10:30 / 02.11.2022
1 092

"Қандай ўйин кўрсатишимизни 3 ноябрда кўрасизлар". "Локо" дарвозабони нималарни айтди?

"Қандай ўйин кўрсатишимизни 3 ноябрда кўрасизлар". "Локо" дарвозабони нималарни айтди?
Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси қийин вазиятга тушиб қолган. Чемпионат тугашига учта тур қолганида “Темирйўлчилар” Суперлигин тарк этиш хавфи остида турибди. Клуб кўплаб ўйинларда рақибларига очколарни улашиб юборди Оқибатда ўзи мана шундай оғир аҳволда қолди.

Энди қолган учта баҳсда максимал очко тўплаши керак. 3 ноябрь куни “Локо” ўз майдонида чемпионлик учун курашаётган “Навбаҳор”ни қабул қилади. Жамоанинг асосий дарвозбони Абдумавлон Абдужалилов бўлажак муҳим учрашув олдидан интервью учун вақт ажратди.

“Финалдаги натижа ўйинга мос бўлди”

- Кубок финалини бошидан охиригача кўрдим. Фикримча, биринчи бўлимда “Насаф” кучлироқ ўйнади. Иккинчи бўлимда “Навбаҳор” кўпроқ ташаббусни қўлига олди. Шундан келиб чиқиб асосий вақтда 1:1 бўлди. Қўшимча вақтда асосан битта голгача ўйин бўлди. Умумий ўйинни оладиган бўлсак, беллашувдан аввал “Насаф” жамоасининг ғалабасини ўйлагандим. Сабаби, улар бу йил жуда зўр ўйин кўрсатишяпти. Ҳақиқатан чиройли футбол ўйнашяпти. Менимча, финалдаги натижани ўйинга мос бўлди, деб ўйлайман.

“Бу биз учун ҳам, “Навбаҳор” учун ҳам муҳим”

- Тўғри, “Навбаҳор” бор кучини чемпионатга қаратади. Навбатдаги тўқнашув биз учун ҳам, “Навбаҳор” учун ҳам жуда муҳим. Қизиқарли учрашув бўлади, деб ўйлайман. Кубок финали 30 октябрда ўтказилган бўлса, 3 ноябргача “Навбаҳор” футболчилари тўлиқ тикланиб олса керак. Биз ҳам бор кучимизни бериб ўйнаймиз. “Навбаҳор”ни кучли рақиб эканини ва бизнинг ҳозирги вазиятимизни ҳисобга олсак, жуда шиддатли баҳс бўлади.

“Мураббийлар томонидан режа тузиб чиқилди”

- Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, бу йил “Локомотив” билан “Навбаҳор” икки хил йўналишда туришибди. Турнир жадвалидаги вазият ҳам икки хил. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш керакки, “Локомотив” бошқа футбол, “Навбаҳор” эса бошқа футбол ўйнайди. Яъни, уларни услуби бошқача. Қанақа ўйин кўрсатишимизни 3 ноябрда кўрасизлар. Ўйиндан олдин бу ҳақида гапириш жоиз эмас. “Навбаҳор”га қарши тайёргарлик кўряпмиз, рақибнинг ўйинларини кузатяпмиз. Шунга яраша мураббийлар томонидан режа тузиб чиқилди. Бизни ишимиз ўша режани амалга ошириш.

“Жамоани Суперлигада олиб қолиш учун ҳаракат қиламиз”

- Бугунги кунга келиб шунақа вазият бўлдики, мураббийлар ўзгартирилди. Биринчи навбатда бу ижобий томонга ўзгаришини мақсад қилиб амалга оширилган иш. Ишлаб кетган мураббийлар ҳақида гапириш тўғри эмас. Бошида Коростиченко ишлади, кейин Жепаров. Ким келган бўлса ҳам жамоага ёрдам бермоқчи бўлди. Жепаров ҳам қўлидан келганича ҳаракат қилди. Қаердадир омад келмади, қаердадир ўхшамади. Бу – футбол. Ҳеч ким ҳеч кимдан хафа бўлмади. Йигитлар қўлларидан келганича ўйнашяпти. Вазият шунақаки, албатта кайфият биринчи ўринда.

Шунақа кайфиятга тушиб қолганидан кейин ундан чиқиб кетиш қийин бўлади. Жамоани Суперлигада олиб қолиш учун ҳаракат қиляпмиз. Мураббийлар бекордан-бекорга ўзгартирилмайди. Жамоа ўйини ўхшамаяптими, мураббийни янгилаб, янги қон, кайфиятни ўзгартиришга ҳаракат қилинади. Бу ўзгаришлар самарасини беради, деган умиддамиз. “Пахтакор” билан иккинчи бўлимда ёмон ўйнамадик. Бизга имкониятлардан фойдаланишда омад етишмади. Ҳимояда хатосиз ўйнаш ҳам етишмади.

“Навбаҳор”даги асосий футболчи – бу Жамшид Искандеров”

- “Навбаҳор”да энг асосий футболчи – бу Жамшид Искандеров. У бошқа даражадаги ўйинчи. Суперлигадаги ўйинчиларнинг аксариятидан фарқ қилади. Унда креативлик кучли. Қисқа қилиб айтганда, “Навбаҳор”да Искандеров энг хавфли футболчи. Унинг паслари, зарбалари, стандартлардан тўп узатишлари ажойиб. Ҳужумда бўйи баланд ҳужумчилари бор ва шуларни ҳам ҳисобга олиш керак.

“Локомотив” ҳеч қачон таслим бўлмайди”

- Ҳамма жамоага қарши ўйнаса бўлади. Буни бошқа жамоалар наманганликлардан очко олиш ва уларни ютиш мумкинлигини ҳам кўрсатишди. Ўша куни айнан қайси жамоа кучли бўлса, ўша клуб ғалаба қозонади. Ўйлайманки, қолган учрашувларни ютиб, вазиятдан чиқиб кетишимиз реал имконият деб ҳисоблайман. Бунга ишонмаганимизда аллақачон барчамиз қўлни тушириб ўйнамай қўйган бўлардик. Лекин ҳозир ҳамма ҳаракат қиляпти. Ўзингиз айтганингиздек, “Локомотив” ҳеч қачон таслим бўлмайди. Охиригача курашамиз. Қолган рақиблар билан ҳам ўйнаса бўлади. Масалан, “Сўғдиёна” ҳозир олдингидек ҳолатида эмас. Ўзимизда “Металлург” билан ҳам бемалол курашамиз. Бу ҳали охири дегани эмас. Қийин вазиятда жамоани олиб чиқиб кетиш ўз қўлимизда.

“Локо”да молиявий муаммолар йўқ”

- Агар жамоамизда муаммо нимадалигини билганимизда, буни аллақачон ўзгартириб, ижобий натижага эришган бўлардик. Лекин “Локомотив”да ҳозирга келиб молиявий муаммолар йўқ. Фикримча, жамоамизнинг бу жойга етиб келиши битта сабаб билан боғлиқ эмас. Ҳозирги турган жойимиз бир неча марта қилинган нотўғри ишлар орқали бўлган. Айтганимдек, айнан нима нотўғри бўлганини билганимизда буни тўғрилаб, ижобий натижага эришиб, турнир жадвалида ҳозирги ўринда бўлмасдик. Кимнидир айблаш ноўрин. Ҳамма қўлидан келганини қиляпти. Буни сабабларини билиш учун вақт кетса керак. Барибир чемпионат тугаганидан кейин таҳлил қилинади. Худо хоҳласа, “Локомотив”ни Суперлигада сақлаб қолиб, яхши кайфиятда таҳлил қилсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Шуҳратбек Жўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Қандай ўйин кўрсатишимизни 3 ноябрда кўрасизлар". "Локо" дарвозабони нималарни айтди?