22:33 / 31.01.2023
509

Бобур Абдухолиқов ўзига УЕФА аъзосидан жамоа танлади

Бобур Абдухолиқов ўзига УЕФА аъзосидан жамоа танлади
Легионер мақомига эга ўнлаб ўзбек футболи тарбияланувчилари орасида 2022 йилни қашқадарёлик Бобур Абдухолиқов энг юқори даражада ўтказди. “Насаф” тарбияланувчиси Беларусь чемпионатининг юқори дивизионида “Энергетик-БГУ”ни илк бор совриндорлар қаторидан жой олишини таъминлади.

Олий лига баҳсларининг барчасида, яъни 30 та учрашувда майдонга тушган 25 ёшли ҳужумчимиз рақиблар дарвозасини 26 маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига олтита голли пас узатди. Натижада унинг аниқ зарбалари “Энергетик-БГУ”ни мусобақа жадвалида иккинчи ўринга олиб чиқди.

Бобурнинг ўзи чемпионатнинг энг зўр футболчиси, тўпурарлар пойгаси ғолиби, Беларусь чемпионатлари тарихида энг кўп тўп киритган легионер ва яна бир неча рекордлар соҳиби сифатида эътироф этилди.

Таъкидлаш лозимки, Беларусь тергов комиссияси мамлакат чемпионлигини қўлга киритган “Шахтёр-Солигорск” жамоасини келишилган ўйинларни ташкиллаштиришда айблаб, текширув ўтказмоқда. Агар клубнинг айби исботланса, унинг ўтган йилги натижалари бекор қилиниб, чемпионлик унвони “Энергетик-БГУ”га олиб берилади.

Беларусь чемпиони бўлиш арафасида турган Бобур Абдухолиқов жамоасини тарк этиб, ўзига янги иш жойи қидираётган эди.

Тўпурар ҳужумчимиз асосий мақсади кучли бешлик чемпионатларидан бирига кўчиб ўтиш эканини айтиб, Польша, Туркия ва Шарқий Европа мамлакатлари жамоалари таклифини қабул қилмаганди.

Бироқ кутилмаганда, Бобур Абдухолиқов фаолиятини УЕФА таркибига кирувчи Қозоғистон премьер-лигасида давом эттириши ҳақида хабар тарқатилди. Бу ҳақда қозоғистонлик инсайдер Айдин Кожахмет ўз канали орқали маълумот берган.

Манбанинг таъкидлашича, ўзбек ҳужумчиси “Ордабаси” клуби билан келишувга эришган. Бу жамоани беларуслик мураббий Александр Седнев бошқармоқда.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирча бу хабар расмий тасдиғини топгани йўқ. Лекин тез орада батафсил маълумот берилиши кутилмоқда.

Агар Бобур Абдухолиқов янги мавсумни “Ордабаси”дан бошласа, бу клубдаги иккинчи вакилимиз бўлади. Яқинда бу клуб ўтган йили ижарада ўйнаган Шаҳбоз Умаровни Беларусь чемпионати клуби БАТЭдан 50 минг евро эвазига трансфер қилгани хабар қилинганди. Бу маълумот расман тасдиқланган.

Умаров ўтган мавсумда “Ордабаси” таркибида Қозоғистон кубогини қўлга киритган. Ўшанда жамоада ўзбек ҳимоячиси Одилбек Абдумажидов ҳам тўп тепган эди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев ҳам фаолиятини Қозоғистон Премьер-лигасида давом эттиради. Россия клубларидан бўлаётган таклифларга қарамай, моҳир тўпурар “Тобол”да қолишга қарор қилгани ҳақида маълумотлар чиқарилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бобур Абдухолиқов ўзига УЕФА аъзосидан жамоа танлади