“Насаф” – “Андижон” (0:1) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Ўйин ҳақида нималар айтасиз?
- Мавсумни яхши бошламадик. Бугунги учрашув рақибнинг режаси бўйича кетди. Ҳимояланди, ҳимояланди, кутди, сабр қилишди. Ҳар доим ҳам бундай голни уриш қийин. “Андижон”дан шундай ўйинни кўзлагандик ва мақсадига эришди. Кўрдинглар, улар кўп вақт давомида ҳимояланди. Вақт чўзишга ва қарши ҳужумларга ўтишга ҳаракат қилишди. Афсуски, ҳар доимги муаммоимиз – ҳужумдаги голли вазиятларни амалга оширганимизда балки енгилроқ бўларди. Охирги уй учрашувларини нимагадир оғирроқ ўтказяпмиз. Ўтган йили ҳам, бу йил ҳам...Албатта, бунинг сабабини ўрганамиз. Мағлубиятни ҳам қабул қилиш керак. Яхшиҳамки, бу мавсумнинг боши.
- Жамоангизга айнан нима етишмади?
- Маҳорат. Шунинг учун ушбу ҳолатга олдиндан кўпроқ эътибор қаратамиз. Бизда бу нарса доим муаммо бўлиб келган. Кўряпсизлар, рақиблар келиб кўпроқ ҳимояланганларида янада қийналяпмиз. Яримта вазият бўладими ёки стандарт ҳолатларданми, голли имкониятларни амалга оширишимиз керак. Боя айтганимдек, рақибни режаси бўйича кетди.
- Умар Эшмуродов ва тожикистонлик легионерни ҳатто қайдномада ҳам кўрмадик...
- Бунга бир неча сабаблари бор. Кимдадир жароҳат яна кимдадир виза масаласи. Тожикистонлик футболчимиз ўйинга яхши тайёргарлик кўраётганди. Бу ҳақида кеча айтиб қолишди. Албатта, кейинги ўйинларда булар майдонга тушишади.
- Иккала бўлимда ҳам жамоа ўйинида пала-партишлик кузатилди. 90 дақиқа ўйнаш учун “Насаф”да жисмоний ҳолат кўнгилдагидек бўлмади. Бугунги мағлубият жисмоний ҳолат билан ҳам боғлиқми?
- Жисмоний ҳолатимизни сиз аниқлаб бера олмайсиз. Агар жисмоний ҳолатимиз кам бўлганида биз бугун охиригача югурмаган бўлардик. Асосий муаммоимизни айтдим-ку, маҳоратга кўп нарса боғлиқ. Бу биринчи ўйин ва рақиб кўпчилик билан ҳимояланганида анча қийин бўлди. Техник хатолар бўлди, аммо буни пала-партишлик демаган бўлардим. Жамоамда шошилиш ва асабийлашиш кузатилди. Бу рақибга қўл келди.
“Андижон” матбуот хизмати.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг