22:59 / 09.04.2023
1 293

Бош мураббий: Шомуродов узр сўради, лекин...

Бош мураббий: Шомуродов узр сўради, лекин...

А Сериянинг 29-турида “Специя” жамоаси сафар учрашувида жиддий рақиб – “Фиорентина” билан тўқнаш келди. Флоренцияликлар барча мусобақаларда 9 та учрашувдан иборат ғалабали серияни давом эттираётгани боис, бу баҳсда ҳам мезбонларнинг қўли баланд келиши тахмин қилинганди.

Бироқ ўйин давомида Леонардо Семпличи “Специя”нинг ўйинини анча кучайтира олганини яна бир карра исботлади. Баҳснинг аксарият қисмида меҳмонлар устунлик қилди. Бироқ кетма-кет иккинчи учрашувда “Специя” футболчилари ўз дарвозасини ишғол қилиб қўймоқда. Бу гал Пшемислав Вишневски 25-дақиқада автогол муаллифи бўлди.

Орадан етти дақиқа ўтиб, “Специя” тўпурари Мбала Нзола ҳисобни тенглаштирди.

Ўйинга 77-дақиқада туширилган Элдор Шомуродов яна ўйин қаҳрамони бўлиши мумкин эди. Майдан марказида тўпни эгаллаб олиб, дарвозагача бўлган масофани катта тезликда босиб ўтган ҳужумчимизнинг зарбасини мезбонлар посбони қайтариб қолди. Элдор жамоасига қимматли ғалаба келтириш имконини қўлдан берди.

Беллашувдан кейин Леонардо Семпличи ўз фикрларини билдириб, бу вазиятга ҳам тўхталиб ўтди.

- Ўйин дуранг билан тугаган бўлса ҳам, кетма-кет тўққизта учрашувда рақибларини ер тишлатиб келаётган кучли жамоа билан тўқнашувдаги ижобий натижадир. Бу қимматли очко келажакка умид билан қарашимиз мумкинлигига хизмат қилади. Шогирдларим биринчи бўлимда зўр ўйнади, иккинчисида ғалабани қўлга киритиш имкониятини бой берган бўлса-да, охиригача курашди.

Айнан мана шу мен шакллантиришни истаган менталитет ҳисобланади. Улар охирги сониягача курашиши керак. Таркибда муаммо кўплигига қарамай, сифатли ўйин намойиш қилдик. Жамоанинг ўзига бўлган ишончи менталитетга кўчмоқда. Ҳатто ўйин охирида бизни уч очко билан қайтишимизга хизмат қиладиган вазият ҳам бўлди.

Сафимизда рақиб ҳужумларини қайтарган Бартломей Драговски бор. Нзола Мбала биз учун жуда қимматли футболчи, у бу гал ҳам гол урди. Жамоада ўсиш борлиги чемпионатда кураш олиб бора олишимизга хизмат қилади.

Сальваторе Эспозитонинг техник ва тактик ҳаракатлари яхши, лекин ҳали анча тажриба тўплаши керак. Ҳозир у ана шу тажрибани олишга интиляпти, келажакда ўз сўзини айтишига ишонамиз. Бошқа жамоада ўйнаганида бемалол бошланғич таркибга киритилар эди.

Биз минглаб мухлислари кўз ўнгида ўйнаган кучли жамоадан бир очко тортиб олдик. Биз бу очкога лойиқ ўйин кўрсатдик. Иккинчи бўлимда жуда тўғри ҳимояландик. Охирида сенсацион воқеа гувоҳи бўлдик. Афсус. Лекин бу футбол.

Шомуродов ўша вазиятда гол ура олмаганидан қаттиқ афсусда. Унинг зарбаси ҳал қилувчи ва рақибни нокаутга туширадиган бўлиши мумкин эди. Лекин ундай бўлмади. Ўйиндан кейин Элдорнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилдим, қулай вазиятни бой берганидан тушкунликка тушган.

Элдор жамоадош дўстларининг барчасидан узр сўради. Лекин у бундай қилмаслиги керак. Ҳаммамиз ҳам хато қиламиз. Ўтган ўйинда у гол урган эди, бу гал мақсадини амалга ошира олмади.

Мен унда иштиёқ уйғотишга ҳаракат қилдим. У ўз кучига, сифатли жиҳатлари борлигига ишониши керак. Шунда “Женоа”да порлаган ҳужумчини яна кўрамиз.

Флоренцияда қўлга киритилган очкодан кўнглим тўлди ва хотиржам дам олишим мумкин, - деди Леонардо Семпличи.

“Специя” 30-тур учрашувини 14 апрель куни ўтказади. Шу куни Шомуродов жамоаси ўз майдонида “Лацио”ни қабул қилади. Ўйин Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бош мураббий: Шомуродов узр сўради, лекин...