Кеча Жанубий Корея билан ярим финал ўйини олдидан ва ундан кейин икки хил таассурот уйғонди. Аввалига, ЖЧ йўлланмасидан сўнг жамоа деярли босимсиз ўйнаши ҳақида ўйлаган бўлсам, ўйиндан кейин фикрим ўзгарди. Равшан Ҳайдаров жамоаси бу мусобақада ЖЧ йўлланмаси учун эмас, чемпионлик учун кураш олиб бораётган экан. Буни йигитларнинг шаштидан ҳам сезиш мумкин эди.
Баҳснинг бурилиш нуқтаси 70-дақиқага тўғри келади. Унга қадар рақиб бизга босим ўтказган бўлса, кейин йигитлар устунликни қўлга олишни бошлади. Ҳам руҳан, ҳам жисмонан биз майдонда яхшироқ кўринишни бошладик. Яккама-якка вазиятларда йигитлар ўйинни ўзига олишга қўрққани йўқ. Майдонда кенг жойлашган ҳолда рақибни 4 ҳимоячидан 6 ҳимоячига ўтишга, яъни ўйин схемасини алмаштиришга мажбур қилдик. Биз эмас, улар бизга мослашишга мажбур қилинди. 80-дақиқадан бошлаб, энди биз ғалаба учун ўйнашни бошладик.
Тўғриси, айнан мана шу омил кўпинча катта ўйинларда бизга панд берган. Яъни, кучли рақиб билан баҳсларнинг сўнгги дақиқаларидаги ортиқча эҳтиёткорлик, қўрқув ва натижа учун ўйнаш доим жазоланган. Бу сафар ундай бўлгани йўқ. Аксинча, ғолиблик учун асосий даъвогар саналган Жанубий Корея ўша хатони қилди. Яъни, ўйин схемасини ҳимоявийга ўзгартирди. Бу улар биздан қўрққанини, натижага ўйнамоқчи бўлганини англатади.
Аслида, мана шу сабабнинг ўзи бизни жамоа руҳан ўша куни қитъанинг ФИФА рейтингидаги (шу ёшдагилар орасида) яққол пешқадамини енгганимизни англатган эди. Сўнгги дақиқаларда ҳатто гол ҳам киритишимиз мумкин эди, аммо иш қўшимча бўлимларга кўчди. Биласизми, баъзан Равшан Ҳайдаровнинг ўйин стратегияси кўплаб мутахассисларда эътироз уйғотди, аммо у бир омилга борини тиккан эди: кучли ҳамжиҳатликка!
Қисқа фурсатда ўтадиган турнирларда замонавий ўйин услублари ва трендга айланган фишкалардан кўра, яхлит механизмга айланган кучли руҳият катта саҳнага чиқиши кўп бор исботини топди. Сўнгги мундиалда илк турда Саудиядан енгилган Аргентина якунда нима эвазига чемпионликни қўлга киритганини бир ёдга олинг! Ҳа, биргина Месси атрофида жамланган ўртамиёна (суперюлдуз эмас), аммо руҳан “жанг”га тайёр йигитлар якунда Мундиал олтин медалларини уйга олиб кетишган эди.
Бугунги Ўзбекистон U-20 термасида ҳам айнан ўша жамоанинг айрим хислатлари кўзга ташланмоқда. Эътибор қилган бўлсангиз, деярли барча ўйинда характер кўрсатишга тўғри келяпти. Маҳорат эвазига ҳали ғалаба қозонганимиз йўқ. Аввалига Сурия билан 50/50 баҳс. Кейин Ироққа қарши бир киши кам бўлиб кўрсатилган характер. Индонезия билан 90 дақиқа омадсиз ҳужумга ўтиш, Австралия билан ўйин сўнггида гол уриб курашга қайтганимиз, биринчи бўлимдаёқ майдонни тарк этган Пўлатхўжасиз Жанубий Корея билан 120 дақиқалик асабийлик…
Эътибор қилинг, биз бирор бир ўйинда маҳорат ёки тактика эвазига ғалаба қозонганимиз йўқ. Аксинча, биздан тактик кучли бўлган Жанубий Кореяни, босимсиз ўйнайдиган Австралияни, жанжалкаш Ироқни "Ироқчасига" енгдик. Дарҳақиқат, бу бошқача жамоа. Уни кучи майдондаги бизни кўзимизга ҳар сафар ҳам ташланмайдиган кичик деталларда. Ярим финал баҳси аввалида шу ўйин энг муҳими, деб ўйлаган эдим. Кейин қандай натижа кўрсатиши 3-даражали масала, деб ҳисоблаганим рост, бироқ “оқ бўричалар”ни шаштини кўриб, улар ҳали овни якунламаганини ҳис қилдим.
Аслида, бўриларнинг табиатдаги энг кучли қуроли ҳам тўда бўлиб ҳаёт кечириши. Улар тўда бўлиб ов қилади, тўда бўлиб жанг қилади ва тўда бўлиб ҳаракатланади. Футбол ҳам жамоавий ўйин. Унда ким яхшироқ шериклари билан бирикиб кетса, якунда ғолиб чиқади. Айнан шу аҳилликни Ҳайдаров жамоасида кўряпман. Демак, чемпионликдан камига улар рози бўлмайди. Ироқ, тайёр тур! “Оқ бўрилар” сизларни ўраб олиш мақсадида жанг майдонига дадил қадамлар билан яқинлашмоқда.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг