Тошкентда давом этаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг қизиқарли тўнашувларидан бири 86 килограммгача вазн тоифасида бўлиши кутилмоқда.
Мусобақада биттадан жангда ғалаба қозонган ҳамюртимиз Шоҳжаҳон Абдуллаев ва қозоғистонлик чарм қўлқоп устаси Соғиндиқ Тогамбай навбатдаги босқичга ўтиш учун ўзаро тўқнаш келади.
Жаҳон чемпионатидаги илк учрашувида Шоҳжаҳон Қирғизистон вакили Одилбек ўғлини очколар ҳисобида енгди. Тогамбай эса биринчи баҳсда Конго Демократик Республикаси вакили Натан Нланду Мбелини техник нокаут билан муддатидан олдин таслим қилди.
Эътиборга молий жиҳати шундаки, жорий йилнинг январь ойида Шоҳжаҳон ва Соғиндиқ Таиландда 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида тўқнаш келганди. Ўша баҳснинг биринчи раундида Абдуллаев рақибини битта зарба билан чуқур нокаутга тушириб, жангни ўз фойдасига ҳал қилганди.
Қозоғистонлик мураббийлар ва мухлислар Соғиндиқ Тогамбайдан ўша аламли мағлубият учун реванш олишни кутмоқда.
- Мен бу икки боксчининг Осиё чемпионатидаги жангини эслайман. Соғиндиқ ўзига ўхшамай бокс тушди, ўйламай жанг қилди.
Бокс – шахматдай гап, ўзинг ва рақибинг учун бош қотиришинг керак. Соғиндиқ аслида жуда ақлли боксчи. Лекин ўша жангда элементар хатоларга йўл қўйди.
Бу галги жангга тактик жиҳатдан мукаммал тайёрланишади, деб ўмид қиламан. Тогамбайда ғалаба қозониш учун барча имкониятлар бор. Мен унинг савиясини юқорироқ, салоҳияти катта, деб биламан.
У яқин ва ўрта масофада бокс туша олади. Ўзбекистонлик боксчи ўтган гал уни мағлуб этгани бу сафар Соғиндиқнинг фойдасига ишлайди. Рақиб унга етарлича баҳо бермаслиги мумкин, - деди Қозоғистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Қайрат Сатжанов Sports.kz сайтига фикр билдириб.
Бўлажак жангга пухта тайёргарлик кўраётган Шоҳжаҳон Абдуллаевнинг ҳам Тошкентдаги жаҳон чемпионатидан умиди катта.
- Жаҳон чемпионати ўз уйимизда - Ўзбекистонда бўляпти. Шунинг учун мураббийларимиз фақат олдинга бориб, рақибга босим қилишни айтганди. Кейинги рақибим қозоғистонлик боксчи. У ҳам ўзига яраша кучли. Умуман олганда, жаҳон чемпионатига кучсиз спортчи келмайди. Ҳамма яхши тайёргарлик кўради. Худо хоҳласа, ўз уйимиздаги чемпионатда халқимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз, - деди Шоҳжаҳон Абдуллаев.
Шоҳжаҳон Абдуллаев ҳамда Соғиндиқ Тогамбай ўртасидаги беллашув 8 май куни бўлиши кутилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг