19:30 / 22.05.2023
371

Жаҳон чемпионати U-20. "B", "C" ва "D" гуруҳларида вазият қандай?

Жаҳон чемпионати U-20. "B", "C" ва "D" гуруҳларида вазият қандай?

20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига старт берилди. Ўзбекистон очилиш ўйинида Аргентинага ютқазиб қўйди. Гуруҳимиздаги иккинчи ўйинда эса Янги Зеландия Гватемалани таслим этди.

Сиз-у биз ўз гуруҳимиздаги ҳолатдан яхшигина хабардормиз. Хўш, бошқа квартетларда вазият қандай кўриниш олган? Қуйида шу саволга жавоб берамиз.

"B" гуруҳи.

Словакия ёшлари илк турда Фижини аяб ўтирмади. Европаликлар узоқдан келган Океания қитъаси вакилига жавобсиз 4 та гол уришга эришди. Бу йирик ғалаба Словакия учун анчагина фойдали бўлиши мумкин.

Гуруҳдаги иккинчи баҳсда АҚШ термаси Эквадорни кичик ҳисобда таслим этди. Ягона гол 90+3-дақиқада киритилганини ҳам эътироф этиш керак.

"С" гуруҳи.

Қитъадошларимиз ўрин олган мазкур тўртликда ҳам икки ғалаба қайд этилди. Колумбия Европа вице-чемпиони Исроилни 2:1 ҳисобида таслим қилди. Қизиғи, мазкур баҳсда ҳам колумбияликларнинг ғалаба келтирувчи голи 90-дақиқада урилди.

Осиё кубогида ярим финалда енгилган Япония термаси Африка вакили Сенегалдан кичик 1:0 ҳисобида устун келди. Мазкур беллашувда япониялик дарвозабоннинг нақ 5 та сейв ижро этгани таҳсинга сазовор.

"D" гуруҳи.

Европа ва Жанубий Американинг энг олди жамоалари ўрин олган навбатдаги гуруҳ. Италия U-20 терма жамоаси жаҳон чемпионати фаворитларидан бири бўлган Бразилияни 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

Қизиғи, 34-дақиқадаёқ италянлар ҳисобни 3:0 қилиб бўлишганди. Статистикада ҳам европаликлар устунлик қилишди. Охиридаги эътиборсизлик сабаб бразилияликлар 2 та гол уриб кетди.

Иккинчи учрашувда Нигерия Доминикан Республикаси ёшларини 2:1 ҳисобида енгишга муваффақ бўлди. Бироқ Нигерия икки гигант термадан ўтиб гуруҳдан чиқиши жуда қийин масала бўлиб кўринмоқда.

 Бугун "E" ва "F" гуруҳларидан ўрин олган ўйинлар билан 1-турга якун ясалади. Эртадан эса 2-турга старт берилади.

"E" гуруҳи
23:00 Англия - Тунис.
02:00 Уругвай - Ироқ.

"F" гуруҳи
23:00 Франция - Жанубий Корея.
02:00 Гамбия - Гондурас.

 Шоҳрух Зоиров


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жаҳон чемпионати U-20. "B", "C" ва "D" гуруҳларида вазият қандай?