Тошкент шаҳрида илк маротаба ташкил этилган бокс бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати бошланди. Бешта қитъадан келган чарм қўлқоп усталари 1-14 май кунлари давомида 13 та медаллар комплекти учун рингга чиқади.
Ўзбекистон терма жамоасига бугунги кунда ўз вазнида тенгсиз бўлган боксчилар жалб этилган. Юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган чарм қўлқоп усталари орасида бокс оламида нуфузли совринларни қўлга киритган, дунё тан олган машҳур боксчилар қаторида катта спортга энди қадам қўяётган истеъдод эгалари ҳам бор.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон бокс мактаби дунёда энг кучлилардан бири сифатида эътироф этилади ва Тошкентдаги жаҳон чемпионатида ҳам натижа юқори бўлиши кутилмоқда.
Спорт мухлисларига ихмат қилиб келаётган sports.uz портали жаҳон чемпионати муносабати билан эътиборингизга ўзбек боксига оид қизиқарли фактларни тақдим этади.
- Ўзбекистон мустақил жамоа сифатида 1993 йилдан бери жаҳон чемпионатларида иштирок этиб келмоқда. Финляндиядаги мусобақада Ҳикматулла Аҳмедов мамлакатимиз учун илк соврин – кумуш медални тақдим этган.
- Ўзбек боксчилари жаҳон чемпионатларида жами 10 та олтин, 15 та кумуш ва 19 бронза, жами 44 медаль билан умумий рейтингда Куба, Россия, АҚШ, Собиқ иттифоқ ва Қозоғистондан кейин олтинчи ўринда қайд этилган.
- Ўзбекистонлик биринчи жаҳон чемпиони Руслан Чагаев ҳисобланади.
- Руслан Чагаев ва Аббос Атоев икки маротаба, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Ҳайдаров, Шаҳрам Ғиёсов, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов ва Баҳодир Жалолов бир мартадан жаҳон чемпиони бўлган.
- Руслан Чагаев ҳам ҳаваскорлар боксида, ҳам профессионал ўртасида жаҳон чемпиони бўлган биринчи ва ягона бокчимиздир.
Энди Тошкентдаги жаҳон чемпионатида қатнашадиган боксчиларимизга оид қизиқарли фактлар билан бўлишамиз.
- Тошкентдаги жаҳон чемпионатида қатнашадиган нг ёш боксчимиз Аълохон Абдуллаев шу йилнинг 26 июль куни 20 ёшгача тўлади.
- Боксчиларимиз орасида энг ёши катта иштирокчи Ҳасанбой Дўсматов 24 июнь куни 30 ёшни қарши олади.
- Бўйи энг паст боксчиси ҳам Ҳасанбой Дўсматов – 1 ,59 метр.
- Бўйи энг баланд боксчимиз Баҳодир Жалолов – 2,01 метр.
- Ҳасанбой Дўсматов энг кўп – бешинчи бор жаҳон чемпионатида қатнашади.
- Баҳодир Жалолов учун бу тўртинчи чемпионат.
- Абдумалик Халаков, Мужибулло Турсунов, Асадхўжа Муйдинхўжаев, Саиджамшид Жаъфаров, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Лазизбек Мулложонов иккинчи маротаба қатнашмоқда.
- Шодиёржон Мелиқўзиев, Ойбек Жўраев, Руслан Абдуллаев, Аълохон Абдуллаев, Жасурбек Йўлдошев жаҳон чемпионатларида илк бор омадини синаб кўради.