09:57 / 24.11.2022
1 153

Вадим Абрамов: "Саудияга ютқазганимизда менга билим етишмаганди, Аргентина мураббийига ҳам шу нарса етишмади"

Вадим Абрамов: "Саудияга ютқазганимизда менга билим етишмаганди, Аргентина мураббийига ҳам шу нарса етишмади"
Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида Осиё етакчиларининг сенсацион натижалари ҳамманинг эътиборида. Саудия Арабистони Аргентинага қарши илк учрашувда 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, барчани лол қолдирди.

Маълумки, саудияликлар мундиал йўлида иккинчи саралаш босқичида терма жамоамиз билан бир гуруҳдан жой олиб, ҳар иккала учрашувда ҳам вакилларимизни мағлуб этганди. Ўшанда терма жамоамизга Вадим Абрамов бош мураббийлик қилганини яхши биласиз. Бу йил Вадим Карленович Самарқанднинг “Динамо” клуби билан чемпионатни тугатди, афсуски, унинг жамоаси Суперлигани тарк этди. Абрамов Sports.uz журналистининг мундиал ва клуби ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.

- Вадим Карленович, бироз вақтингизни олмоқчиман. Хабарингиз бор, айни пайтда Қатарда жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Куни кеча мундиалнинг сенсацион натижаси қайд этилиб, Саудия Арабистони кимсан Аргентинани 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Маълумки, саудияликлар ўз вақтида бизга ушбу жаҳон чемпионати саралаши йўлида катта муаммолар туғдиришганди. Айтинг-чи, уларнинг натижаси сиз учун ҳам сенсация бўлдими?

- Сизни тушундим. Ўйлайманки, айни чоғда Саудия Арабистони Осиёдаги энг кучли терма жамоалардан бири бўлиб турибди. Саудия билан бир гуруҳда ўйнаганимизда уларга ютқазгандик. Ўшанда мен бу шунчаки тасодиф бўлмаган деб фикр билдиргандим. Дарҳақиқат, айни пайтда саудияликлар қитъадаги энг кучли жамоага эга бўлиб туришибди. Уларда яхши, қобилиятли ва футбол ўйнаш учун энг муносиб ёшда бўлган ижрочилар жамланишган. Саудия Арабистонида жамоа сардори ва аргентиналиклар дарвозасига гол урган ҳужумчи катта роль ўйнайдилар. Ҳозирда мазкур терманинг ҳар бир чизиғида маҳоратли, етакчи футболчилар бор. Бир сўз билан айтганда, ушбу терма жамоа муносиб ижрочилардан таркиб топган. Албатта, кечаги натижа ўз номи билан сенсация. Бироқ юқоридаги фикрларимдан келиб чиқиб, буни кутилмаган натижа бўлди, дея олмасам ҳам керак. Қўшимчасига улар ЖЧда чиндан ҳам яхши жамоани шакллантира олганларини исботлаб беришди.

- Саудия Арабистони биз билан ўйнаганини ҳамма билади. Айтинг-чи, ўша жамоа билан мундиалдаги жамоа ўртасида катта фарқ борми?
- Бу борада изоҳ беришим қийинроқ. Уларга имкониятни бой берганимизда менга бироз билим етишмаганди. Бинобарин, Аргентина терма жамоаси бош мураббийига ҳам саудияликларни таслим этиш масаласида билим етишмай қолди. Футболда гоҳида шундай ҳам бўлиб туради. Ўйинга ҳар томонлама яхши тайёргарлик кўрасану, муҳим паллада билим ва тажрибанг етишмайди ёки нимадир ўхшамасдан қолади.

- Сизнингча, илк ўйиндаги ғалабадан кейин Саудия Арабистони ўз гуруҳидан плей-оффга чиқа олиши мумкинми?
- Албатта, уларга навбатдаги учрашувларда ҳам осон бўлмайди. Лекин мана шундай жарангдор муваффақиятдан кейин уларнинг ўз гуруҳида қолиб кетишлари мумкинлигига энди кўпчилик ишонмаса ҳам керак. Бир маълумотга кўзим тушди: Аргентина таслим этилгач, Саудияда ўзига хос футбол байрами бошланиб кетган. Қўшимчасига ўйинчиларга яхшигина мукофот пуллари ҳам берилган. Табиийки, шундан кейин улар янада ғайрат ва шижоат билан ўйнашда давом этадилар. Ахир энди 1-тур баҳслари ортда қолди холос. Мен ўқиган ўша маълумотдан сўнг улар ЖЧ учун ўз олдиларига қўйилган вазифани бажариб бўлишди, деган фикр ҳаёлимдан ҳам ўтди. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Бундай маҳалда менталитет ҳам муҳим аҳамият касб этмасдан қолмайди.

- Навбатдаги саволим ЖЧ мезбони Қатар билан боғлиқ. Масалан, биз қатарликларни доим, ҳатто Дохада ҳам ютиб келганмиз. Мусобақа мезбонлари Эквадорга қарши очилиш ўйинини барбод қилишди. Улар майдонда жуда суст ҳаракатланишди. Боз устига Қатарга қадар жаҳон чемпионатлари тарихида бирор марта ҳам турнир мезбони очилиш ўйинини бой бермасдан келган! Уларнинг илк ўйини ҳақида нима дейсиз?

- Бир учрашувдан хулоса чиқариш қийин иш. Ҳарқалай бу очилиш ўйини. Бундай маҳалда мезбонлар катта босим остида қолишади. Қолаверса, Жанубий Америка вакили саналадиган Эквадорни кучсиз рақиб деб бўлмайди. Ёдингизда бўлса, Қатар бизга ютқазиб қўйганидан кейин қитъа биринчилигида яна юришини давом эттирган. Яна такрорлайман: бу илк ўйин. Навбатдаги икки ўйин қатарликларнинг қанчалик кучсиз ёки рақибларига муносиб қаршилик кўрсата олишларини намойиш этиб беради. Боз устига терма таркибида “Ал-Садд” вакиллари талайгина. Улар аллақачон бир-бирларини майдонда сўзсиз тушунадиган даражага етганлар. Ўйлайманки, навбатдаги баҳсларда мезбонлар мухлислари қаршисида яна уялиб қолмасликка ҳаракат қилишади.

- Бевосита ўзингизни “Динамо” клубидаги ишларингиз ҳақида сўрамоқчиман. Жамоадаги келажагингиз нима бўлди? Бундан кейин ҳам Самарқандда ишлашда давом этасизми ёки шартнома узайтирилмайдими?
- Гарчи қуйи лигага тушиб кетган бўлсак-да, агар раҳбарият мен билан ҳамкорлик қилишни истаса, жамоадаги фаолиятимни давом эттиришга тайёрман. Мураббийлар штабидаги ҳамкасбларим билан Самарқанддек шаҳар шаънини муносиб ҳимоя эта оладиган клубни шакллантиришга астойдил ҳаракат қиламиз.

- Демак, Про лигада ҳам қолиб ишлашга тайёрсиз, шундайми?
- Кўрамиз. Боя юқорида қуйи лигада ҳам ишлашга қарши эмасман деб бежиз айтганим йўқ. Бу мен учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

- У ҳолда клуб билан боғлиқ қандайдир режаларингиз борми?
- Режани чемпионат бошланишига бир-икки ой қолганида тузамиз. Янги мавсум эса келаси йили мартда старт олади. Бизда чемпионат баҳслари бошланиши бироз ғалати. Аввалига аниқ саналарини ҳам билмасдан қоламиз. Қисқаси, режани мавсум арафасида тузиш мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳозир бу ҳақида гапириш ноўрин.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вадим Абрамов: "Саудияга ютқазганимизда менга билим етишмаганди, Аргентина мураббийига ҳам шу нарса етишмади"