09:10 / 21.11.2022
1 030

Мундиал тақвими. А гуруҳи жамоалари ҳақида нималарни билишингиз керак?

Мундиал тақвими. А гуруҳи жамоалари ҳақида нималарни билишингиз керак?
Нидерландиялик мухлислар. Фото Global Look Press
Кеча, 20 ноябр куни Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати старт олди. Турнирнинг финал босқичига етиб келган жамоаларнинг имкониятларини баҳолаймиз.

A гуруҳи. Қатар, Эквадор, Сенегал, Нидерландия
В гуруҳи. Англия, Эрон, АҚШ, Уэльс
C гуруҳи. Аргентина, Саудияя Арабистони, Мексика, Польша
D гуруҳи. Франция, Австралия, Дания, Тунис
E гуруҳи. Испания, Коста-Рика, Германия, Япония
F гуруҳи. Бельгия, Канада, Марокаш, Хорватия
G гуруҳи. Бразилия, Сербия, Швейцария, Камерун
H гуруҳи. Португалия, Гана, Уругвай, Жанубий Корея.

A гуруҳи. Қатар, Эквадор, Сенегал, Нидерландия

A гуруҳи ўйинлари тақвими
20 ноябр

21.00 Қатар — Эквадор 0:2

21 ноябр
21.00 Сенегал — Нидерландия

25 ноябр
18.00 Қатар — Сенегал
21.00 Нидерландия — Эквадор

29 ноябр
20.00 Нидерландия — Қатар
20.00 Эквадор — Сенегал
Қатар
Мезбонлар жаҳон чемпионати дебютига пухта тайёргарлик кўришган — баҳордаёқ миллий жамоанинг барча аъзолари турнирга мақсадли тайёрланиш учун клубларидан чақириб олинган, шундай экан, қатарлик футболчиларда ўзаро тушуниб ўйнаш борасида муаммо бўлмаслиги аниқ. Аммо бунинг иккинчи томони ҳам бор: апрелдан буён бу футболчилар фақат ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишган. Бу ўйинлардаги натижалар ҳам яхши таассурот қолдирмайди: масалан, сентябр ойида Феликс Санчес жамоаси Хорватия олимпия жамоасига йирик ҳисобда ютқазди.

Қатар ҳукумати муносиб иштирок учун барча ишни қилди, аммо ярим йил ичида футболчиларнинг даражаси ўсиб қолмаган. Чунки даража олдиндан юқори эмасди. Қатар кимдандир очко олиши мумкин, аммо улар плей-оффга чиқа олмайди.

Эквадор
Эквадор саралаш турнирида кўпчиликни ҳайрон қилди: Перу, Колумбия, Чили ва Парагвай ортда қолдирилди. Миллий жамоанинг энг таниқли юзлари — Эннер Валенсия ва Первис Эступиньян, аммо аргентиналик мураббий Густаво Альфаро жаҳон миқёсидаги юлдуз футболчиларсиз ҳам жаҳон чемпионатига чиқишни уддалади. Тўғри, июнда ФИФА Эквадорни дисквалификация қилишига бир бахя қолганди — федерация терма жамоада қалбаки ҳужжатларга эга бўлган футболчини (Байрон Кастильо) ўйнатишда айбланди.

Ташқи муаммолар ҳисобга олинмаганда, жанубий америкаликларда барчаси яхши. Улар гуруҳда Сенегал билан рақобатлашади, аммо 1/8 финал — Эквадор учун энг яхши натижа бўлади.

Сенегал
Африканинг амалдаги чемпионларида турнир арафасида жиддий устунлик бор эди — Садио Мане. «Бавария» ҳужумчиси бу кузда кўплаб голлар урди ва ЖЧга юқори спорт формасида етиб келаётганди, аммо танаффус арафасида «Бавария»нинг сўнгги ўйинида жароҳат олди ва Қатарга келмайдиган бўлди. Сенегалнинг бахтига «Челси» дарвозабони Эдуар Менди жароҳатдан тузалиб, сафга қайтди.

Аммо Эквадор билан бўлгани каби, африкаликлар жамоаси ҳам ташқи зарбага дуч келди — ҳужумчи Кейта Бальде сентябр ойида антидопинг қоидаларини бузгани учун уч ойга дисквалифация қилинди ва жаҳон чемпионатини ўтказиб юборадиган бўлди.

Сенегал гуруҳдан чиқиш учун яхши имкониятга эга, аммо ундан уёғига давом этиши даргумон.

Нидерландия
«Апелсинранглар» жаҳон чемпионатига турнирнинг эмас, гуруҳ фаворити сифатида қайтишмоқда. Мемфис Депай, Френки де Йонг, Виржийл ван Дейк ва жамоанинг бошқа юлдузлари фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказмаяпти. Нидерландларда форвард ва дарвозабон амплуасида жиддий муаммолар бор: мунтазам гол урадиган ҳужумчи шунчаки йўқ, жамоанинг сўнгги ўйинларида дарвозани 39 ёшли Ремко Пасвер қўриқлади.

Луи ван Гаал учун бу терма жамоа бошқарувидаги сўнгги йирик турнир — жаҳон чемпионатидан кейин у ўрнини Роналд Куманга бўшатиб беради. Жамоа ван Гаал бошқарувидаги сўнгги турнирда ҳайрон қолдирганди — ЖЧ-2014да учинчи ўринни эгаллаганди. Ҳозирда жамоада чоракфинал учун яхши имконият бор, аммо кучли тўртликка кириш сюрприз сифатида кўрилади.

Қатар, Эквадор, Сенегал, Нидерландия

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мундиал тақвими. А гуруҳи жамоалари ҳақида нималарни билишингиз керак?