»нинг ўзи Элдорни танлади-ку, клубдан ҳеч ким уни сотиб олишга мажбурлагани йўқ. Ахир, кимни футболчи учун қарийб 20 миллион сарфлашга мажбурлаш мумкин?
— Шомуродовнинг ўзи айтайлик, Абраҳам билан рақобат қилишга тайёр эканига ишонч ҳосил қилдими?
— Моуриньонинг тил муаммосидан кейинги иккинчи эътирози айнан шу масалада эди. Мураббий Элдордан ўзини ҳақиқий бўри, гўштхўр, йиртқичдек ҳис қилишини истамоқда. Ундаги юмшоқлик, туғма камтарлик, андишали экани майдонда панд бераяпти. Осиёлик футболчиларда ижобий жиҳатлар кўп – интизомли, юқори техникага эга, оддийлик. Таққослаш учун, Жанубий Америкадан келган футболчилар янги клубга ўтишдан олдин ҳар бир тийингача тортишса, ўзбеклар умуман бошқача. Улар энг аввало ишни нимадандир бошлаш керак дейишади. Аммо майдонда ўзингдан катта, номдор бўлганга ҳаддан ташқари ҳурмат кўрсатиш ҳам аслида камчиликдир.
— Бу борада Элдорда ўзгариш сезилдими?
— Секин-аста ўзгаряпмиз. У бу масалада ўсди. Яқинда Камерунга қарши ўртоқлик баҳсида у Эркиновга ажойиб голли узатма берди. Ҳожимат эса бўш дарвозага тўпни йўллаши қолганди. Ўйиндан кейин Элдорга «Ўша вазиятда ўзинг ҳам гол уришинг мумкин эди» десам, у «Биласанми, 27 ёшда айнан голли узатмалардан завқланаяпман», деди.
Эсласангиз, Евро-2008дан кейин Жирков, Павлюченко, Аршавин Англияга йўл олган, аммо инглиз тилини деярли ўрганишмаганди. Доим хўмрайган, жиддий, камгап кўринишарди. Ўзбеклар эса бу борада анча очиқкўнгил. Қолаверса, Шомуродовга Римда, Генуяда эътибор катта. Италияда у билан кўча айланаётганда ҳар 200 метрда одамлар уни таниб, суратга тушишни сўрашар, миннатдорчилик билдиришарди. Бу йигит майдонга 7-10 дақиқа тўп суришига қарамай, мухлисларнинг унга муносабати анча илиқ.
— Шомуродов фаолиятининг ўсиш режалари қандай?
— Албатта, биз «Рома»нинг либоси даражаси билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Шу қишдаёқ барчасини тарозига қўямиз. Агар қандайдир олдинга силжиш бўлмаса, бир тўхтамга келамиз. У ҳали 27 ёшда, Европада ўйнашни истамоқда. Кейинчалик эса Осиёнинг кучли клубларидан бирида тўп суриш ниятини яшираётгани йўқ. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди