10:35 / 01.02.2023
496

Сервер Жепаров Шомуродовнинг “Специя”га ўтганига муносабат билдирди

Сервер Жепаров Шомуродовнинг “Специя”га ўтганига муносабат билдирди
Европа футболини ёритишга ихтисослашган https://www.euro-football.ru сайти журналистлари Осиёнинг икки карра энг зўр футболчиси бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ сардори Сервер Жепаровга боғланиб, ундан Элдор Шомуродовнинг “Рома”дан ижара асосида “Специя”га ўтганига муносабат сўради.

“Рома”да етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаган Элдор Шомуродов 2023 йилнинг 30 июнигача “Специя” шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. 27 ёшли ҳужумчига қишки трансферлар вақтида Италиядан “Монца”, “Сампдория”, “Верона”, “Специя”, “Торино”, “Фиорентина”, “Кремонезе”, Германиядан “Байер”, Испаниядан “Вальядолид”, Франциядан “Ренн” ва “Лилль” клублари оғиз солди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳозирги сардори Италиядан ташқаридан бўлган чорловларга рад жавобини берди. Энг оптимал вариант сифатида “Торино” тилга олинган ва ҳужумчимиз клуб билан шахсий шартнома бўйича ўзаро келишувга эришганди. Бироқ, “Рома” талабни оширгач, трансфер охирига етмай қолди.

Охирида Элдорнинг олдида иккита вариант қолди. Бири ҳали мавсумда ғалаба нашидасини сурмаган аутсайдер “Кремонезе” ва хавфли ҳудуддан бироз тепада турган “Специя”. Охир-оқибат, легионеримиз “Специя”га насиб қилди.

Сервер Жепаров ўз муносабатида “Специя” Элдор учун энг оптимал вариант бўлмаганини алоҳида таъкидлади.

- Шахсан мен учун “Специя” энг мақбул танлов эмас. Буни шундай изоҳлайман. Ҳар қандай ҳужумчи бошқаларга муҳтож бўлади. Майдонда уни қўллаб-қувватлаб турадиган, форвардга қулай вазият яратиб берадиган ва голли пас узатадиган ўйинчи бўлиши керак.

“Специя”да Элдор Шомуродовга ана шундай шароит яратилишига амин эмасман. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам Элдорга катта омад ва муваффақиятлар тилайман. Ҳар бир футболчи ўйнаши керак
, - деди Сервер Жепаров.

Сервер Жепаров “Навбаҳор” футбол клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Узоқ йиллик фаолияти даврида юртимизда “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Металлург” клубларида муваффақиятли тўп тепган.

Шунингдек, Сервер легионер сифатида ҳам жуда катта тажриба тўплаган. Жанубий Кореяда “Сеул”, “Соннам”, “Ульсан”, Саудия Арабистонининг “Аш-Шабаб”, Эроннинг “Истиқлол” ва “Сепахон”, Қозоғистоннинг “Жетису” жамоалари шарафини муносиб ҳимоя қилган.

Бу клублар таркибида моҳир плеймейкеримиз тўққиз карра Ўзбекистон чемпиони, саккиз карра мамлакат кубоги ғолиби, Жанубий Корея чемпиони ва Лига кубоги соҳиби, Саудия Арабистони чемпионати олтин медаль совриндори, Эроннинг Хазфи кубоги эгаси бўлган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 127 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 24 марта ишғол қилган.

Ўзбек футболи тарихидаги энг кучли футболчиларидан бири сифатида тан олган Сервер Жепаров 2019 йили профессионал фаолиятини якунлаб, мураббийлик ишини бошлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сервер Жепаров Шомуродовнинг “Специя”га ўтганига муносабат билдирди