Чемпионат тугашига икки тур қолганида Жиззах тарафлардан хабар келди: Улуғбек Бақоев “Сўғдиёна”ни тарк этди! Бу бир зумда кўпчиликнинг қулоғига етиб борди. Бу ҳақиқатмиди ёки шунчаки гап-сўзмиди, дея шубҳаланаётганлар ҳам бисёр эди. Шуни айта оламизки, Бақоевнинг клубдан кетгани рост.
Вазият қандай эди? Улуғбек Истамович нима сабабдан чемпионат тугамасиданоқ “Сўғдиёна”дан кетиб қолди? Ростини айтадиган бўлсак, унинг кетишини балки бошқалар у қадар кутилмаган янгилик сифатида қабул қилмаган бўлса ҳам керак. Нега дейсизми? Бақоевнинг Жиззахдан кетиши ҳақидаги гап-сўзлар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолгани йўқ. Охирги бир-икки йилдан буён мутахассисни бошқа жамоалар билан “унаштираётгандилар”. Шу сабабли қачондир мураббий ўзи учун қадрдон жамоага айланиб қолган “Сўғдиёна” билан хайрлашиши кутилганди. Фарқи шунда бўлдики, унинг чемпионат якун топишига 2 тур қолганида жиззахликлар билан хайрлашгани бўлди. У Суперлига тугашини кутиб ҳам ўтирмади. Лекин бир неча бор берган интервьюларида шу мавсум охирида клуб билан тузган шартномаси якунига етиши ҳақида гапирганди.
Бақоев нега барвақт кетди? Гапнинг очиғи, жорий йилда “Сўғдиёна” учта фронтда қатнашиб, бироз толиқиб қолгани энди-энди сезилиб қолмоқда. ОФК Кубоги ҳамда Ўзбекистон Кубоги ярим финалларида фақатгина пенальтилар сериясида рақибларига ютқазиб қўйгани жамоа учун оғир руҳий зарба бўлди. Айнан шу омил якунда Бақоевнинг истеъфосини тезлаштирди, десак муболаға бўлмаса керак. Агар жиззахликлар қайсидир мусобақадан бирида финалга чиққанида ҳозир унинг истеъфоси ҳақида ёзиб ўтирмаган бўлардик.
Мураббийнинг ўзига ҳам ҳал қилувчи учрашувлардаги мағлубиятлар оғир ботди. Кўрган бўлсангиз, шундан кейин жиззахликлар тушкун кайфиятга тушиб қолишди. Бу ҳолат уларнинг чемпионат доирасидаги ўйинларида ҳам билиниб қолди. ОФК Кубоги ва Ўзбекистон Кубогида мақсади жиддий бўлдию, аммо финалгача бор олмади. Ҳолбуки, Суперлигада ҳам аниқ вазифаси бор эди. Бироқ учта фронтда бирдек барқарорликни таъминлаш осон иш эмас. Оқибатда чемпионатда ҳам совринли ўринлардан маҳрум бўлди.
Тан олиш керак, 2019 йилдан “Сўғдиёна” бошқарувига келган мураббий ўтган вақт давомида жамоани оёққа турғазди ва рақобатбардош клубга айлантирди. Бу натижаларда ҳам кўзга ташланди. Айниқса, ўтган мавсумда Суперлигада фахрли 2-ўринни қўлга киритгани фикримизга яққол исбот бўла олади. “Сўғдиёна” энди олдинги “Сўғдиёна” эмас. Бақоев бошчилигида клуб катта ўсишга эришди. Айниқса, натижа учун қандай ўйнашни унинг жамоаси сув қилиб ичиб юборган, дейишимиз ҳам мумкин.
Энди унинг ўрнини эгаллайдиган мураббий ким бўлиши ўқувчиларни қизиқтиради. Ҳозирча Ёрқин Назаров вақтинчалик бош мураббий лавозимини эгаллади. Куни кеча ўзи билан бу масалада гаплашдик. Назаров “Локомотив”га қарши учрашувдан кейин суҳбатлашишини айтди, бизнингча бу натижага қараб бўлса керак!
Ёрқин Назаров бунга қадар “Сурхон” клубида техник директор лавозимида ишлаб келаётганди. Суперлигада охирги бор “Андижон” жамоасига бош мураббийлик қилган. Ўзидан ёмон таассурот қолдирмаган. Назаровнинг “Сўғдиёна”да иккита ўйиндан кейин яна бўшайдими ёки ишини давом эттирадими, буниси ҳозирча мавҳум. Бироқ жиззахликлар олдида бош мураббий лавозими учун қатор номзодлар бор. Айниқса, “Қизилқум”нинг сербиялик устози Никола Лазаревичга ҳам жиддий қизиқиш бўляпти. Яна хорижлик мутахассислар варианти ҳам йўқ эмас.
Хуллас, “Сўғдиёна”да яна жиддий ўзгариш бўладигандек. Ҳар қалай Бақоевнинг ўйин услубига мослашган клуб келаси йилдан бошқа мураббий қўл остида бошқача ўйин услубига ўтса ажаб эмас. Жиззахликларнинг ўзгариши қайси йўлга кетишини вақт кўрсатади. Фақат бир нарсани айтиш мумкин, Улуғбек Бақоев “Сўғдиёна”да маррани баландга олиб чиқиб қўйди. Уни энди пастга тушириб юбормаслик керак.
Бақоевнинг янги иш жойига қизиқаётганларга эса шуни айта оламизки, унга "совчи"лар бор. Ўтган йили Қозоғистонга чақиришди, аммо бормади. Энди эса у эркин қушга айланди. Исталган чорловни кўриб чиқиши ҳамда қабул қилиши мумкин. Балки аллақачон бир клуб билан келишиб бўлганми? Бўлиши мумкин!
Шуҳратбек Жўраев
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи