Ўзбекистонда 1—18 март кунлари 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги мусобақаси ўтказилди. “Дарё” якунда Ўзбекистон ёшларининг ғалабаси билан тугаган мусобақага оид рақамлар ва маълумотларни бир саҳифага тўплади.
Осиё Кубогининг энг яхши ўйинчиси номига Ўзбекистон вакили Аббосбек Файзуллаев лойиқ кўрилди. Яна ўзбек футболчиси Отабек Боймуродов эса энг яхши дарвозабон деб топилди.
Мусобақада жами 31 та ўйин бўлиб ўтди ва уларда умумий 69 та гол урилди (ўртача 2,23). Япониялик ҳужумчи Наоки Кумата 5 та гол билан турнир тўпурарига айланди.
Ўзбекистон чемпион бўлишига қарамай, гол уриш борасида топ-5 ликка кира олмади. Мусобақада энг кўп гол урган жамоалар:
- Австралия — 13
- Япония — 11
- Жанубий Корея — 9
- Эрон, Ироқ — 6
- Ўзбекистон, Хитой — 5
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси мусобақада жами бешта гол урди. Зафармурод Абдураҳматов, Аббосбек Файзуллаев, Пўлатхўжа Холдорхонов ва Умарали Раҳмоналиев биттадан голга муаллиф бўлган бўлса, яна битта тўп ироқлик Закария ар-Рамадоннинг автоголи эвазига қўшилди.
Гол уриш борасида сермаҳсуллик қайд этмаган бўлса-да, ўзбекистонлик ёшлар дарвоза томон зарба йўллаш борасида мутлақ етакчи бўлди. Зарба йўллаш борасида энг яхши натижа кўрсатган жамоалар:
- Ўзбекистон — 108
- Япония — 86
- Ироқ, Жанубий Корея — 73
- Эрон — 70
Дарвоза томон аниқ зарба бериш борасида японлар етакчи бўлди:
- Япония — 36
- Ўзбекистон — 31
- Австралия — 28
- Ироқ — 26
- Эрон — 24
Мусобақанинг энг яхши ўйинчиси Аббосбек Файзуллаев 14 та зарба ва 8 та аниқ зарба билан бу кўрсаткич борасида етакчилар қаторидан жой олди
Равшан Ҳайдаров шогирдлари энг яхши ҳимоя эга жамоа эканини кўрсатди. Ўзбекистон 5 та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Жанубий Корея 4 та ўйинда гол ўтказмаган бўлса, Индонезия, Ироқ, Япония, Иордания ва Тожикистонда бу кўрсаткич иккита ўйинга тенг бўлди.
Мусобақада ҳакамлар жами 105 та сариқ ва 4 та қизил карточка кўрсатди.
Ўзбекистондаги турнирга жами тўртта стадион мезбонлик қилди: “Бунёдкор”, “Жар”, “Локомотив” (барчаси Тошкент) ва “Истиқлол” (Фарғона). “Истиқлол” стадионида 6 та ўйин ўтказилди, “Локомотив” — 8, “Бунёдкор” — 8, “ЖАР”да эса 9 та ўйин бўлиб ўтди.
Ўйинларга жами 203 мингдан ортиқ томошабин ташриф буюрди (ўртача 6,55 минг). Шуларнинг қарийб 181 минг нафари Ўзбекистон U-20 иштирокидаги ўйинларга тўғри келди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг