23:38 / 24.04.2023
250

Россиялик олимпиада совриндори Ўзбекистон миллий жамоасига ўтиш ниятида

Россиялик олимпиада совриндори Ўзбекистон миллий жамоасига ўтиш ниятида

Фото: РИА Новости

Эшкак эшувчи Анна Пракатень Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида иштирок этмоқчи. Бу ҳақда Sports.ru Россия эшкак эшиш федерацияси президенти Алексей Свирин сўзларини келтирди.

Пракатен 30 ёшда, Россия миллий жамоаси таркибида у эшкак эшиш бўйича 2021 йилда Европа чемпиони ва 2020 йилги Олимпиада кумуш медали совриндори бўлган. 2016 йилгача спортчи Беларус шарафини ҳимоя қилган.

«Анна Пракатень Ўзбекистон миллий жамоаси таркибига ўтиш ниятида. Албатта, унинг кетиши биз учун жиддий йўқотиш, аммо ҳар бир спортчи ўз тақдирини танлашда эркин. Ҳозир юқори даражадаги спортчиларимиз қийин кунларни бошдан кечирмоқда, дисквалификация шароитида мотивация топиш жуда қийин», деди Свирин.

Унинг сўзларига кўра, қиш-баҳор даврида Анна қисман мустақил равишда, қисман Россия миллий жамоаси билан шуғулланган. Кейин фаолиятини бутунлай якунлаш ҳақида ўйлаган. Бироқ, халқаро мусобақаларда қатнашиш учун Ўзбекистон шарафини ҳимоя этишга қарор қилган.

«Ўзбекистон федерацияси хориждаги мусобақаларда қатнашиш учун фуқаролигини ўзгартирмоқчи бўлган россиялик спортчиларни қабул қилишга тайёрлигини аввалроқ билдирган эди. Менимча, халқаро федерацияга аллақачон мурожаат қилинган ва бу масала кўриб чиқилган. Агар халқаро федерация ўтишни маъқулласа, у ҳолда спортчининг Ўзбекистон учун кураш олиб боришига тўсқинлик қилишдан маъно бўлмайди», деди Свирин.

Мулозимнинг таъкидлашича, спорт фуқаролигини алмаштирган спортчилар учун 24 ойлик карантин бор. Яъни улар 2 йил давомида ҳеч қандай турнирларда иштирок этолмайди. Бироқ, Халқаро эшкак эшиш федерацияси ижро қўмитаси россиялик спортчиларнинг аҳволини ҳисобга олиб (яъни, барча халқаро мусобақалардан четлатилгани боис), бу муддатни қисқартириши мумкин. Шу сабабли Пракатен Париж олимпиадасида Ўзбекистон номидан қатнашиши эҳтимоли катта.

Қайд қилиш жоиз, бу россиялик спортчиларнинг Ўзбекистон спорт фуқаролигини олиши бўйича биринчи ҳолат эмас. 2018 йили уч карра Олимпиада совриндори, велосипедчи Ольга Забелинская, 2019 йили Европа чемпиони, бешкурашчилар Александр Савкин ва жаҳон чемпионати бронза медали совриндори Алисэ Фахрутдинова, шунингдек, эркин кураш бўйича Европа чемпиони Илёс Бекбулатов ҳам Ўзбекистон миллий жамоасини танлаган эди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Россиялик олимпиада совриндори Ўзбекистон миллий жамоасига ўтиш ниятида