“Сўғдиёна” ғалабали сериясини давом эттиряпти. Бу сафар жиззахликлар сафарда “Бухоро” устидан 0:2 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритишди.
Ўйинда ҳисобни очган илк гол муаллифи Жавоҳир Қаҳрамонов учрашувни фаол ўтказди. “Бухоро” устози Улуғбек Бақоев собиқ жамоасига қарши беллашувда қийинчиликларга дуч келдилар.
Чунки “Сўғдиёна” вакиллари ўз имкониятларидан фойдалана олдилар. Биринчи гол муаллифи Қаҳрамонов Sports.uz журналистининг саволларига жавоб қайтарди.
- Жавоҳир ғалаба билан табриклайман. Ўйин сизга ёқдими? Ғалабанинг асосий омили нимада бўлди?
- Табрик учун катта раҳмат. Рости, биринчи таймда ўйинимиз ўзимиз истаган даражада қовушгани йўқ. Босим бўлди. Бақоев жамоасини қандай ўйнашини билардик. Иккинчи бўлимда имкониятларимизни кутдик. Битта голгача эди, ўша голни урганимиздан сўнг ўйинимиз “очилиб” кетди.
- Гол ургач, негадир уни нишонламадингиз, нима учун?
- “Бухоро”да икки йил ўйнаганман. Жамоа бош мураббийи Улуғбек Бақоев билан анча пайт бирга ишлаганман. Шунинг учун голимни нишонлагим келмади.
- Тўғри, “Бухоро” бош мураббийи Улуғбек Бақоев билан бир неча йил ишлагансизлар. Собиқ мураббийингизни ютиш иштиёқи "Сўғдиёна"да кучлимиди?
- Бизга ғалаба жуда зарур эди. Чунки олдимизга юқори ўринлардан бирини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Худога шукр, ғалаба қозондик. Боя айтдим, Улуғбек Бақоев жамоасини қанақа ўйин кўрсатишини билардик. Рақиб анча кучайган. Кўрдингиз, бухороликлар вазиятлардан фойдалана олмади, омад бизга кулиб боқди.
- Умуман олганда, "Сўғдиёна" кетма-кет 4 та ўйиндан бери фақат ютяпти. Бошкович жамоада аввало нимани ўзгартирди?
- Иван Бошкович кўп нарсани ўргатяпти. Биринчи ўринда ҳимояда нолга ўйнашни. Доим имкониятимиз бўлади ва уни албатта голга айлантиришимизни таъкидлайди. Худога шукр, яхши ўйнаб, спорт формасига кириб оляпмиз. Бу ғалабалар билан тўхтаб қолиш ниятимиз йўқ. Яна олдинга қараб интиламиз.
- Нима деб ўйлайсиз, “Сўғдиёна”нинг собиқ бош мураббийи Ёрқин Назаров билан нима ўхшамади? Агар у қолганида жамоа бугунгидек ғалабали серияни қайд эта олармиди?
- Ёрқин Назаров ҳам яхши мураббий. У ишлаган пайт тўғриси, футболчилар унчалик чиқишиб кета олмадилар. Тўғрисини айтсам, Бошкович анча кучли мураббий экан.
- “Сўғдиёна” бу йил ҳам Бошкович билан медаллар учун кураша оладими ёки бунга бироз вақтлими?
- Нима учун? Худо хоҳласа, медаллар учун курашамиз. Ҳаммаси яхши бўлса ва тўғри йўлда кетсак, натижаларимиз ижобий кўриниш олаверади.
- Бақоев давридаги "Сўғдиёна" билан Бошкович бошчилигидаги "Сўғдиёна" ўртасида қанчалик фарқ бор ва қайси бири кучлироқ?
- Иккаласи ҳам кучли мутахассислар. Уларнинг ўйин тактикалари ҳар хил. Масалан, Бақоев пайтида қанотлар ва қарши ҳужумлар орқали ўйнаган бўлсак, Бошкович бошчилигида пас орқали, тўп билан кўпроқ муомала қилиб ўйнаяпмиз. Улар яхши мураббийлар. Бирини ёмон, иккинчисини яхши мураббий деб ажратмайман, иккиси ҳам кучли.
- Бақоев билан ўйиндан кейин гаплашдингизми? Нима деди?
- Учрашувдан сўнг ғалаба билан табриклади, бошқа нарса ҳақида гаплашганимиз йўқ.
- Бу ғалабани кимга бағишлайсиз?
- Ғалабамизни “Сўғдиёна” мухлисларига бағишлаймиз.
Шуҳратбек Жўраев.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг