ОКМК ҳамда "Бухоро" ўртасидаги Суперлиганинг 12-тур ўйинидан (3:1) сўнг мезбонлар устози Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақидаги фикрларингиз?
- Уч очкони қўлга киритдик ва шу энг муҳими. Қизиқарли учрашув гувоҳи бўлдик. Ўйин аввалида ўтказиб юборган голимиз, анча муаммо туғдирди. Ўйин сўнгида эса яхши ўйин намойиш этиб, ғалаба қозондик. "Бухоро" жуда ҳам ноқулай рақиб. муҳими уч очкони қўлга киритдик. Биз янги схемада ўйнамоқдамиз, учта марказий ҳимоячи билан ўйнамоқдамиз. Энг муҳими уч очкони қўлга киритдик.
- Янги ҳимоявий услуб ҳақида айтиб ўтдингиз. Ушбу мавсум "ОКМК"нинг ҳимояси ўтган мавсум билан солиштирганда кучсизлангандек. Олдинда эса Чемпионлар лигасининг ўтиш ўйинлари бор. Ушбу хатоларни камайтириш бўйича режангиз борми?
- Албатта, меҳнат қилмаган инсон хатоларга йўл қўймайди. Ўйинлар орқали тажриба ошади ва хатолар бартараф этилади. Бундай муаммо бутун дунёда бор, кучли жамоалар айрим вазиятларда оддий хатоларга йўл қўяди. Бу масала устида иш олиб бормоқдамиз.
- Бугунги ғалаба қай даражада муҳим, сабаби ўтган турда жамоангиз Яйпанда очко йўқотди.
- Тўғриси орадан бир ҳафта ўтди ва ўтган учрашув тарихга айланди. Ҳар бир учрашув биз учун бирдек муҳим. Футболчилар авваламбор чиройли ўйин кўрсатиб, мухлислар учун ўйнаши керак.
- "ОКМК" жамоаси кўп ҳолатларда эрта гол ўтказиб юбормоқда ва кейинчалик ўйинга киришиб кетмоқда. Бунга сабаб нима?
- Бунга сабаб, биз ҳар доим биринчи рақам бўлиб ҳаракат қиламиз. Бизга қарши ўйнаш жуда осон, биз иккинчи рақам бўлиб, ҳимояланиб ўйнай олмаймиз. Бундай услуб менга мос эмас. Мен ҳар доим йигитларга чиройли ва ҳужумкор ўйин намойиш этиш кераклигини уқтираман. Мағлуб бўлсак ҳам, майдонни "мағрур" бўлиб тарк этишимиз керак.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг