14:39 / 27.04.2023
280

Қаҳрамонга айланган албан йигитининг "Андижон"даги саргузаштлари бошланди

Қаҳрамонга айланган албан йигитининг "Андижон"даги саргузаштлари бошланди

“Андижон” клуби Суперлиганинг 7-турида “Металлург” клубига қарши учрашувда рақибни 5:0 ҳисобида тор-мор келтирди.

Учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида албаниялик легионер Рубин Хебай эътироф этилди ва у бунга тўла муносиб эди.

Катта иқтидорга эга ҳужумчи қачондир голлар уришини бошлаши керак эди ва бу ҳолатни чиройли равишда бошлай олди. Ўйин қаҳрамонига айланган легионер интерьвю берди.

- Рубин, ажойиб ғалаба билан табриклаймиз. Учрашув ҳақида нималарни айта оласиз?

- Ваниҳоят, биз яна голлар уришни бошлаганимиздан жуда ҳам хурсандман. Қолаверса, рақибга қарши хавфли бўлишга киришганимиздан мамнунман. Ўйлайманки, бундан кейинги ўйинларимизда ҳам худди шундай руҳда давом этишимиз керак.

- Сиз ниҳоят гол урдингиз ва ҳаттоки, хет-трикка ҳам эришдингиз. Буни кутганмидингиз?

- Албатта, ўзимдан ташқари имкон қадар жамоам учун ҳам кўпроқ голлар уришим керак. Бу ҳар доим, ҳар бир учрашувда рўй беришини истайман. Умид қиламанки, кейинги ўйинларда ҳам голлар уриб жамоамга ёрдам беришга ва ғалабаларимизга ҳисса қўшишга ҳаракат қилишда давом этаман.

- Жамоа қандай қилиб мотивация олди?

- Бу мураббийнинг қарори эди. Рақиб жамоани ўйин услубидан келиб чиққан ҳолатда тактик юриш қилдик. Мураббий бизга бироз юқорироқдан ўйнашимиз ва кўпроқ прессинг қўллашимиз кераклигини айтди. Ўйлашимча, бу услуб яхши иш берди. Бизда ажойиб жамоа бор. Ишонаманки, бу йигитлар билан яна кўплаб яхши натижаларга эриша оламиз.

- Нима деб ўйлайсиз, ўша куни “Андижон” ҳар жиҳатдан кучли ўйин кўрсатдими ёки рақиб ўз даражасида эмасмиди?

- Биз учта голни жуда тез уриб олдик, деб ўйлайман. Менимча, ушбу тезкор учта гол рақибни тушкунликка тушириб қўйди. Бундан ташқари, айтиб ўтишим керакки, жамоамиз билан ажойиб ўйин намойиш этдикки, натижада рақиб бизга қарши ҳеч қандай қийинчилик туғдира олмади.

- Умуман, бундай йирик ғалабани қандай таърифлаган бўлардингиз?

- Бу мен учун катта ва муҳим ғалаба. Лекин янада энг муҳим жиҳат шундаки, биз жамоамиз билан яна шу тахлит давом эта олишимиз керак.

- Сиз учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлдингиз. Бу тўғри танлов, шундай эмасми?

- Албатта, қачонки сен голлар урсанг, энг яхшисисан! Шахсан мен голлар урганимдан жуда ҳам хурсандман. Лекин тўғрисини айтадиган бўлсам, битта ўйинда 3 та гол ургандан кўра, учта учрашувда биттадан уришни ҳам афзал кўрган бўлардим. Менимча, шундай ҳолатда ҳам жамоамга ёрдам берган бўлардим. Бу сафар учта урдим ва албатта кейинги баҳсларда ҳам голлар уришга ҳаракат қиламан.

- Чемпионатимизга тўлиқ мослашиб бўлдингиз-а?

- Ҳа, мен мослашиб кетдим, деб ўйлайман. Ўз жамоадошларим билан яхши алоқаларни йўлга қўя олдим. Лекин, барибир кўпроқ яна ўз устимда ишлашим ва ривожланишим даркор. Олдин айтиб ўтганимдек, биз яхши жамоамиз. Бундан ҳам яхши ўйинлар кўрсата оламиз.

- Андижонлик мухлислар стадионда ажойиб муҳитни яратдилар. Бу сизга ёқдими?

- Бу борада менда ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Келганимдан буён мени ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашяпти. Жамоамизга ҳам катта далда бўляптилар. Уларга каттадан-катта раҳматлар айтаман. Умид қиламанки, келгусида улар янада кўпроқ бўлади ва бизни олқишлашда давом этадилар. Чунки уларнинг қўллаб-қувватлашлари бизга катта ёрдам беради. Кейинги учрашувларимизда ҳам худди шундай ажойиб муҳитда ишқибозларимиз олқишлари остида футбол ўйнаймиз, деган умиддамиз.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Қаҳрамонга айланган албан йигитининг "Андижон"даги саргузаштлари бошланди