чемпионлар лигаси доирасида "Манчестер Сити" "Бавария"ни "кўмиб" қўя қолди - 3:0. Мюнхендан ташриф буюрган "қизил машина" бу тўқнашувда тезликка чиқиш тугул, ҳатто юришга ҳам қийналиб қолди. Хўш, бу қадар ожизона мағлубиятнинг сабаблари нимада ёки "Бавария" ростан шу даражада кучсизми? Қуйида шу каби саволларга қўлдан келганча жавоб берамиз.
Қўрқоқ тактика
Тухель "Бавария" мураббийи қандай бўлиши кераклигини умуман билмайди. Буниси мазкур учрашувда яққол сезилиб қолди. Биз билган мюнхенликлар қаршисида ким туришига қараб ўтирмайди. Хоҳ "Реал" бўлсин, хоҳ "Барса" барчасига бирдек ҳужумкор ва агрессив футбол таклиф этилади. Бироқ бугун немисча футболнинг "оёғини осмондан" қилиб юборишди. "Сити"дек клубни ўз жарима майдонига чорлаш, яна Холанди, де Брюйнеси бор жамоага қарши бундай усул танлаш ғирт мантиқсизлик. Устига-устак, таркибда Упамекано исмли йигит алламбало ҳаракатлари билан "яхшигина" обрўга эга бўлди. Ваҳоланки, рақибга кучли прессинг ва тотал футбол таклиф этилганда, Гвардиола шогирдлари майдонда бу қадар эркин "ижод" қила олмасмиди?! Ҳар холда, Клопп бу борада "Ливерпуль" билан Пепнинг рақибларига бир неча марта мастер-класс ўтиб берган.
Тушунарсиз қарор
Мюллер, Канселу ва Мане каби тажрибали футболчиларнинг захирада қолишини ҳазм қилиш осон эмас. Тўғри, Мусиала - супер иқтидор эгаси, Гнабри ва Коман тезликка ишлайди. Упамекано эса мудофаада ишончли танлов (бу ўйингача шунақа эди). Бироқ бундай муҳим учрашувларда тажриба катта аҳамиятга эга эканини Тухель жаноблари унутиб қўйган кўринади. Голдан сўнг ўзини йўқотиб қўйган ёшлар кетма-кет хатолар қилишда давом этди. Рақиб "қалтираётганини" кўрган "Сити" футболчилари босимни кучайтиришди ва ўз мақсадига тўлиқ етишди.
Аслида, "Бавария" рақибдан бу даражада ожиз эмас. Шунчаки, мураббийлар дуэлида Пеп Томасга сабоқ бериб қўйди. Кейинги баҳсда мўжиза туфайлигина немис чемпионларини ярим финалда кўришимиз мумкин. Бунинг учун "Бавария" "Реал"ча услубни "ёқиб олиб" майдонга тушиши керак бўлади. Германияликлар бу вазифани эплай олармикин?!
Шоҳрух Зоиров
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг