12:12 / 28.11.2022
984

"Хизматимга қизиқишлар йўқ эмас, аммо..." - "Нефтчи" устозининг режаси қандай?

"Хизматимга қизиқишлар йўқ эмас, аммо..." - "Нефтчи" устозининг режаси қандай?
“Нефтчи”га бош мураббий этиб тайинланган Виталий Левченко ўтган вақт давомида ўзидан яхши таассурот қолдирди. У чиндан ҳам яхши савиядаги мутахассис эканини кўрсата олди. “Нефтчи”га мавсум ярмида келишига қарамасдан фарғоналикларга ишонч бахш эта олди.

Хорижлик мураббий келаси йилдан энди ўзи таркиб тузади ва бу ишни аллақачон бошлаб юборган. Негаки, Виталий Григорьевич ҳозир таътил бўлишига қарамай, Фарғонадан кетмаган ҳолда янги мавсум учун режалар тузиш ҳаракатида.

Бундан ташқари, Левченкони ўз жамоасида кўришни истаётган бошқа клублар ҳам бор. Қолганини Sports.uz мухбирига берган интервьюсида ўқишингиз мумкин.

- Виталий Григорьевич, мавсумдан кўнглингиз тўлдими ёки аксинчами?
- Ҳар томонлама олиб қараганда мавсум биз учун жуда оғир ўтди. Айниқса, биринчи даврада кўплаб очколарни олишимиз мумкин эди. Бироқ бундай бўлмади. Шунинг эвазига 13-ўринда қолиб кетдик. Иккинчи даврани бўлса анча кўтаринки руҳда ўтказдик. Энг муҳими, “Нефтчи”нинг Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолиш юзасидан қўйилган вазифани бажара олдик. Тўғри, вазифа уддаланди. Лекин олдинда қилинадиган ишларимиз жуда кўп. Гарчи янги мавсум бошланишига ҳали анча бор бўлса-да, ҳозирдан тайёргарлик режасини тузишимиз керак.

- Эшитишимча, бир қанча таклифлар олибсиз. Жумладан, Қозоғистон клублари хизматингизга қизиқиш билдирибди...
- Бу хусусида бир нарса дейишим амримаҳол. Ҳа, хизматимга таклифлар йўқ эмас. Аммо амалдаги клубим билан ҳамкорликни давом эттириш юзасидан музокаралар бошлаб юборилган. Шу боис мазкур масалада вилоят раҳбари билан гаплашишга ҳам улгурдим.

- Нуриллио Тўхтасинов “Нефтчи”нинг янги ўйинчиси-а?
- Ҳа, шундай.

- Уни клубга ким таклиф қилди? Сизми ёки бошқасими?
- Тўхтасиновни мен чақирганман. Ҳаммасини гаплашиб, келишдик ва шартнома имзоланди.

- Яна кўз остингизга олиб қўйган ўйинчилар борми?
- Мана шундай ўйинчилар йўқ эмас. Улар билан музокаралар олиб боряпмиз. Ҳали шартномалар имзоланмагани учун саволингизга батафсил жавоб бера олмайман.

- Эхсони Паншанбе сизнинг шорт-листингизда борми?
- Ҳа, бор. Лекин ҳаммаси биринчи навбатда бевосита унинг ўзига боғлиқ. Биз ўз таклифимизни билдирдик. Бунга розилик бериш ёки рад этиш энди уларнинг иши.

- Шартномаси тугаб “Нефтчи”дан кетган футболчилар ҳам мавжудми?
- Қуттибоев, Станоевич ва Конюховни қўйиб юбордик. Қолган футболчилар ҳозирча шу ерда, клубда.

- Янги мавсум учун клуб олдига қандай вазифа қўйилиши мумкин?
- Ҳозир бир нарса дейишим мушкул. Юқорида айтганимдек, ҳали олдинда қилинадиган ишлар жуда кўп. Агар таркибни кутилган даражада шакллантира оладиган бўлсак, табиийки, вазифа ҳам шунга монанд равишда қўйилиши тайин.

Шуҳратбек Жўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Хизматимга қизиқишлар йўқ эмас, аммо..." - "Нефтчи" устозининг режаси қандай?