11:36 / 24.11.2022
3 147

Футболчимиз керак бўлса, Шомуродовга алмашамиз!

Футболчимиз керак бўлса, Шомуродовга алмашамиз!
Қатарда жаҳон чемпионати давом этаётган паллада Европа лигаларидаги жамоалар қишки трансферлар ойнасига тайёргарлик кўрмоқда.
Ўзбекистонлик футбол мухлислари эътиборида турган “Рома”да ҳам жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Жозе Моуриньо таркибни ўзи истаган ҳолатга келтириш учун спорт директори Тьягу Пинто билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Португалиялик мутахассислар олинадиган футболчилар рўйхатига “Торино” етакчиси ва сардори Саша Лукични қишки трансферлар даврида асосий нишон қилиб белгилади.

Calciomercato.com нашрининг хабарига кўра, римликлар айни пайтда Сербия терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида иштирок этаётган ярим ҳимоячини олиш учун туринликлар билан келишишга уринмоқда.

“Торино” спорт директори Давиде Вагнати 26 ёшли футболчини 15 миллион еврога баҳоламоқда.

Италия матбуотининг ёзишича, римликлар ўзи кўзлаган футболчига етишиш учун келишувга ҳужумчи Элдор Шомуродов ёки ҳимоячи Мараш Кумбуллани қўшишни режалаштирмоқда.

Ҳозирдан айтиш мумкинки, албаниялик ҳимоячи Римдан Туринга кўчиб ўтишга рози бўлмайди. 22 ёшли футболчи келажагини “Рома”га боғлаган.

- Мараш Кумбулла трансфер ҳақидаги хабарларга эътибор қаратмаяпти. Унга “Рома” январда яна бир марказий ҳимоячи сотиб олиши ҳақидаги маълумотлар ҳам таъсир қилгани йўқ. “Бўрилар” ҳимоя чизиғидаги рақобат кучайиб бораётганига қарамай, албаниялик футболчи бош мураббий Жозе Моуриньо ишончини қозонига бел боғлаган, - деб ёзди Corriere dello Sport газетаси.

Жорий мавсумда тўрт марта майдонга тушиб, атиги 49 дақиқа ўйнаган Мараш Кумбулла шартномаси якунланадиган сана – 2025 йилнинг ярмигача пойтахт клубида тўп тепишни режа қилган.

Трансфер бўйича мутахассислар “Торино”га Элдор Шомуродов номзоди маъқул келаётганини таъкидлаяпти. Аслида бу клуб анчадан бери асосий ҳужумчиси вазифасини бажара оладиган ўйинчи сифатида ўзбек легионерини кўзлаб юрибди. Туринликлар ёзда ҳам Шомуродовга оғиз солганди.

“Торино” сафида ҳозир уч нафар ҳужумчи бор ва бу А Серияда энг кам кўрсаткич. Ана шу ҳужумчилардан фақат иккитаси умумий ҳисобда рақиблар дарвозасига учта тўп киритган. Бир сўз билан айтганда, “Торино” ёзда жамоани тарк этиб, “Рома” сафига қўшилган Андреа Белотти ўрнини босадиган ўйинчига муҳтож.

Элдор Шомуродовнинг ўзи ҳам “Рома” раҳбарияти, хусусан, Жозе Моуриньога агар унга мунтазам имкон берилса, самарали ўйнай олишини исботлаш учун маълум муддат ижарага тўп тепишга қарши эмаслиги ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

Қолаверса, куни кеча “Рома” бош мураббийга жуда ёқадиган ҳужумчи Ола Сольбаккенни ўз таркибига қўшиб олганини расман эълон қилди. Энди Моуриньо танлови тўғри эканини исботлаш учун асосий эътиборни норвегиялик ҳужумчига қаратади ва ундан асосий форвардлардан бири сифатида фойдаланади.

Бу вазият шундоқ ҳам мавсум бошидан бери ҳаммаси бўлиб икки соатдан кўпроқ ўйнаган Шомуродовнинг аҳволини янада оғирлаштиради.

Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидаги ўйинларда юқори спорт формасида эканини намойиш қилиб келяпти. Хусусан, 2022 йил давомида мамлакатимиз бош жамоасидаги ўнта учрашувда рақиблар дарвозасини 11 маротаба ишғол қилди.

Шунга қарамай, Жозе Моуриньо легионеримизни деярли ўйнатаётгани йўқ. Элдор янги мавсум ҳисобидан барча турнирларда саккиз марта майдонга тушиб, жами 151 дақиқа ўйнади ва битта гол урди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Футболчимиз керак бўлса, Шомуродовга алмашамиз!