Ўзбекистонда бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун 104 давлат вакиллари рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) хабар берди.
13 та вазн тоифасида жами 640 нафар спортчи иштирок этиш учун ариза топширган бўлса, рўйхатга олиш 14 апрелга қадар узайтирилди.
Турнирнинг соврин жамғармаси икки баробарга кўпаяди - 5,2 миллион АҚШ доллари. Ғолибларнинг ҳар бири 200 минг доллар, кумуш медаль соҳиблари 100 минг ва бронза медали соҳиблари 50 минг доллар олади.
Жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими 30 апрель куни бўлиб ўтади, финал баҳслари 14 майга белгиланган.
Мусобақада россиялик ва беларуслик боксчилар ўз байроғи ва мадҳияси билан иштирок этади. Шу туфайли, бир қатор мамлакатлар федерациялари жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортган.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг