Фото: Getty Images
Бразилия миллий жамоаси ва «ПСЖ» ҳужумчиси Неймар 2013 йилда қадрдон «Сантос» клубидан «Барселона»га ўтишда молиявий фирибгарлик схемасида иштирок этган. Энди уни Барселона шаҳри судида кутишмоқда. У жаҳон чемпионатини ўтказиб юбориши мумкинми?
Жаҳон чемпионатига бир ой қолганда унинг суперюлдузларидан бири коррупцияда айбланиб, суд маҳкамасига тортилади. 17 октябр куни Барселона шаҳрида Неймарнинг «Сантос»дан «Барселона»га шов-шувли трансфери атрофидаги можаро билан боғлиқ якуний суд жараёни бошланади.
DIS футбол сармоя фонди ва Бразилия профессионал спортчилар уюшмаси (FAAP) Неймар учун 5 йиллик қамоқ жазоси, худди шу муддатга дисквалификация ва 149 млн евро миқдорида жарима сўрамоқда.
Испания прокуратураси футболчи учун 2 йиллик қамоқ ва 10 млн евро жарима, шунингдек, онаси учун 1 йиллик, отаси учун 2 йиллик қамоқ жазосини талаб қилмоқда (DIS ҳар бирига 5 йил сўраган).
Айбланувчилар рўйхатида «Барса»нинг собиқ хўжайинлари ҳам бор – Сандро Росел ва Жозеп Бартомеу (ўша пайтда «Барса» клуби президенти ва вице-президенти) учун DIS 5 йиллик қамоқ, 7 йиллик дисквалификация ва 195 млн евро миқдорида жарима сўралган.
Испания прокурорлари сал «раҳмдилроқ», улар фақат Роселни «коррупция ва фирибгарлик»да айблаб, 5 йиллик қамоқ ва 10 млн евро жарима сўрашяпти. Шунингдек, «Сантос»нинг собиқ президенти Одилио Родригес учун ҳам 3 йиллик қамоқни талаб қилишмоқда.
«Сантос» ва «Барселона» клубларига фирибгарликда иштирок этгани учун 7 ва 8,4 млн евро миқдорида жарима, шунингдек, DIS фойдасига 3,2 млн евро товон тўлаши хавф солмоқда.
Неймарнинг трансфери қандай амалга оширилганди?
Неймар 2013 йилнинг май ойида 57 млн евро эвазига «Сантос»дан «Барселона»га ўтганди. Ҳар ҳолда Каталония клуби айнан шу рақамларни эълон қилган.
Асосий масала – бу пулларнинг манфаатдор томонлар ўртасида тақсимланиши.
Гап шундаки, 2009 йилда Неймар трансфер ҳуқуқининг 40 фоизи Бразилиянинг DIS инвестиция жамғармасига (ака-ука Делсир ва Иди Сонда томонидан асос солинган) сотилган.
2011 йилда Неймар «Сантос» билан 2014 йил ёзигача мўлжалланган янги шартномани имзолайди (аввалги шартномага нисбатан муддати 1 йилга қисқартирилади). Унинг товон пули 65 млн евро қилиб белгиланди. Бироқ, унга бошқа клублар билан музокара олиб боришга рухсат берилади.
Шу заҳоти «Барселона» пайдо бўлади ва Сандро Росел ёш юлдузни 2014 йилда эркин агент сифатида қўлга киритиш учун унинг оиласига 40 млн евро бонус беради. Агар Неймар 2014 йилда «Барселона»га ўтмаса, 40 млн еврони қайтариш керак эди. Футболчига 36 млн евро эвазига 5 йиллик шартнома ваъда қилинади.
Аммо «Барселона» уни эркин агент мақомида қўлга кирита олмайди. 2013 йилда Неймарнинг шартномасидаги 65 млн евро миқдоридаги товон пулини тўлашга тайёр бошқа клуб пайдо бўлади. Натижада, у «Барселона»га ўтмай қолиши мумкин эди. Росел ва Бартомеу шошилинч ҳаракат қилишига тўғри келади.
Улар Неймарга юқорироқ маош (беш йилга деярли 46 млн евро) ва шартнома имзолаш учун қўшимча 8,5 млн евро бонусни таклиф қилишади. «Сантос» эса 17 млн евро оладиган бўлади.
Айнан шу шартлар билан 2013 йил май ойида трансфер амалга оширилди. «Барселона» раҳбарияти Неймар трансфери учун 57 млн евро (Неймарнинг оиласига 40 млн + «Сантос»га 17 млн) тўланганини эълон қилди (аммо футболчининг оиласи 40 млн олгани ошкор этилмади).
Ҳаммаси тушунарли, лекин муаммо нимада?
DIS инвестиция жамғармаси ҳуқуқшуноси Пауло Насер Барселонада махсус матбуот анжумани ташкил этиб, даъво ва эътирозларини баён қилди.
• Бразилиялик футболчининг «Барселона»га трансфери аслида 82 млн еврога тенг бўлган, бироқ фақат «Сантос»га берилган 17 млн евро расмий трансфер сифатида қайд этилган;
• Футболчининг оиласи жами 60 млн евродан ортиқ маблағ олган;
• DIS футболчига бўлган ҳуқуқларнинг 40 фоизи учун атиги 6,8 млн олган;
• «Барселона» ва Неймар пулни тежаш, DIS ва «Сантос»га 65 млн евролик товон пулини тўламаслик учун ўзаро 40 млн евролик келишувни имзолаган;
• «Сантос» айтилганидан кўпроқ пул олган: «Барселона»га қарши ўртоқлик ўйинини ўтказиш орқали (4,5 млн евро), иккита «футбол соҳасидаги ҳамкорлик» келишуви бўйича 8,9 млн евро ва уч нафар футболчи билан шартнома имзолашдаги устунлик учун 7,9 млн евро (бу устунликдан ҳеч қачон фойдаланилмаган).
Хулоса қилинадиган бўлса, DIS 17 млн евронинг 40 фоизига эмас, ундан кўпроқ маблағдаги улушга даъво қилмоқда – «Сантос» томонидан турли йўллар билан олинган камида 38 млн евродаги.
«Неймар ота-онасининг розилиги, «Барселона» ва «Сантос» раҳбарларининг ҳийласи билан ака-ука Сонда томонидан билдирилган ишончга хиёнат қилди», деб хулоса қилди адвокат.
Прокуратура эҳтирослардан холи жумлалар билан изоҳ берди: битимни амалга ошириш жараёнида Жиноят кодексининг коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ бир неча моддалари бузилган. Трансфернинг ҳақиқий қийматини яшириш мақсадида, томонлар бир нечта турдаги шартномалар орқали ҳийла ишлатиш схемасини ўйлаб топишган.
Энди Неймар қамаладими?
Футболчининг оиласи манфаатларини ҳимоя қилувчи Американинг Baker McKenzie юридик агентлиги адвокатлари сўзларига кўра, Испания суди Неймар ва унинг оиласини жиноий жавобгарликка тортиш ваколатига эга эмас. Чунки ҳаракатлар Испания ҳудудидан ташқарида, Бразилия фуқаролари томонидан содир этилган. Бундан ташқари, тахмин қилинаётган жиноятлар Бразилияда жазоланмайди.
Барселона суди «ПСЖ» футболчисига суд маҳкамасида шахсан иштирок этиш талабини қўйган. Аммо ундан икки ҳафтага чўзилиши мумкин бўлган маҳкаманинг барчасида қатнашиш сўраладими ёки йўқми, номаълум.
Европа судлари томонидан кўриб чиқиладиган ишларда башорат қилиш жуда қийин. Аммо DIS Неймарни қамоққа олинишидан кўра кўпроқ пул ундиришдан манфаатдор. Демак, у катта эҳтимол билан озодликда қолади ва жаҳон чемпионатида ўйнайди.
Агар воқеалар ривожи салбий тус олса, футболчининг оиласи фақат катта молиявий йўқотишларга дуч келиши мумкин, аммо қолган айбланувчиларга нисбатан бундай дейиш қийин. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди