09:10 / 17.12.2022
1 263

«Даража борасида Нурмагомедовдан устунман». Саидёқуб Қаҳрамонов UFC’даги 3-жанги олдидан интервью берди

«Даража борасида Нурмагомедовдан устунман». Саидёқуб Қаҳрамонов UFC’даги 3-жанги олдидан интервью берди
Ўта енгил тоифасида UFC жангчиси Саидёқуб Қаҳрамонов (10-2) Ўзбекистон вақти билан 18 декабрь тонги бўлиб ўтадиган жанг олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистонлик яккакурашчи UFC Vegas 66 мусобақасида россиялик Саид Нурмагомедовга (16-2) қарши жанг қилади.

UFC’га кириб келиши ҳақида
Спортчилар оиласидан чиққанман, Самарқандда мен учун фақат спорт бор эди. Биринчи навбатда мактаб, кейин спорт эди. Самбодан бошлаганман. 2010 йилда, 13 ёшимда АҚШга келганман ва бу ерда ҳам спортни давом эттирдим.

Мен учун ҳақиқий спорт Америкада бошланган, чунки бу ерда имкониятлар кўп эди. Ундан уёғи катта ҳикоя, фақат спорт. Спортни деб кўп нарсадан воз кечганман: туғилган кун, байрам, тўй, оилавий маросимлар. Йиғинларда бўлганим боис оилам билан кўп вақт бирга бўлолмасдим. Йилда 2-3 ой оилам билан бирга бўлсам, қолган 7-8 ой фақат йиғинда бўлганман.

Мақсад UFC’га келиш бўлган. Худога шукр, шу даражага етиб келдим. Бундан кейин юқори марралар сари интиламан.

UFC шартномаси борасида
Айни вақтдаги шартномам 4 та жангга мўлжалланган, буниси учинчи жанг бўлади.

Саид Нурмагомедов ҳақида
Менда унга нисбатан ҳеч қандай агрессия йўқ. Нотўғри тушунманг, улар бизни халқни меҳмондўст, ювош, камтар деб ҳисоблайди. Аммо спортда ювошлик кетмайди. Агар унга бирор гапим ёқмаган бўлса, унда шанба куни аламини олишга яхши имконият бор.

Уларга бундай гап қиладиган бўлсам, ҳайрон қолишади, кўзлари катта-катта бўлиб кетади. ‘Вау, биз ўзбеклардан бунақасини кутмагандик’, дейди. Мен уларга рақиб, душман сифатида қарайман. Чунки унга қарши жанг қиламан, агар у мени уриб қўйса, уйга фақат битта чек билан қайтаман. У мени нонимни яримта қилади. Бироқ бунга йўл қўймайман.

Рақибга душман сифатида қарайман ва унга нисбатан ҳеч қачон ювош бўлмайман. Гапларим унга таъсир қилган бўлса, бу унинг муаммоси. Уни интервьюсини кўрдим, бироқ у мени мутлақо қизиқтирмайди. Агар қизиқтирганда, балки унга ўхшаб жаҳл қилардим.

Жангда тезроқ финишга интилиши ҳақида
Имкон қадар жангни тез тугатишга ҳаракат қиламан. Сўнгги рақиб билан жангни тўлиқ давом этганига келадиган бўлсак, у кучли жангчи эди. Ҳар бир спортчи октагонда жангни тезроқ якунлашга ҳаракат қилади. Жангни атайин чўзишини айтганларнинг гапи эса сафсата.

Саиднинг ‘стойка’сига келсак, у бир раундлик ‘стойка’. 2–3-раундда у чарчаб қолади. Сўнгги жангини олсак, рақиби 37 ёшли қария эди, 1-раунддан кейин ундан баттар чарчаб қолди. Унинг услуби шундай, оёқда тепиш, айланиб тепиш жуда катта кучни олиб қўяди.


Босим йўқлиги борасида
Биринчи жангимда ҳаяжон кучли эди, ҳатто иккинчисида ҳам. Биринчи жангни олти кун аввал билдим, вазн ташлашга ҳам улгурмагандим. Иккинчи жангда эса қай даражада эканимни UFC’дагиларга исботлашим керак эди. Шу боис кўпроқ тейкдаунларга эътибор қаратдим. Туриб жанг қилишда имкониятлар 50/50. Ким биринчи қаттиқ зарбани йўлласа, ўша ютиб кетади. Шу боис таваккал қилолмасдим.

Бунисида эса ҳеч қандай босимни ҳис қилмаяпман. Балки бу яхшидир, балки ёмон. Ўзимга шу қадар ишоняпман-ки, бу йигитнинг даражаси меникидек эмас, дея оламан. Мақтаниш эмас, бу спортча ишонч дейилади. Унинг ‘стойка’си ҳам яхши деб ўйламайман. Чунки унинг рақибларига қарасангиз, яхши савиядагиси битта ва Саид унга ютқазган. Нурмагомедов 30 ёшда ва фаолиятининг чўққисидан ўтди.

Саид Нурмагомедов билан фарқи борасида
Ўзини камтарман дейди, ҳаётда ҳаммамиз камтармиз. Бироқ бу спортда камтарлик кетмайди. Одамлар бизнинг 15 дақиқалик жангни кўрганда, ҳаёт ташвишларини эсдан чиқариши керак, мен шунга интиламан.

У 7 та жанг қилган ва ҳамон прелим кардда юрибди, чунки UFC уни ҳурмат қилмайди. «Агар мен ‘ҳеч ким’ бўлсам, нега мен билан жангни қабул қилдинг? Ўзингдан юқори турганлар билан жанг қил». Лекин унга рейтинги юқори жангчиларни беришмайди, буни ўзи ҳам билади. Чунки у ташкилотчиларга қизиқ эмас, улар мухлисларга бу маҳсулотни сотолмайди. Мен эса иккита жангдан кейин топ-15 даги яккакурашчи билан жанг қиляпман.

Топ-15 ликка киргандан кейинги режалари ҳақида
Мен 27 ёшга кирдим ва 30—32 ёшгача бу ерда юришни истамайман. Мисол учун, Шон O’Мэлли, Педди Пимблетт — улар ютқазса ҳам ташкилотчилар ва мухлислар учун ‘ёқимтой’ бўлиб қолаверади. Саиддақаларнинг эса ютиши ва ютқазиши ҳам уларга қизиқ эмас. Мен ҳам шундай бўлиб қолишни хоҳламайман. Бунинг учун нима керак, албатта, мухлислар эътибори.

Спортда кўп қолмоқчи эмасман, ундан кейинги режаларим бор. Кейинги 2-3 йилда камарга етиб борсам, етиб бораман ҳам. Шундан сўнг бўлди, тўхтатаман.


Ўзбекистонлик MMA вакиллари ҳақида
Мен барчасини кузатиб бораман, улар ахир ҳамкасбларим. Бироқ сўнгги вақтларда ўзбек MMA’сида фирибгарлик, сохта пиар кўпайиб кетган. Ҳақиқий спортчилар кам. Чинакам спортчи натижа кўрсатиши керак.

Бизникиларга ҳозир Instagram’да кўпроқ лайк олиш, обуначи йиғиш ва реклама сотиш қизиқ бўлиб қолди. Рекламачи жангчилар кўпайиб кетди. Ҳақиқий жангчилар эса камтарилиги туфайли қолиб кетяпти. Зўр болалар бор, яқин 2-3 йилда кўпайиб қоламиз. Бунинг учун яхши мураббий билан ишлаш ва жангчи менталитетига эга бўлиш керак. Ювош ва меҳмондўст менталитет билан бу спортда ютиб бўлмайди», — дейди Қаҳрамонов.

Қаҳрамонов ва Нурмагомедов ўртасидаги жанг UFC Vegas 66 прелим кардидан ўрин олган. Мусобақа Ўзбекистон вақти билан 18 декабрь тонгида бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Даража борасида Нурмагомедовдан устунман». Саидёқуб Қаҳрамонов UFC’даги 3-жанги олдидан интервью берди