АҚШнинг Омаха шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича Жаҳон кубогининг финал босқичи бошланди. Маълум қилганимиздек, мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нуржан Туякбаев “Ланселотта” лақабли тулпорида қатнашмоқда. Спортчимиз ва унинг оти мураккаб текширувлардан иборат карантин жараёни ва махсус ветеринарлар текширувидан муваффақиятли ўтгач муросасиз баҳсларга киришди.
Бугун чавандозимиз “тозалик” ва тезликка асосланган дастурда ўз иштирокини якунлади. Тўсиқ баландлиги 160 смни ташкил этган йўналишда юртдошимизнинг чиқиши кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди. Туякбаев эртага яна бир дастурда омадини синаб кўради.
Эслатиб ўтамиз, мазкур турнирда дунёнинг энг кучли 41 нафар атлети баҳс олиб бормоқда. Ҳамюртимиз унда Евросиё лигасининг энг кучли спортчиси сифатида иштирок этяпти. Бу чиқиш ўзбек чавандози ва юртимиздан келган отнинг АҚШдаги биринчи тарихий старти сифатида қайд этилди.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг