Осиё футбол конфедерацияси юртимизда бўлиб ўтган U-20 Осиё кубоги бўйича тиббий хулосасини тақдим этди. Унга кўра, Ўзбекистон — Австралия учрашувидан кейинги допинг текширувда терма жамоамизнинг бир нафар футболчиси Шаҳриёр Жабборовда тақиқланган модда аниқланган. Ушу текшурив “А”, яъни биринчиси ҳисобланиб, ундан сўнг “Б” қўшимча текшируви ўтказилади. Айнан иккинчи текширувдан сўнг якуний қарор чиқарилади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти бошчилигида мазкур ҳолатни тўлиқ ўрганиб чиқиш юзасидан ички текширув бошланган. Унда футболчи, тиббий қўмита мутахассислари, терма жамоа ҳамда клуб шифокорлари иштирок этишмоқда.
Дастлабки тахминларга кўра, Жабборов эҳтиётсизлик сабаб сифатсиз биологик фаол моддалар истеъмол қилган бўлиши эҳтимоли ўрганиб чиқилмоқда.
Шуни таъкидлаш керакки, турнир давомида Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг аксарият футболчилари допинг текширувдан ўтган ва ҳеч кимда тақиқланган воситалар аниқланмаган.
Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумотлар расмий саҳифаларимиз орқали эълон қилинади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг