1 471
Мессининг плей-оффлардаги илк голи, Португалиянинг Роналдусиз порлаши: ЖЧда 1/8 финал якунлари
Қатардаги жаҳон чемпионати плей-оффининг илк босқичи қандай воқеалар билан ёдда қолди?
Етти фаворит жамоа 1/8 финалдан ўтди, энг кучлилар саккизлигида — иккита топ-даражадаги жуфтлик ва бир сенсация бор.
Нидерландия — Аргентина
Нидерландлар АҚШни енгишди (3:1) ва яна ўйинни жуда рационал қуришди. Агар сиз нидерландларда одатий ёрқин ўйин кутган бўлсангиз, ван Гаал жамоасининг ўйини зерикарли кўриниши мумкин. «Апелсинранглилар»нинг бу версияси натижага бошқачароқ йўл билан, уюшқоқ ва самарали ўйин орқали эришмоқда. Уч турда уч гол урган Гакпо америкаликларга қарши ўйинда Депайнинг биринчи голи урилган комбинацияда иштирок этди. Ўйиннинг асосий юлдузи эса Думфрис бўлди: ўнг қанот ҳимоячиси икки голли пас узатди, у Депайдан ташқари Блиндга ҳам голли узатма берди ва иккинчи бўлимда ўзи ҳам гол урди.
Натижада шундай ҳазил ҳам пайдо бўлди: Дензел американликларни Вашингтонга жўнатди. Асосийси — ван Гаалда мақсад сари ҳаракатланиш учун керакли ижрочилар тўплами бор ва улар ҳамиша ҳам яққол юлдузлар эмас: Гакпо ва Думфрис, кичик Блинд ва дарвозабон Нопперт ва булар ҳаммаси эмас. Бу таркиб учун уч ярим йил кейин старт оладиган Шимолий Америкадаги мундиал асосий турнирга бўлади — АҚШ, Канада ва Мексика биргаликда қабул қиладиган ва 48 жамоа иштирок этиши кўзда тутилган ЖЧнинг формати ҳозирча маълум эмас.
Аргентина Австралияни енгди (2:1), шу билан бирга ўйин охирида мухлисларини ҳаяжонда ушлаб турди. Месси фаолиятидаги 1000-ўйинни ўтказди (терма жамоада — 169-ўйин) ва 789-голини урди (термада — 94-гол). Яна бир муҳим жиҳати: Лео жаҳон чемпионатлари плей-оффида илк бор гол уришга муваффақ бўлди. Месси аввалига турнирдаги ўйинлар сони бўйича Марадонани ортта қолдирганди (23/21), энди мундиалдаги голлар сони бўйича ҳам ундан ўзиб кетди (9/8) ва самарали ҳаракатлар (гол+пас) бўйича у билан тенглашиб олди (9+7 га қарши 8+8).
Аргентиналиклар иккинчи голни де Паулнинг прессинги, дарвозабон Райаннинг хатоси ва Альвареснинг зарбаси эвазига уришди. Америка Кубоги чемпионлари ўйинни йирик ҳисобдаги ғалаба билан якунлашга яқин эди, аммо Лаутаро Мартинес кўплаб имкониятларни йўққа чиқарди. Тўп Фернандесга тегиб, рикошет гол бўлгач, ўйин охирида кескинлик кузатилди. Дарвозабон Эмилиано Мартинес асосий вақт охирида жамоаси учун ғалабани сақлаб қолди, австралияликлар эса ўзидан яхши таассурот қолдирган ҳолда турнирни тарк этишди.
Нидерландия ва Аргентина ЖЧ-2014 яримфиналида ўзаро ўйнаган, ўшанда барчасини пенальтилар серияси ҳал қилганди. Энди ван Гаал реванш олмоқчи, аммо Месси ҳам узоқроққа боришга аҳд қилган.
Франция — Англия
Франция Полшани осонлик билан мағлуб этди (3:1) ва бу ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда йирик ғалабага эришиши ҳам мумкин эди. Жиру танаффус арафасида Мбаппенинг узатмасидан ҳисобни очди ва миллий жамоа сафида гол уриш бўйича (52 гол) Анрининг рекордини янгилади. Мбаппенинг ўзи эса иккинчи бўлимда дублни расмийлаштириб, 5 гол билан ЖЧ-2022 тўпурарлари рўйхатида пешқадам бўлиб олди, у иккинчи мундиалидаёқ жами голлари сонини 9 тага етказган (у бешта мундиалда иштирок этган Мессига тенглашиб, Роналдуни ортда қолдирди). Килиан — Дешам жамоасидаги асосий фигура, кўзга ташланмайдиган Жиру ва меҳнаткаш Гризманн ҳам терма жамоанинг бу версиясидаги муҳим шахслардан саналади.
Французларнинг яна бир етакчиси — Ллорис. Ушбу дарвозабон терма жамоа учун ўтказилган ўйинлар сони бўйича рекордчи бўлиб келган Тюрамга (142) етиб олди. 1998 йилги жаҳон чемпионининг ўғли Маркус эса қўшимча дақиқаларда полшаликлар дарвозасига урилган учинчи голга ҳаммуаллифлик қилди. Ллорис дарвозани қуруқ сақлашига қўшиб берилган дақиқалар сўнгида пеналтидан иккинчи уринишда гол урган ва бу голни нишонлаган Левандовски йўл қўймади.
Англия эса Сенегални йирик ҳисобда мағлуб этди (3:0) ва ЖЧ-2022 турнирида учинчи бор йирик ҳисобда ғалаба қайд этди. Саутгейт бу ўйинда Рэшфордни илк дақиқалардан туширмади, шунингдек уйига ўғри тушган ва Англияга қайтган Стерлингсиз ҳаракат қилди. Африка чемпионлари яна бир бор Манесиз ҳам муносиб ўйин ўтказишди ва йирик ҳисобдаги мағлубиятга лойиқ эмасди. Англияликлар бу ўйинда ҳам дастлаб хотиржамлик билан ҳаракат қилиб, кейин бирдан тезлик олишди ва кетма-кет голлар уришди: аввалига Кейн ва Беллингем Ҳендерсонни голли вазиятга чиқаришди, кейин сардорнинг ўзи турнирдаги илк голини урди. Марказий форвард ролидан вазиятлар яратувчига айланаётган Кейн барибир миллий жамоа сафидаги голлар сони бўйича Рунининг рекордига яқинлашмоқда (52 тага қарши 53).
Франция ва Англия чоракфиналда — мухлислар кутган яна бир топ-жуфтлик. Амалдаги жаҳон чемпионлари Европа вице-чемпионларига қарши: Қатарда бу жамоалар илк бор савия жиҳатдан ўзига тенг рақиб билан тўқнашади.
Хорватия — Бразилия
Хорватия пеналтилар сериясида Япониядан устун келди (1:1, 3:1) ва яна бир бор узоқ давом этган ўйинда чидаб беришини намойиш этди. Амалдаги жаҳон вице-чемпионлари тўрт ярим йил муқаддам плей-оффнинг уч ўйинида ҳам овертаймлар ўтказган ва финалда Франция билан ўйнаганди. Бошқа томондан — улар Евро-2016 ва Евро-2020 турнирларида Португалия ва Испанияга қарши овертаймларда ютқазишган.
Япония гуруҳда Германия ва Испания устидан қозонилган ёрқин ғалабалардан кейин яна бир кучли рақибни қарши ҳужумларда ушлашга ҳаракат қилди, Хорватия — улар таклиф этган сценарий бўйича ўйнашга мажбур бўлишди. Японлар биринчи бўлимда ҳисобни очишди, хорватлар иккинчи бўлимда Перишичнинг бош билан йўллаган зарбасидан ҳисобни тенглаштиришди. Модрич захирага олинганида унинг толиққан юзида жаҳон чемпионати билан хайрлашув эҳтимоли туфайли юзага келган ғамгинликни кўриш мумкин эди. Аммо хайрлашув камида бир ўйинга кечиктирилди. Далич жамоасида бу циклда янги, ёш тўлқин ўйнамоқда — ва бу таркиб қийналиб бўлса-да ғалабага эришди. Пенальтилар сериясида японлар зарбаларни жуда муваффақиятсиз ижро этишди ва тўрт уринишдан учтасида хато қилишди, дарвозабон Ливакович эса қаҳрамонга айланди.
Бразилия Кореяни осонлик билан тор-мор этди (4:1), биринчи бўлимдаёқ ҳисоб йириклашиб кетди. Пентакампеонлар кореяликлар сафидаги Кимлар ва уларнинг шерикларини жарима майдони ичида ҳар кўйга солишди ва голларни нишонлашда карнавал уюштиришди. Винисиус, жароҳатдан қайтган Неймар (пенальтидан), Ришарлисон ва Пакета гол уриб, рақс тушишди — ҳатто мураббий Тите ваъдасига вафо қилди ва учинчи голдан кейин «кабутар рақси»га қўшилди. Бу гол урилишида Ришарлисон боши билан жонглёрлик қилиб, чиройли комбинацияни аниқ зарба билан якунлаганди. Неймар жаҳон чемпионатларида еттинчи бор гол урди — ва энди у миллий жамоа сафидаги голлар сони бўйича Пеленинг рекордини такрорлаш арафасида (76 га қарши 77).
Бразилияликлар биринчи бўлимни жуда кучли ўтказишди ва иккинчи бўлимда ҳам рақибга ўйин беришмади, Дани Алвес «қайчи» услубида гол уришга уриниб кўрди. Ўйиндаги ғалаба Пелега бағишланди: афсонавий чемпион ватанида соғлигидаги муаммо туфайли шифохонага ётган ва шу ердан туриб жамоани қўллаб-қувватламоқда. Тарихда уч бор жаҳон чемпиони бўлган ягона футболчининг тасвири ўйин давомида трибуналарда кўтарилди, ўйиндан кейин эса жамоа футболчилари унинг баннерини намойиш этиб суратга тушишди.
Марокаш — Португалия
Марокаш пенальтилар сериясида устун келиб (0:0, 3:0) Испания тўсиғидан ўтди ва бу рақиб ЖЧ-2010 турниридаги олтин медаллардан кейин қаторасига учинчи мундиалда муваффақиятсизликка учрашини таъминлади. Испанлар 2014 йилда гуруҳдан чиқа олмаганди, энди эса қаторасига иккинчи бор 1/8 финалда турнирни тарк этишди. Тўрт ярим йил муқаддам жамоа турнир арафасида бош мураббийсиз қолган ва Россия билан ўйинда пеналтилар сериясида мағлубиятга учраганди. Луис Энрике жамоани қайтадан қурди ва у билан маълум циклни бошдан кечирди, каталонча футбол услубини асосий жамоа ўйинига татбиқ этди ва хайрия маблағлари йиғиш учун видеостримларда мухлислар билан тўхтовсиз мулоқот қилди. Мураббий Испания Хорватия ва Бразилия билан тўқнашувдан қочиш учун гуруҳда иккинчи ўринни танлаб, сеткани танлаганини рад этди. Энди бу мутлақо аҳамиятсиз.
Марокашликлар ўз гуруҳида хорватлар билан дуранг ўйнаган, Белгия ва Канадани мағлуб этганди, фақат учинчи турда гол ўтказиб юборилган (ва бу автогол эди). Испанлар билан ҳам шимолий африкаликлар ўзига ишонган ҳолда ўйнаб, кутилганидек тўпга эгалик қилган рақибга голли вазиятлар яратиш имконини бермади ва вақти-вақти билан Унаи Симон қўриқлаётган дарвозага хавф солиб туришди. Ўйинга қўшиб берилган бўлимларда аввалига марокашликлар гол уришга жуда яқин келди, аммо яқин масофадан берилган зарбани дарвозабон тўсди, сўнгги дақиқада эса Сарабиянинг зарбаси устунга тегди.
Кеча қаҳрамони Буну бўлди, Қатарда у билан аллақачон ноодатий тарих кузатилган - Белгия билан ўйин арафасида у ўзини ёмон ҳис қилиб, алмаштиришни сўраганди. «Севилья» дарвозабони пенальтилар сериясида Сарабия (яна устун), Солер ва Бускетсга гол уришга имкон бермади. Испания дарвозасига ҳал қилувчи зарбани Мадридда туғилган ва футболчилик фаолиятини «Реал»да бошлаган Ҳакими ижро этди, унинг паненка услубида йўллаган зарбаси Унаи Симонни доғда қолдирди.
Португалия Швейцарияга қарши ўйинда плей-оффнинг энг йирик ҳисобини қайд этди (6:1) ва бу ишни бошланғич таркибда Криштиану Роналду тушмаган ҳолда амалга оширди. ЖЧ-2022 арафасидаги қўшимча ярим йил 37 ёшли юлдуз учун осон кечмади, кузда «МЮ»даги можародан кейин энди миллий жамоа ўйинида ҳам захирада қолмоқда. Гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинидан кейин кўпчилик Роналдунинг алмаштирувдан норози бўлганини муҳокама қилди. Плей-офф стартида эса Фернанду Сантуш Криштиануни захирада қолдирди ва буни тактик зарурат билан изоҳлади.
Оқшомнинг биринчи рақамли юлдузи эса Гонсалу Рамуш бўлди. Форвард Гана ва Уругвайга қарши ўйинлар охирида сардорнинг ўрнига майдонга тушганди, энди эса Фелиш ва Бруну билан биргаликда стартдан жой олди. «Бенфика»нинг 21 ёшли футболчиси ҳисобни очди, бошқа хавфли ҳужумларда иштирок этди, Геррейрага голли пас берди ва якунда ҳет-трик расмийлаштирди. Яна бир гол — ЖЧ плей-оффларида гол урган энг кекса футболчига айланган Пепе ҳисобига ёзилди. 39 ёшли ҳимоячи Роналду Рамуш ўрнига майдонга тушганида унга сардорлик боғичини тақиб қўйди. Бунга қадар Криштиану доимий равишда камералар нигоҳида турди, захира ўриндиғида ўтирганида, мадҳия куйланаётганида ва жамоадошларининг голларини нишонлаётганида.
Плей-офф сеткаси
Марокашликлар Португалия ва Испания қарама-қаршилиги рўй беришига йўл қўйишмади, аммо шимолий африкаликларнинг бу мамлакат билан ҳам алоҳида ҳисоб-китоби бор (Аввалги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Криштианунинг ягона голи европаликларга ғалаба келтирганди). Роналду захира футболчиси ролида ҳам финал ҳақида орзу қилишни давом эттирмоқда. Сетканинг бу ярмидан яна икки кучли жамоа ўрин олган — Франция Англияга қарши.
Сетканинг бошқа томонида Аргентина ва Бразилия ўртасида яримфинал тўқнашуви бўлиши кутилмоқда. Аммо бунинг учун Жанубий Американинг Месси ва Неймар бошчилигидаги икки топ-жамоаси яна бир тўсиқдан ўтиши керак.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин