Иброҳим Ибрагимов: "Бабаян онадан сўкди. Уни мени сўкишга нима ҳаққи бор? Ҳакам эшита туриб унга сариқ, менга қизил берди"
Суперлиганинг иккинчи тури анча шов-шувли воқеалар, турли муаммоли вазиятларга бой ўтмоқда.
Чемпионатда барчанинг эътибори "Сурхон" - "Андижон" ўйинига қаратилган бир паллада, "Навбаҳор" - "Металлург" баҳси ҳам катта саҳнага чиқмоқда. 74-дақиқада бекободликлар ярим ҳимоячиси Иброҳим Ибрагимовнинг четлатиши эътиборимизни тортди. Самвел Бабаян билан ўзаро тортишувдан сўнг Аскер Нажафалиев Ибрагимовга қизил, Бабаянга сариқ карточка кўрсатди. Хўш, аслида нима бўлганди? Бу борада футболчининг фикрларини тингладик.
— Жамоамизнинг тайёргарлигига тўхталсам, гувоҳ бўлдингиз Суперлиганинг барча жамоалари Туркияда 1 ойлаб йиғин ўтказди. Билмадим, нима сабаб биз Тошкентда қолиб кетдик. Энг катта муаммойимиз майдон бўлди. Меҳмонхона ва бошқа ташкилий ишлар ҳаммаси яхши. Қишда майдонлар қандай ҳолатда бўлишини биласиз. Сунъий майдонда шуғулландик. Табиий лой майдонда тўп тепдик. Бу ҳам катта таъсир қилди.
— Четлатишга келсак, ўйиннинг бошидан чидаб келдим. Самвел Бабаян менга нисбатан қоида бузарлик бўлганида, негадир мени сўкди. Симуляция қилма, деб куракда турмайдиган гапларни гапирди, чидадим. Иккинчи бўлимнинг 74-дақиқасида яна менга нисбатан қўполлик ишлатилди. Бабаян турган тарафда йиқилиб оғриқдан ётгандим. Тепамга келиб нафсониятдан кетиб қолди. Онадан сўкди. Чидаб туролмадим, мен ҳам жавоб қайтардим.
Лекин ҳакам негадир ёнимда турганди, уни нима деганини ҳам эшитди. Худо гувоҳ. Аммо менга қизил, Бабаянга сариқ бергани алам қиляпти. Самвел Бабаянни умуман нима ҳаққи бор мени сўкишга? Уни жамоасида ўйнамайманку. Менда нима айб? Қўполлик қилиняпти, йиқиляпман. Қанот ҳакам кўриб жарима зарбаси беряпти. Юз фоиз ноҳақлик бўлди. Биринчи бўлимда ҳакамнинг ёнида мени ҳақоратлади. Ҳаттоки сариқ ҳам бергани йўқ. Телевизорда ҳам шундоқ эшитилган.
Абдулазиз Искандаров
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг