22:39 / 01.06.2023
307

U-20 терма жамоамиз сафида кимлар мундиални "ёндирди"?

U-20 терма жамоамиз сафида кимлар мундиални "ёндирди"?

Ўзбекистон U-20 жамоаси Аргентинадаги иштирокини якунлаганидан хабарингиз бор. Энди барчасини сарҳисоб қилишнинг айни пайти. Хўш, кимлар ўзини яхши кўрсатди? Кимларни ўзимиз учун кашф этдик? SPORTS.uz Равшан Ҳайдаров жамоасидаги энг яхши 5 футболчини (ўз версиясига кўра) аниқлади. Тузилган рўйхат сизни ҳайрон қолдириши аниқ!

5-ўрин – Шерзод Эсанов ("Андижон")

“Андижон” клуби аъзоси Равшан Ҳайдаровнинг исталган вақтда керакли зонани кучайтириш йўлида фойдаланган универсал “жангчиси”га айланди. У Янги Зеландия билан оғир кечган баҳсда дурангни сақлаб қолган бўлса, Гватемала билан ўйинда ҳам катта ҳажмдаги ишни бажарди. Умуман олганда, Эсанов ушбу мундиалда чинакамига кашф этилди, десак адашмаган бўламиз. Шерзод захирадан тушган ва асосийда бошлаган ўйинларида бирдек жамоамиз учун фойдали бўлди. Гол урди, прессингда фаол ишлади. Айнан у ТОП-5 ни очиб беради.

4-ўрин – Зафармурод Абдираҳматов ("Насаф")

Сўнгги мавсумда “Насаф” асосий таркибида ҳам кўриниш беришни бошлаган йигит бутун Ўзбекистонга машҳур бўлиб кетди, десак муболаға бўлмайди. Кичик жуссали бўлишига қарамай, тўп учун курашда гавдали рақиблар олдида ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Тўғри жой танлаш ва катта тезлик эвазига у деярли қўполлик ишлатмай қанотида ҳукмронлик ўрнатишга муваффақ бўлди. Қўшимчасига, керакли паллаларда ҳужумга қўшилиб, жамоанинг олдинги чизиқдаги имкониятини оширишга ёрдам берди. Янги Зеландия билан баҳсдаги ассист ёдингиздами? Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалардаги совуққонлик, тўпни ўзида бир сония ушлаб тургани ва идеал узатмани амалга оширгани “аждарлар” базасида янги “юлдуз” етишиб чиқаётганидан дарак бермоқда. Зафармурод ўз устидан ишласа, 2-3 йил ичида терма жамоада ҳам кўриниш бериши ҳеч гап эмас.

3-ўрин – Шаҳзод Неъматжонов ("Металлург")

“Металлург” аъзоси фақат бир ўйинда ўзини кўрсатди, бироқ бу жуда омадсиз бошланган гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаш учун кифоя қилди. Жисмонан бақувват эмас, ўрта бўй ва тезкор бўлмаган форвард Ўзбекистон U-20 жамоасини елкасида кейинги босқичга олиб чиқишга муваффақ бўлди. Ҳа, унда камчиликлар етарли, аммо қаҳрамонимиз бу муаммони кучли иштиёқ ва юқори консентрация намойиш этган ҳолда компенсация қилди. Натижада, ўзидан кучли бўлмаган рақибларни енга олмаётган жамоамиз Гватемала устидан ғалаба қозонди. Маҳоратли, тезкор ва ҳатто туғма иқтидор эгалари ҳам таблодаги ҳисобга таъсир кўрсата олмаган пайтда, Неъматжонов кучли иштиёқ ва тиришқоқлик эвазига бизга плей-офф йўлланмасини совға қилди. Ёш форвардимизга келажакда омад тилаб қоламиз.

2-ўрин – Абосбек Файзуллаев ("Пахтакор")

Кутилганидек, Аббосбек жамоамиз етакчиси бўлди. Янги Зеландия билан баҳсда гол киритиб, жамоани ўйинга қайтарди. Аргентина билан ўйинда 90 дақиқа давомида бўш зоналар яратишда меҳнат қилди. Умуман олганда, у Осиёнинг ўз тенгқурлари орасидаги энг зўр футболчиси эканлигини исботлади. “Пахтакор” аъзоси бу рўйхатда биринчи ўринга ҳақли, аммо кўплаб ишқибозларнинг меҳрини қозонган бошқа бир йигит сўровномада кўпроқ овоз тўплади.

1-ўрин – Абдуқодир Ҳусанов ("Энергетик-БГУ")

Хотиржам, совуққон, якка курашларда аёвсиз 3-рақам эгаси жаҳон чемпионатига қадар кимнидир эътиборини тортди, кимнидир эса йўқ. Ортда қолган 4 ўйинда эса унинг меҳнаткашлиги, профессионал ҳаракатлари ва яширин етакчи эканлиги яққол кўзга ташланди. Абдуқодир терма жамоа мудофаасини яқин йиллар ичида (ўсишдан тўхтаб қолмаса) бемалол ўз қўлига олишга етарли потенциалга эга эканлигини кўрсатиб қўйди. Сўнгги маълумотларга қараганда, у тез орада Тимур Кападзе бошқарувидаги Олимпия терма жамоасидан чақирув олиши кутилаётган экан. Нима ҳам дердик, у каби юрагида ўти бор йигитлар ҳозир футболимизга  ҳар қачонгиданда кўпроқ керак.

Хулоса ўрнида. Аслида, бу рўйхат кимнидир ажратиш ё кимнидир ерга уриш учун тузилгани йўқ. Шунчаки, бу мақола орқали Аргентинадаги ширин лаҳзалар, уйқусиз ўтган тунлар, турли кайфиятда бошланган тонглар учун термамизнинг барча аъзосига миннатдорчилик билдирмоқчи эдик, холос. Асосийси, натижа эмас. Муҳими, қитъа биринчилигида ғолиб чиққан авлодни тўлиқ таркибда, профессионал футболда сақлаб қолиш. Катта йўл олдида турган барча укаларимизга профессионал карьерасида омад ва зафарлар тилаб қоламиз!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » U-20 терма жамоамиз сафида кимлар мундиални "ёндирди"?