“Челси” бош мураббийи Грем Поттер лондонликлар жамоасини тарк этди. Лондон клуби баёнотида қайд этилишича, 47 ёшли мутахассис шартнома бекор қилиш борасидаги таклифга розилик берган. Жамоани кейинги ўйинларга Бруно Салтор тайёрлайди.
Поттер 2022 йилнинг сентябрида Томас Тухелдан кейин “Челси” бошқарувига келганди. Мутахассис “Брайтон”ни тарк этган ва Лондон жамоаси билан 5 йиллик шартнома имзолаганди. Унинг қўл остида “кўклар” 31 та ўйин ўтказиб, 12 ғалаба, 11 мағлубият ва 8 дуранг қайд этди.
“Челси” ёзда америкаликлар бошқарувига ўтгач, ёзги ва қишки трансфер ойнасида харидларга катта миқдорда пул сарфланди. Хусусан, қишки трансфер ойнасида Михайло Мудрик ва Энсо Фернандес трансфери учун қарийб 200 миллион евро сарф этилди. Бироқ жамоанинг натижалари яхшиланмади.
“Челси” АПЛ жорий мавсумдаги 28 ўйинда 10 ғалаба, 10 мағлубият ва 8 та дуранг қайд этган ҳолда, 38 очко билан 11-поғонада бормоқда. “Челси” Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиққан ва ушбу босқичда “Реал” билан ўйнайди.