23:36 / 27.03.2023
608

Шомуродов келаси мавсум Бензема билан ёнма-ён ўйнаши мумкин!

Шомуродов келаси мавсум Бензема билан ёнма-ён ўйнаши мумкин!

Испания ва Италия пойтахтлари шарафини ҳимоя қилаётган “Реал” ва “Рома” жамоаларида ёзда жуда катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

“Реал” бош мураббий Карло Анчелоттидан қутилмоқчи. Шунингдек, мадридликлар жамоанинг қария юлдузлари – Карим Бензема, Лука Модрич ва Тони Кроос билан хайрлашишга тайёр. Раҳбарият уларга янги битим бермайдиган бўляпти.

“Қироллик клуби” асосий эътиборни ёш, тезкор, курашувчан таркиб шакллантириш ва футболчиларни максимал даражада самарали ўйната оладиган, раҳбарият билан можарога бормайдиган мураббий олиб келишга қарор қилган.

“Реал”нинг кейинги йиллардаги энг зўр тўпурари Карим Бенземани “Рома” ўз сафига қўшиб олмоқчи. Бу ҳақда Calciomercatoweb ва  La Repubblica нашрлари хабар тарқатди.

Жозе Моуриньо “Олтин тўп” соҳибини Рим учун ўйнашга кўндиришда  франциялик ҳужумчи билан ҳамкорлик қилаётган Adidas компанияси ёрдамига таянади.

Бундан ташқари, Жозе Моуриньо "Реал"ни бошқарган пайтда Карим Бенземага устозлик қилган ва ҳужумчининг имкониятларини яхши билади.

Португалиялик мутахассиснинг бу уринишлари бежиз эмас. У келаси ёзда “Рома” ҳужум чизиғини тубдан ислоҳ қилишни мўлжаллаяпти. Январда жамоадан Николо Дзаньоло кетди. Тэмми Абрахамнинг ўйинида пасайиш давом этмоқда ва 25 ёшли форвард ўз ватанига қайтиш пайида юрибди. Моуриньо уни тегиниб бўлмас футболчилар рўйхатидан чиқарган.

“Рома”нинг энг асосий қуролига айланган Пауло Дибалага “Манчестер Юнайтед”ва “Интер” каби катта клублардан чорлов бўляпти. Аргентиналик жаҳон чемпионининг ҳам кетиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас.

Таркибдаги ҳужумчилардан Андреа Белотти ва Стефан Эл-Шааравининг шартномаси тугаяпти. Клуб уларга янги битим бермоқчи эмас.

Ижарага жўнатилганлардан Карлес Перес ва Жастин Клюйверт учун Рим эшиклари ёпиқ. Моуриньо фақатгина Элдор Шомуродовдан тўлиқ воз кечмаган. Португалиялик мутахассис легионеримизни вақтинчалик малака ошириш учун “Специя”га жўнатди. Ёзда Шомуродов яна Римга қайтади.

Агар Шомуродов келаси мавсумни Рим клубида бошласа, ҳужум чизиғида кимлар билан ўйнаши мумкин?

Айни пайтда Моуриньо мана шу саволга жавоб қидиряпти. Жозе яқинда “Рома” раҳбарияти олдига таркибга янги ўйинчиларни олиш бўйича шарт қўйди.  Маълумотларга қараганда, асосий янгиланиш ҳужум чизиғида бўлади.

Европа матбуотининг ёзишича, португалиялик мутахассис таниқли юлдузларни нишонга олган. У ўз жамоасига Карим Бенземадан ташқари, Ромелу Лукаку, Роберто Фирмино ва Мауро Икардини чорламоқда. Бу футболчиларнинг учаласи ҳам жамоасини ўзгартиришга тайёр. Чунки Лукакунинг “Челси” ва “Интер”даги келажаги мавҳум, Икарди ПСЖга керак бўлмай қолгани учун “Галатасарой”да юрибди, Фирмино “Ливерпуль”дан кетишини айтиб бўлди.

Демак, ёзда “Рома” юқорида номи келтирилган юлдузларни Римга олиб келишга ҳаракат қилиб кўради. Бунинг учун энг аввал – Жозе Моуриньо жамоани Чемпионлар лигасига олиб чиқиб, раҳбариятнинг ишончини оқлаши ва шу орқали трансферларга пул ундириши талаб этилади. “Беназир” лақабли мураббийда ҳозирча бунинг имкони бор.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов келаси мавсум Бензема билан ёнма-ён ўйнаши мумкин!