16:40 / 23.05.2023
355

Ўзбекистон – Янги Зеландия: Ҳал қилувчи ўйин олдидан муҳим фактлар!

Ўзбекистон – Янги Зеландия: Ҳал қилувчи ўйин олдидан муҳим фактлар!

Аргентина мезбонлик қилаётган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи тур баҳсида Янги Зеландия вакиллари билан куч синашади.

Хабарингиз бор, Равшан Ҳайдаров шогирдлари биринчи турда мезбонларга қарши тўп тепиб, зўр ўйнаганига қарамай, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Шундай бўлса-да, ёш футболчиларимизнинг ҳаракати, ўйини, интилиши, маҳорати ва салоҳияти халқаро экспертлар, хорижлик мухлислар, ҳатто рақиблар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди.

Навбатдаги рақиб – Янги Зеландия биринчи тур баҳсида Гватемалани 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, даслабки уч очкосини қўлга киритди.

Шуларни инобатга олиб айтиш мумкинки, Янги Зеландияга қарши баҳс биз учун муҳим аҳамиятга эга. Унда футболчиларимизни фақат ғалаба қониқтиради. Ютқазиб қўйсак, гуруҳ босқичидан ўтолмай қолишимизнинг эҳтимоли жуда катта бўлади.

Sports.uz портали Ўзбекистон ва Янги Зеландия учрашувига доир қизиқарли фактларни мухлислар эътиборига ҳавола қилади.

Янги Зеландия

Фактлар:

Янги Зеландия ўз тарихида илк бор чорак финалга чиқишни мўлжалламоқда.

Асосий футболчиси майдон марказини ушлаб туришга қодир Жей Хердман ҳисобланади. У тезкор ва техникаси кучли ўйинчилар тоифасига киради.

Янги Зеландия 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олти маротаба иштирок этмоқда.

Улар охирги учта мусобақанинг ҳар бирида гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтган.

Энг яхши натижаси икки маротаба нимчорак финалда қатнашгани ҳисобланади.

Янги Зеландиянинг энг хавфли футболчиси Оливер Коллотидир. У жарима майдончаси ичида кескин ҳаракат қилади ва кучли зарбага эга. Истеъдодли ҳужумчи Океания чемпионатида олтита учрашувда тўққизта гол урганидан кейин мутахассислар назарига тушди.

Янги Зеландия жаҳон чемпионатига тайёрланиш жараёнида февраль ойида халқаро турнирда қатнашди. Даррен Базли шогирдлари Гватемалага ютқазган бўлса-да, Индонезия ва Фижи терма жамоаларини мағлубиятга учратган.

Бош мураббий Даррен Базли Англияда туғилган. Футболчилик фаолиятида “Уотфорд”, “Вулверхэмптон” ва “Уолсолл”да ўйнаган. Кейин 2005 йилда “Нью-Зиланд Найтс” клубига кўчиб ўтган.

Ўзбекистон

Фактлар:

Ўзбекистон терма жамоаси ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида илк бор ғолиб чиқди ва Аргентинадаги жаҳон чемпионатига қитъа чемпиони сифатида келди.

Ўзбекистон ёшлари 2013 ва 2015 йилларда жаҳон чемпионатининг чорак финалида иштирок этган ва бу гал ўз натижасини яхшилашга уринади.

Бош мураббий Равшан Ҳайдаров мамлакатнинг турли ёшдаги ва миллий терма жамоасини бошқарган. 2018 йили унинг шогирдлари 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиқди. Бу гал Равшан Ҳайдаров 20 ёшгача бўлган шогирдларини қитъа чемпионига айлантирди.

Бу мутахассис “Пахтакор” бош мураббийи сифатида Ўзбекистон чемпионатида ҳам икки маротаба чемпион бўлган.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатида бешта учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Энг машҳур ўйинчиси Абдулқодир Ҳусанов ҳисобланади. Терма жамоа ҳимоя чизиғида айнан мана шу футболчи етакчилик қилади. У “Энергетик-БГУ” сафида Беларусь олий лигасида иккинчи мавсумини ўтказмоқда.

Ҳусанов ҳар икки оёғида ишончли ўйнайди. Турли тактик схемаларга мослаша олади. Тўпни яхши назорат қилади, тезкор, шунингдек, турли масофалардан кучли ва аниқ зарба бера олади, жарима зарбаларидан гол уришга уста.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг энг хавфли футболчиси сифатида Аббосбек Файзуллаевни кўрсатиш мумкин. Универсал ҳужумчи сифатида олдинги чизиқда етакчилик айнан унга юклатилган.

Клублар миқёсида Файзуллаев “Пахтакор” сафида Ўзбекистон чемпиони ва Суперкубок соҳиби бўлди. Ўзбекистонликларнинг бу футболчидан умидлари катта.

Ўзбекистон ва Янги Зеландия ўртасидаги учрашувда Равшан Ҳайдаров шогирдларига муваффақият тилаймиз.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон – Янги Зеландия: Ҳал қилувчи ўйин олдидан муҳим фактлар!