23:12 / 06.02.2023
384

Равшан Ҳайдаров: "Рубин" бош мураббийи билан гаплашиб келдим"

Равшан Ҳайдаров: "Рубин" бош мураббийи билан гаплашиб келдим"
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ҳам Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғинини бошлади. Равшан Ҳайдаров устозлигидаги жамоа аъзолари “Asteria Kremlin Palace” меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда. Бугунги машғулотдан кейин бош мураббийни суҳбатга тортдик.

- Равшан Акмалович, Туркиянинг Анталия шаҳридаги йиғин терма жамоамизнинг Осиё чемпионати учун тайёргарлигининг бир қисми. Мураббий сифатида ҳозирда сиз учун асосий мақсад нима?
- Албатта, бизни ўзимизга яраша тайёргарлик режаларимиз бор. Декабрь ойида ўйинчиларни жалб қилиб уларни кўздан кечирган бўлсак, январь ойида улар ўз клубларида бўлишди ва тайёргарлик ишларини олиб боришган. Бугунги кунга келиб йигитларни ўйин ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ҳолатини меъёрига етказиш керак эди. Туркиядаги йиғинимизда эса жисмоний тайёргарлигимизни юқори даражага олиб чиқиш ҳамда ўйин амалиётимизни янада шакллантириш бўйича ишлаш. Айни пайтда энг катта асосий мақсадимиз шу.

- Футболчиларнинг функционал ҳолати кўнглингиздагидекми ёки нимадандир қониқмаяпсизми?
- Режа бўйича йиғинимизни босқичма-босқич олиб боряпмиз ва шунга яраша йигитларнинг жисмоний тайёргарлиги ҳам кўтарилиб боряпти. Ўйин амалиётини бошлаганмиз. Саудия Арабистонида иккита ўйин ўтказиб келдик. Ҳозир яна давом эттирамиз. Бу паллада ҳаммасини идеал бўлиши вақтли. Лекин ўйин тарафлама футболчиларнинг ўсиш жараёни давом этяпти. Бундай ишлардан сўнг футболчиларнинг ўйин амалиёти ҳамда жисмоний тайёргарлиги бўйича албатта ўсиш бўлади.

1 март санасига оптимал ҳолатда етиб боришимиз керак. Бунга халақит бераётган нарсалар – бу жароҳатлар. Баъзида совуқда машғулотлар ўтказишимизга тўғри келди. Кимдадир томоғи оғриб иситмаси чиққанлар ҳам бўлди. Бундай пайтда кимнидир бир неча кунлаб тайёргарликдан четда қолиши бу албатта жамоанинг зарарига ишлайди. Хавотирли томони шу. Тўғри, жароҳатлардан ҳеч ким 100 фоиз кафолатланмаган. Жароҳатлари жиддий бўлмаса йигитларни тезроқ тузатиб сафга қайтаряпмиз. Ўйлайманки, муҳим мусобақага оптимал формада етиб келамиз.

- Анталияда учта ўртоқлик учрашуви режалаштирилибди. Бу сиз учун етарлими?
- Етарли. Ҳали Тошкентда ҳам Уммон терма жамоасига қарши ўйинимиз бор. Чемпионат бошланиши учун етарли ўйинлар мавжуд. Таркибимизнинг асоси шаклланган. Улар учун олдимизда турган учрашувларнинг ўзи етарли бўлади.

- Осиё чемпионати мусобақаси бошланишига оз фурсат қоляпти. Март ойида бошланадиган биринчиликка ҳар жиҳатдан тўлиқ тайёр ҳолатда улгурамиз, деб ўйлайсизми?
- Албатта, улгурамиз.

- Умарали Раҳмоналиев ҳозир “Рубин” билан Анталиядаги йиғинда иштирок этяпти. Шундан фойдаланиб уни ҳам терма жамоа йиғинига жалб қилиш мумкинми?
- Ҳа, легионерлар бўйича бироз муаммолар бор. Раҳмоналиев ҳозир янги жамоасига мослашиш жараёнида. Куни кеча уларни ўйинига бориб “Рубин” бош мураббийи Юрий Уткульбаев билан гаплашиб келдим. Асосий таркибда ўз ўрнини топиши муҳимлигини айтиб, Умаралини Туркия йиғинига жалб қилмаслигимизни илтимос қилди. Чунки сизлар бу футболчини яхши биласизлар, мен энди кўряпман, деб айтди. Лекин Тошкентдаги охирги назорат ўйинимизга қўйиб юборади. Биз шунга келишдик. Йиғинларимиз ФИФА кунларида бўлмаганлиги учун легионерларни жалб қилиш қийин.

Чунки бундай пайтда клубларнинг ҳаққи кўпроқ. Албатта, ўзимизни жамоалар билан келишиш мумкин, улар бизни тушуниб шароит яратиб беришяпти ва футболчиларни ихтиёримизга қўйиб юборишяпти. Клубларимиз бу борада яхши мойиллик кўрсатишяпти. Легионерлар масаласи боя айтганимдек қийинроқ. Беларуснинг “Энергетик” клубида тўп сураётган Абдуқодир Хусанов ҳам ҳозирча ўз жамоасида. Тошкентда Уммонга қарши охирги назорат учрашувимизда уларни ҳам қўшилишига умид қиламиз. Ҳарқалай раҳбарият шунга келишишган.

Шуҳратбек Жўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Равшан Ҳайдаров: "Рубин" бош мураббийи билан гаплашиб келдим"