09:50 / 23.03.2023
303

Суперлига. 3 турдан сўнг нималар ҳайрон қолдирди?

Суперлига. 3 турдан сўнг нималар ҳайрон қолдирди?

FIFA кунлари бошлангани боис Ўзбекистон Суперлигасида кичик танаффус юзага келди. Шу боис ортда қолган 3 турдаги эътиборга молик воқеаларга назар ташлаймиз. Хўш, стартда бизни нима ҳайрон қолдирди?

Кутилганидан кучлироқ “Нефтчи”

Левченко қўл остидаги “Нефтчи” Суперлигага бу мавсум катта амбициялар билан ташриф буюрганини биринчи турдаёқ сездирган бўлса, “Пахтакор”ни енгиб буни тасдиқлаб қўйди. 3-турда эса “Сўғдиёна” ярим куч билан мавх этилди. Тезкор, қарши ҳужумга ихтисослашган, бироқ агрессив жамоа стартдаги энг ёрқин жамоага айланди. Тўғри, “Бунёдкор” ҳам 9 очко жамғарди, бироқ рақибларнинг ва ўйинлардаги темп ўртасида фарқ катта.

Фарғоналиклар Про-лигадаги мавсумлардан тўғри хулоса чиқаргани кўриниб турибди. Замонавий фикрлайдиган мураббий, савияли легионерлар ва иқтидорли маҳаллий футболчилар жорий мавсумда Фарғона аҳлини хурсанд қилгани рост. Энг муҳими, бу проект улкан пуллар эвазига эмас, шунчаки тўғри йўлга қўйилган ишнинг маҳсули. Демак, ундан стабиллик кутишга ҳаққимиз бор. Стабиллик эса доимий ривожланишни таъминлайди.

Кутилганидан эрта бошланган ҳакамлик ва трансляция машмашаси

Ўтган мавсумда айнан шу мавзуда жуда кўп ва хўп сўзладик. Ҳатто, “Дангал”ни бир сонини шунга атаб ҳам суратга олдик. Афсуски, бу камчиликлардан керакли инсонлар керакли хулосаларни чиқармаган, чоғи. Энди 3 тур ортда қолганига қарамай, аллақачон бир нечта ўйинларда муаммо юзага қалқиб чиқди.

Трансляция масаласида ҳам ҳеч нарса ўзгармаган. Аксинча, бу техника яна бир йилга эскирган. Вақт ўтмоқда. Жаҳон футболи аллақачон ўйинларда 44-45 хил ракурсдан ўйинни суратга олаётган бир пайтда, биз 4 та сифатли камерага эга бўлишни уддалай олганимиз йўқ. Афсуски, бу муаммолар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бирини ҳал этилмагунига қадар бошқасида ўсишга эришишни орзу ҳам қилиб бўлмайди.

Фалстарт олган “Насаф”

Дарҳақиқат, биринчи турда “Андижон”дан ўз уйида қабул қилиб олинган мағлубиятни “аждарлар”нинг ишқибозлари ҳазм қила олгани йўқ. Ҳатто, кейинги икки ғалаба ҳам Қарши клубига бўлган ишончни ортишига сабаб бўла олмади. Айниқса, ҳужумдаги муаммоларнинг борлиги ва Ҳусниддин Алиқуловнинг жамоа қутқарувчиси образида юрганини ҳамма ҳар хил талқин қилмоқда. Агар картинага яхшилаб разм солинса, бу шунчаки биринчи турдаги омадсизлик фонида сезилмаган 6 очко бўлиб кўринади.

Ўтган мавсумни Рўзиқул Бердиев шогирдлари бундан ҳам ёмонроқ бошлаган эди. Биринчи  ва иккинчи турда дуранг қайд этиб, атиги 2 очко ишлаган, холос. Бугунги “Насаф”ни чемпионлик курашидан чиқариб юборишга ҳали жуда ва жуда эрта. Тўғри, муаммолар бор, аммо кадрлар билан холос. Тез орада Марко Станоевич сафга қайтади. Лима Круз ҳам умумий машғулотларга қўшилиб қолиши кутилмоқда. Агар ҳужум чизиғида Круз кўриниш берса, Азиз Амонов бемалол ўзи учун қулай бўлган ҳужумчи ортидаги позицияга қайтиши мумкин. Умуман олганда, “Насаф”даги муаммолар кўринганидек қўрқинчли эмас.

“Пахтакор” кутилганидек эмас?!

Қизиқ танлов-а? “Навбаҳор”ни ўз уйида енггач, “Пахтакор” яна чемпионлик учун асосий даъвогарга айланиши керак эди, аслида. Шунга қарамай, “шерлар”нинг кўплаб муаммолари кўзга ташланиб қолди. Айниқса, илк икки турда. Кадрлар етишмовчилиги, янги келганларнинг формада эмаслиги ва ёшларнинг турли ёшлардаги терма жамоаларда эканлиги Максим Шацких учун ҳали жуда кўп ноқулайликлар яратади. Ҳозир Тошкентдаги ғалаба эйфориясида бу омиллар кўзга ташланмаслиги мумкин, аммо бу “Пахтакор” ўтган йилгисига қараганда сезиларли даражада кучсизроқдек кўринмоқда.

Боз устига, чемпионлик учун курашда асосий рақиблар амалга оширган трансферлар фонида бу янада яққол кўриниши мумкин. Бу муаммоларга Драган Чераннинг ўйинидаги  пасайишни қўшадиган бўлсак, Макс учун жорий мавсум қай даражада мураккаб ўтишини тахмин қилиш қийин эмас. Ўтган мавсумнинг илк 5 ўйинида 15 очко жамғарган “Пахтакор” рақибларидан ҳар жабҳада ажралиб турган эди. Бу сафар, 3 ўйинда 3 очко…

Истеъфонинг ҳиди келаётган мураббийлар учлиги

"Конкрет" телеграм каналимда айнан шу мавзуда сўровнома ўтказдим. Унда иштирок этган 4 мингга яқин инсоннинг 50 фоизи Ёрқин Назаровни биринчи бўлиб Суперлигада истеъфо берган мутахассис бўлишини тахмин қилган.

Қизиқ танлов, аммо мен рўйхатдаги яна икки мутахассис – Бахтиёр Ашурматов ва Андрей Хомяковларни ҳам четга суриб қўйишга шошилмасликка чақирган бўлар эдим. Бу орада “Қизилқум” бош мураббийи Асрор Алиқулов ҳам бу рўйхатдан ўрин эгаллаш арафасида турибди. Ўтган мавсумдан фарқли ўлароқ, бу сафар анча эртароқ бу номзодлар рўйхати тузилди. Барчаси Суперлигада иштирок этаётган жамоаларнинг режалари энди “шунчаки мавсум ўтказиш” эмаслиги билан боғлиқ. Бу ёқимли холат. Жиззах томонлардан эсган шамолнинг айтишича, Улуғбек Бақоев тез орада яна "бўрилар" тўдаси сардори бўлиши кутилмоқда...

Яҳёхўжа Улулғхўжаев


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлига. 3 турдан сўнг нималар ҳайрон қолдирди?