Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ва сардор Умарали Раҳмоналиев ёшлар ўртасидаги Осиё Кубоги чорак финалидан ўрин олган Австралияга қарши баҳс олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.
"Ҳаммага хайрли кун. Авваламбор, бу босқичга етиб келган терма жамоаларни табриклайман. Бўлажак ўйинлар барча учун жуда муҳим. Бу ёшдаги футболчиларнинг орзуси, мақсади жаҳон чемпионатига чиқиш. Ўз навбатида биз минимум вазифани бажариб, шу босқичга етиб келдик. Йигитлар бўлажак баҳснинг қанчалик муҳимлигини тушуниб туришибди ва ҳаммамиз зўр иштиёқ билан тайёргарлик кўряпмиз. Эртанги ўйинда, мухлисларимиз ва жамоамиз орзуси ушаладиган баҳсда, боримизни беришга ҳаракат қиламиз", - деди Равшан Ҳайдаров.
"Ассалому алайкум. Ўзбекистонга футбол кириб келгани билан ҳамммани табриклайман. Мураббийимиз айтганидек, минимум вазифани бажардик. Иншааллоҳ, бизни жуда ҳам катта ўйин кутиб турибди. Биз эътиборимиз, куч ва салоҳиятимизни эртанги ўйинга қаратганмиз. Рақибнинг ўйини борасида тушунчамиз бор ва машғулот жараёнларида шунга яраша тайёрланяпмиз. Айтишадики, майдонда омад кучлиларга кулиб боқади. Эртага омад бизга кулиб боқади, иншааллоҳ. Барчасини вақт кўрсатади", - деди Умарали Раҳмоналиев.
Равшан Ҳайдаров: "Ҳужумчилар муаммоси доим бўлган. Бу нарса катта футболда ҳам мавжуд ва танлов у қадар кўп эмас. Аммо бизни жамоамизда ҳужумчилар бор, албатта. Ҳозирги ҳолати, тажрибаси, имкониятларидан келиб чиқиб Пўлатхўжага кўпроқ имконият беришга ҳаракат қиляпмиз. Яққол ҳужумчини айтиб ўтдик. Шу билан бирга қанотларда ўйнайдиган ўйинчиларимиз ҳам ҳужумларда бевосита фаол иштирок эта олади.
Мураббийлар штабимиз бу каби мусобақаларда қатнашган. Бундан аввалги ёшлар терма жамоасида ҳам фаолият олиб борган. Барчамиз бор тажрибамизни U-20 терма жамоамиз аъзоларига ҳам етказишга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, бу терма жамоамиз ҳам аввалги термаларимиз каби ўсишга эришади. Бу жараёнда шундай мусобақалар Осиё чемпионати ва энг муҳим турнирлардан бири Жаҳон чемпионати. Унга чиқа олган футболчилар ўзгача тилга олинади. Йигитларга шу нарсани тушунтиришга уриняпмиз. Авваллари бу ўз самарасини берган. Жаҳон чемпионатларида қатнашган, шу каби мусобақаларда пишиб етилган ёшлар ўзбек футболининг асосини ташкил этишган. Ўйлайманки, бу терма жамоа аъзолари ҳам бўлаётган Осиё чемпионати орқали Жаҳон чемпионатига чиқиш ва ҳаётидаги энг муҳим паллани ўтказиш йўлида, катта мақсадлар билан меҳнат қиляпти".
Умарали Раҳмоналиев: "Тўғри, сиз айтиб ўтгандек ўйинларда зарбаларим нисбатан камроқ. Машғулотлар жараёнида зарбалар бўйича ҳам алоҳида ишлаяпмиз. Кўрамиз, балки яхши зарбаларни эртанги ўйинга олиб қўйгандирмиз.
Барча футболчилар, нафақат биз, балки бутун халқимиз учун эртага бўладиган учрашувнинг ўзи катта мотивация десак, муболаға бўлмайди. Шунинг учун бор иштиёқимиз, эътиборимизни эртанги ўйинга қаратамиз. Бир жамоа бўлиб майдонга чиқиб, буни натижада ҳам акс эттиришга ҳаракат қиламиз.
Равшан Ҳайдаров: "Австралия терма жамоасининг ўйинларини кўриб, таҳлил қилиб боряпмиз. Албатта, уларнинг ўйин услуби ўзига яраша. Буни йигитларга ҳам кўрсатиб боряпмиз. Шунга яраша режа ҳам ишлаб чиқяпмиз. Ўйлайманки, эртага муносиб ўйин кўрсатамиз. Ғалаба учун муносиб таркиб ва тактика режаси бор."
Гуруҳ ўйинлари ҳам осон бўлмади. Ҳар битта учрашув алоҳида аҳамиятга эга эди. Ҳатто охирги ўйинда ҳам биз ғалабага интилиб ҳаракат қилдик. Австралия билан ўйин — янги тарих. Унга бошқачароқ ёндашиш керак. Бу баҳсдаги камчилик ва хатолар кечирилмайди. Футболчиларимизда иштиёқ катта. Улар масъулиятни ҳис қилиб туришибди. Лекин совуққонликни унутмасдан, режа бўйича ҳаракат қилиб, ғалаба учун интилишимиз керак.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Австралияга қарши баҳси 11 март куни бўлиб ўтади. Мазкур ўйиндаги ғалаба Жаҳон чемпионатига йўлланмасини тақди этади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг