21:48 / 25.03.2023
781

“Специя”: Бу ишни фақат Шомуродов уддалади!

“Специя”: Бу ишни фақат Шомуродов уддалади!

Бутун дунё бўйлаб ФИФА кунлари давом этмоқда ва мамлакатлар терма жамоалари расмий учрашувлар ёки ўртоқлик ўйинларида ўз имкониятини синовдан ўтказяпти.

Элдор Шомуродов тўп тепаётган “Специя”да легионерлар кўп жамоалардан ҳисобланади. Лигурияликлар сафидаги футболчилардан 12 нафари турли мамлакатлар терма жамоалари аъзолари ҳисобланади. Аксарияти ўз юртининг миллий ва ёшлар термаларидан чорлов олган ва халқаро майдондаги баҳсларда қатнашмоқда.

“Специя” клуби расмий сайтининг маълум қилишича, бир неча футболчи ўз терма жамоасида майдонга тушди. Жамоанинг асосий тўпурари Мбала Нзола Африка Миллатлари лигасининг саралаш турниридаги учрашувда қатнашди.

Нзола ўйнаётган Ангола терма жамоаси муҳим баҳсда Гана меҳмони бўлди. “Специя” ҳужумчиси бу беллашувда 65 дақиқа ҳаракат қилди, бироқ мезбонлар дарвозасига йўл топа олмади. Учрашув тақдирини ҳакам томонидан ўйиндаги тўхталишлар учун қўшиб берилган дақиқаларнинг олтинчисида ганалик Антуан Семеньо томонидан киритилган гол ҳал қилди.

Мағлубиятдан кейин Ангола ганаликларни турнир жадвалида биринчи поғонага ўтказиб юборишига тўғри келади.

Словениянинг 21 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган терма жамоасига чақиртирилган Тио Ципот словакияликларга қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинида 77 дақиқа тўп тепди. Бу беллашувда кучлар тенг келди, ўйин голсиз якунланди.

Элдор Шомуродов билан бир пайтда – январь ойида “Специя”га олиб келинган Латвия терма жамоаси ҳужумчиси Раймондс Кроллис Ирландияга сафар қилди. Халқаро ўртоқлик учрашуви мақомидаги ушбу беллашувда мезбонларнинг қўли баланд келди – 3:2.

Раймондс Кроллис ўйинга иккинчи бўлим бошида қўшилган бўлса-да, рақиб дарвозасига йўл топа олмади.

“Специя”нинг истеъдодли футболчиларидан Юлиус Бек Даниянинг 18 ёшгача бўлган футболчилардан иборат терма жамоасида иштирокидаги ўйинда қатнашди. Норвегия ёшлар терма жамоаси мезбонлик қилган  ўртоқлик учрашувида 2:1 ҳисобида даниялик ёшларнинг қўли баланд келди.

Ниҳоят, “Специя”нинг асосий жамоаси вакилларидан Элдор Шомуродов халқаро майдондаги муваффақиятли юришини давом эттирди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистонида ташкил этилган ўқув-машғулот йиғини доирасида биринчи ўртоқлик учрашувини Боливия терма жамоасига қарши ўтказди. Жанубий Америка вакиллари билан бўлганмуросасиз баҳс тақдирини Элдор Шомуродовнинг ягона голи ҳал қилди.

Шомуродов “Специя” футболчилари орасида ўз мамлакати терма жамоаси сафида майдонга тушиб, гол урган ягона ўйинчи бўлиб турибди.

Энди  Сречко Катанец шогирдлари 28 март куни иккинчи ўртоқлик беллашувида қатнашади. Бу галги рақиб Венесуэла терма жамоаси бўлади.

Бундан ташқари, Элдор Шомуродовни А Серияда муҳим учрашув кутиб турибди. “Специя” 2 апрель куни мусобақа жадвалида ўзидан бир поғона юқорида турган “Салернитана” вакилларини қабул қилади.

Бўлажак баҳсда “Специя”нинг асосий тўпурари Мбала Нзола огоҳлантиришлар сони бештага етгани сабабли майдонга тушмайди. Ўйинда асосий ҳужумчи вазифасини Элдор Шомуродов бажариши кутилмоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Специя”: Бу ишни фақат Шомуродов уддалади!