“Навбаҳор” клуби ўз майдонида Суперлиганинг 6-турида “Андижон”га қарши учрашувда ягона гол эвазига жуда муҳим уч очкони қўлга киритди.
Ўйинни фаол ўтказган тажрибали ҳужумчи Темурхўжа Абдуҳолиқов ўша ягона гол муаллифига айланди. Беллашувдан сўнг унга саволлар билан мурожаат қилдик.
- “Навбаҳор” водий дербисида “Андижон” устидан қийинчилик билан ғалаба қозонди. Аввало, ушбу ўйин ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Водий дербисида биринчи марта ўйнадим. Қийин бўлди. “Андижон” ҳам жуда яхши қаршилик кўрсатди. Гол уришга қийналдик. Мухлислар ажойиб аурани ташкил қилишди. Иккала жамоа ишқибозлари зўр бериб қўлладилар. Ҳамма футболчилар мана шундай учрашувларда ўйнашни хоҳлайдилар. Бўш стадиондан кўра, бу каби зўр муҳитда тўп суриш ўйинчиларга мотивация беради.
- Ягона гол бўлган вазиятни видео такрор орқали кўрганимизда гўёки автогол урилганидек таассурот қолдирди...
- Бу камерани ракурсига боғлиқ. Дарвоза ичида камералар бўлганида ҳаммаси яққол кўринарди. Ҳимоячи тўпга умуман тегмаган. Агар ўз дарвозасига гол уриб қўйганида бошини ушлаб оларди. Ҳар ҳолда реакцияси шундай бўларди. Фақат бу вазиятда чемпионатимизда камераларнинг камлиги билиниб қолди. Бўлмаса, ҳимоячидан сўранглар.
- Учрашувдаги энг қийин вазият сиз учун қайси ҳолат бўлди?
- Бирданига юз берган вазиятлардан фойдалана олмаган ҳолат. Умуман олганда, энг қийин вазият гол урганимиздан кейин учрашувнинг охирги дақиқалари бўлди. Ўшанда қийналдик. “Андижон” катта куч билан олдинга ўтди. Биз ҳимояландик. 15-20 дақиқа давомида қийин кечди.
- “Навбаҳор” сафардаги иккита баҳсда асосий рақобатчиларига ютқазди. Бу нима билан боғлиқ?
- Руҳият билан бўлса керак, яна билмадим. Омад ҳам келмади. Биздаги энг катта “бетон” – бу мухлислар. Улар доим бизга мотивация беришади. Жамоамизни олдинга чорлаб туришади.
- “Навбаҳор”да таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистондаги энг кучли футболчилар жамланган...
- Тўғри, таркиб юлдузли ва қоғозда фаворит бўлишимиз мумкин, муҳими, майдонда исботлаш керак. Мана, “Андижон”га қарши баҳсда қийналдик. Керак пайтда иккинчи рақам остида ҳаракат қилдик.
- 6 та ўйинда ҳозирча 2 та гол урдингиз. Сизни ҳамиша тўпурарлар орасида кўришга одатланганмиз. “Навбаҳор”да сиздан кўпроқ голлар кутишяпти.
- Ҳа, бу жуда кам. Лекин ҳаракат қиляпмиз. “Навбаҳор”да янги жамоа. Бизга қарши ҳамма тайёрланяпти, тиш-тирноғи билан курашяпти. Масалан, “Андижон” “Сурхон”га қарши оддий футбол ўйнаса, бизга қарши ҳимоявий ўйин услубини танлайди. Барибир “Навбаҳор” билан учрашувда жамоалар кўпроқ мувозанатни сақлашга ва яхши “настрой”да бўлишга ҳаракат қиладилар. Голлар бўлади. Асосийси, ғалаба қозонишимиз керак. “Пахтакор”га гол ургандим, бироқ ғалаба қозонмадик. “Сўғдиёна” билан учрашувда эса гол урмадим, лекин биз уч очкони қўлга киритдик. Тўғри, ҳам гол уриш, ҳам ғалаба қозониш ёқимли. Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди.
- Водий дербисида илк бор тўп сурдингиз. Бу ердаги босим ҳам ўзгача бўлади ва бу ҳолат халақит қилмаяптими?
- Йўқ, аксинча бизга ёрдам беряпти. Агар босимни ўйласангиз...Менимча, ёшроқ ўйинчиларга буни енгиб ўтишда қийинчиликлар бўлиши мумкин. Биз анча йиллардан бери футбол ўйнаймиз. Бундай босимдан қандай чиқиб кетишни биламиз. Тажриба йиллар ортидан келади. Ҳа, босим бўлади. Аммо футболни биринчи кун ўйнамаяпмиз. Балки ёшроқ бўлганимда бу ҳолатга дош беролмаслигим мумкин эди. Ҳозир 30 ёшдан ошдим.
- “Навбаҳор” чемпионликка асосий даъвогар. Сиз ҳам бу ерга соврин ютиш учун келгансиз. Жамоа ҳар томонлама тайёрми?
- Тўғри, мен “Навбаҳор”га 1-ўринни олиш учун келганман. Улар ҳам мени шунинг учун чақиришган. 2-ўрин менга ҳам ва мени таклиф қилган инсонларга ҳам унчалик тўғри келмайди. Ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қиламиз. Тўғри, очколар йўқотдик. Аммо ҳаммаси ўз қўлимизда. Тўғриласак бўлади. Водийда мухлислар тўла стадионда ўйнаш барибир ёқимли. Шундай юқори муҳитни истаганим учун ҳам шу ерга ўтганман. Ҳар хил перформанслар, ажойиб қўллаб-қувватлашлар – ҳаммаси жуда ёқимли.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг