10:00 / 22.04.2023
601

"Пахтакор" чемпионликни бой бериши мумкин...

"Пахтакор" чемпионликни бой бериши мумкин...

Суперлиганинг 7-тури старт олди. Марказий ўйин бугун ўтказилади. Олдинги ҳафта дербини ютқазган ОКМК "Жар" стадионида амалдаги чемпионни қабул қилиши керак.

Ўйинга қадар "Пахтакор", баҳс якунига етганидан кейин Олмалиқ клуби ҳақида фикр юритишга қарор қилдик. Дастлаб, "шерлар" ҳақида:

"Пахтакор" ўйинни ютқазиши мумкин...

Мавсум стартини жуда ёмон бошлаган пойтахт клуби бир қарашда "Навбаҳор" билан ўйиндан кейин "очилиб кетгандек" кўринмоқда. Лекин ўша ўйин 2 карра иштиёқ эвазига ютилгани, кейинги турларда мағлуб қилинган рақиблар "Пахтакор"дан 2 ҳисса кучсиз бўлганини унутмаслик керак:

1) Ўзаро тўқнашувларда охирги 14 ўйиннинг барчасини ютқазган "Металлург" яна бир бор таслим қилинди.
2) Сўнгги 4 тўқнашувда "Пахтакор"дан 21та гол қабул қилиб олган "Қизилқум"га енгилди.
3) Бир киши кўп бўлса-да 8 ой (16 тур)дан бери ғалаба нималигини билмай келаётган "Сўғдиёна" мағлуб қилинди.

Айтмоқчиманки, "шерлар" хотиржамликка берилиши учун ҳали анча эрта. Шацкихнинг таъбири билан айтганда, "Пахтакор" футболчилари кетма-кет ғалабалардан кейин яна профессорлардек майдонга чиқишса, ОКМК бугун 11 ўйинлик танаффусдан кейин амалдаги чемпионни мағлуб қилади.

"Пахтакор" чемпионликни бой бериши мумкин...

Агар ҳимоядаги ишлар тартибга солинмаса. Тепада айтилганидек, "шерлар" қаторасига 4 ўйинда 3 очко олишди. Лекин уланинг барчасида жамоа у ёки бу шаклда гол ўтказиб юборяпти. Мавсум бошидан бери "Пахтакор" дарвозасига кирган тўпларнинг умумий сони эса 9тага тенг.

Мудофаа чизиғидаги вазият қанчалик ёмонлигини англашингиз учун баъзи фактларни келтирамиз. "Пахтакор" 2022 йилда 9-голини биринчи давранинг сўнгги турида ўтказиб юборган. 2021 йилда эса жамоа посбонлари шунча гол "қабул қилиши"ни нақ 21 тур кутган эдик!

Статистиканинг бу қадар ёмонлашишига пенальтиларнинг ҳиссаси ҳам катта. "Пахтакор" дарвозаси томон 6та турда 5 бор 11 метрли жарима белгиланди. Маълумот учун, 2021 йил бутун мавсум давомида фақат 1 марта шундай воқеа содир бўлган.

Тошкент клуби мухлисларига ёқмайдиган яна бир факт келтирамиз. "Пахтакор" мавсум стартидаги 6 турнинг ҳеч бирини "қуруқ" тугата олмади. Бунақаси клуб тарихида фақат бир гал рўй берган (1999), ўша мавсумни "шерлар" 4-ўринда якунлашган эди.

Орқа чизиқда тартиб ўрнатмай туриб, муваффақиятга эришиб бўлмаслигини "Пахтакор" раҳбарияти, мураббийлар штаби яхши тушуниб турибди. Шунинг учун ҳам улар Шерзод Аъзамов тезроқ сафга қайтишини хоҳлашмоқда.

Бунга бироз вақт керак. Куннинг асосий муаммоси эса ОКМКнинг тезкор қанотлари (Гадоев ва Ғиёсов) ҳамда бақувват ҳужумчиси (Мартин Боаке)ни тўхтатиб қолишдир. Бу ҳақда ўйиндан кейин гаплашамиз...

Фахриддин Рўзиев


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Пахтакор" чемпионликни бой бериши мумкин...