Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида финал жанглари бўлиб ўтмоқда.
Халқаро бокс уюшмаси қарорига кўра, 13 вазн тоифасидаги финаллар икки кун давомида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига жаҳон чемпионатининг биринчи олтин медалини халқаро экспертлар томонидан техникаси мукаммаллиги бир неча бор эътироф этилган Асадхўжа Мўйдинхўжаев келтирди.
Оғирлиги 67 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги ҳал қилувчи беллашувда истеъдодли боксчимиз Қозоғистон терма жамоаси вакили Дулат Бекбауов билан куч синашди ва рақибини очколар ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувдан кейин Дулат Бекбауов Қозоғистон бокс федерацияси матбуот хизмати ва бир неча оммавий ахборот воситалари вакилларига финал ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.
- Ҳаммага ассалому алайкум. Шу билан жаҳон чемпионати якунланди. Аллоҳга шукр, икинчи ўринни эгалладик.
Нима дейишим мумкин?
Маҳаллий спортчига қарши рингга чиқдим ва қўлимдан келган ҳамма нарсани қилдим. Тактика жиҳатидан ўзим нотўғри ишладим. Худо насиб қилса, кучлироқ бўлиб қайтамиз, - деди Бекбауов.
Жаҳон чемпионига айланган Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳам sports.uz сайтига берган интервьюсида ёшлигидан орзу қилиб келаётган чўққини забт этганини, навбатдаги мақсади Олимпия ўйинларида чемпион бўлиш эканини таъкидлади.
Шунингдек, Тошкентдаги финалда Дулат Бекбауовдан мағлубият учун реванш олганини ҳам айтди:
- Дулат Бекбаувдан аввалги Иорданияда ўтган Осиё чемпионатининг ярим финалида мағлуб бўлгандим. Хатолар устида ишлаб, яхши тайёргарлик кўриб, бу гал ғалабага эришдик. Реванш жангда ютдим, - дейди Асадхўжа Мўйдинхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, Асадхўжа Мўйдинхўжаев пойтахтимиздаги жаҳон чемпионатини иккинчи босқичдан бошлаб, дастлабки жангда япониялик Юто Вакитани мағлубиятга учратди.
Ҳамюртимиз нимчоракда беларуслик Кирилл Самодуровга қарши рингга чиқиб, рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ярим финал йўлланмаси учун бўлган кейинги тўқнашувда Асадхўжага ўта кучли рақиб – кубалик икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби ва жаҳон чемпиони Роньель Иглесиас рўбарў келди.
Қийин кечган баҳсда ўзбек боксчиси тажрибали рақибидан устунлигини кўрсата олди. Бу натижа жаҳон чемпионатининг сенсацияларидан бўлди.
Ниҳоят, ярим финалда Асадхўжа Мўйдинхўжаев мўғулистонлик Мишеелт Баттумурни мағлуб этиб, финал учрашувида қатнашди ва ўз олдига қўйилган вазифани тўлиқ уддалаб, жаҳон чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг