00:35 / 17.05.2023
347

Мутахассис муносабати: "Ўзбекистон жаҳон чемпионатида кучли тўртликка кураша олади"

Мутахассис муносабати: "Ўзбекистон жаҳон чемпионатида кучли тўртликка кураша олади"

Тажрибали мутахассисларимиздан бири, бугунги кунда ОКМК клубида фаолият олиб бораётган мухлисларимизга яхши таниш бўлган Мухтор Қурбонов Ўзбекистон миллий терма жамоамизнинг Осиё Кубогига ташланган қуръаси ва Ўзбекистон U20 терма жамоамизнинг бир неча кундан сўнг Аргентинада бошланадиган жаҳон чемпионатидаги имконияти ҳақида фикр билдирди.

Миллий терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги имконияти ва жой олган гуруҳи ҳақида

  • Ҳозирги замонда қуръага у қадар катта эътибор ҳам қаратилмаяпти. Чунки ким бўлишидан қатъий назар ҳамма рақиблар билан футбол ўйнаш керак. Назаримда, барча жамоалар футбол ўйнашни ўрганиб олишган. Олдинлари Ҳиндистон ёки шунга ўхшаш бошқа мамлакат футболига паст назар билан қараларди. Ҳозирги пайтда Ҳиндистон ҳам футбол ўйнашни ўрганиб олган ва бошқа паст назар билан қараладиган мамлакатларда ҳам футбол ўсяпти. Албатта, Австралия олдиндан яхши жамоа бўлиб келган. Сурия терма жамоаси ҳам ёмон ўйин кўрсатмайди.
  • Ўйлайманки, қуръа бизга маъқулроқ тушди. Сречко Катанецни миллий терма жамоамизни бошқараётганига ҳам икки йилча бўлиб қолди. Шунча пайтдан бери олиб бораётган ишининг мевасини кўришимиз керак. Энди вақти келди, деб ўйлайман. Гуруҳдан чиқиш учун асосий даъвогарлар – терма жамоамиз билан Австралия ҳисобланади. Австралия билан ҳам ўйнаса ва ютса бўлади. Худо хоҳласа, гуруҳда 1-ўрин билан кейинги босқичга чиқа оламиз. Иккала термани гуруҳдан чиқади, деб ўйлайман.

Бошида айтиб ўтганимдек, ҳозирда барча жамоалар футбол ўйнашни ўрганиб олишган. Барибир Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Ўзбекистон, Австралия, Эрон – барчаси чемпионликка даъвогарлар ҳисобланадилар. Жамоамиз яхши натижа кўрсата олади, деб умид қиляпман. Қишда бўладиган Осиё Кубогида терма жамоамиз албатта ўзини кўрсатади. Ҳозирги жамоанинг ўзаро шуғулланаётганига анча бўлди. Таркибда бир-иккита номлар пайдо бўлиши мумкин, аммо таркиб ўзаги ўша-ўша. Йиллар мобайнида биргаликда ҳаракат қилишяпти. Осиё Кубогида натижамиз ижобий бўлади, деб умид қиламан.

Ўзбекистон U20 термамизнинг мундиалдаги имконияти ва жой олган гуруҳи тўғрисида

  • Ёшлар терма жамоамизни ўзимиздаги Осиё чемпионатида нимага қодирлигини кўрдик. Умид қиламанки, U20 терма жамоамиз мундиалда ўзини кўрсатади, деб ўйлайман. Тўғри, ўртоқлик учрашувида Уругвайга қарши баҳсда мағлубиятга учради ва қайсидир жабҳаларда улардан кучсизроқ ўйнаган бўлишимиз мумкин. Лекин бу ўйин биз учун фойдали. Аргентина ҳам Уругвайдан қолишмайди. Равшан Ҳайдаров билан гаплашганимда Аргентина тезкор ва тажовузкор футбол ўйнайди, деб бироз таъриф бериб ўтганди. Бизникилар ҳам ҳеч кимдан қолишмайди. Терма жамоамизнинг потенциали юқори.
  • Футболда битта нарса борки, ўйин кунига кимнинг қандай тайёрлигига кўп нарса боғлиқ. Аргентина билан учрашув 20 май куни бўлади. Ушбу санага футболчиларнинг руҳий ҳолати қандай бўлиши муҳим. Агар ютқазиб қўйса, бу фожеа бўлади, деган нарсаларни умуман ўйламаслик лозим. Ўша куни йигитларимиз руҳий жиҳатдан тўлиқ тайёрланиб чиқишса, Аргентина билан ҳам, Бразилия билан ҳам ўйнаса бўлади. Ёшларимиз гуруҳдан чиқа олади ва яхши натижа кўрсата олади.

Гуруҳга бемалол деб таъриф бериб бўлмайди. Аргентина билан Ўзбекистон 1- ва 2-ўринлар билан чиқса керак. Янги Зеландия билан анча олдинги мундиалда ўйнашган, ундан кейин бир қанча вақт ўтди. Гватемалани ҳам юта оламиз. Асосий рақиб Аргентина ва дастлабки икки ўрин учун биз билан мезбонлар талашади.

Жаҳон чемпионатида имкониятимиз яхши. Кучли тўртталикка ҳаракат қила оламиз. Ярим финалгача етиб боришга қодирмиз. Асосийси, футболчиларимиз ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлаб, ғалабали ўйинларини давом эттиришлари керак. Шу руҳда кетсак, охиригача курашса бўлади.

Шуҳратбек Жўраев.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мутахассис муносабати: "Ўзбекистон жаҳон чемпионатида кучли тўртликка кураша олади"