Италия чемпионатининг сўнгги турида “Специя” сафар учрашувида “Рома” меҳмони бўлади. Бу лигурияликлар учун юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун ягона имконият. Римликлар бу мавсум ҳозирги ҳолатидан ортиғига даъво қила олмайди. Улар 38-тур учрашувини ўтказиши билан келаси мавсум тайёргарлигини бошлаб юборади.
Бугунги кунда “Специя” ва “Рома”ни фақат Элдор Шомуродов боғлаб турибди. Римликларга тегишли бўлган ўзбек легионери ижарадаги жамоасида сўнгги учрашувини ўтказиши кутилмоқда.
Шу боис, “Рома” ва “Специя” баҳси атрофидаги воқеаларни ёритаётган оммавий ахборот воситалари Элдор Шомуродовни ҳам қаламга олмоқда. Хусусан, www.cittadellaspezia.com сайти журналисти Никколо Паста навбатдаги мақоласини “Рома” устози Жозе Моуриньо ва унинг талаби билан римликлар сафига олиб келинган Элдор Шомуродовга бағишлади.
Мақола шундай бошланади:
...2019 йилнинг қишиджа Москва ресторанларининг бирида Жозе Моуриньо ёнига бўйи баланд йигит келиб, бирга суратга тушди. Бу португалиялик мураббий футбол элитасига қўшилганидан бери унинг учун одатий ҳолатга айланган вазият эди.
Орадан икки йил ўтиб, бу йигит Жозе Моуриньо билан бирлашди. Таниқли мураббий “Рома”ни қарийб 20 миллион евро сарфлаб, Италиядаги дебют мавсумида порлаган Шомуродовни “Женоа”дан трансфер қилишга кўндирди.
Элдор Шомуродов Жозе Моуриньо билан тушган суратини ижтимоий тармоқларда эълон қилди. Сурат олинган пайт у “Ростов”да ўйнарди. Бу клуб унга А Сериядаги фаолиятини бошлаш имконини берди.
Шомуродов юқори савияли ҳужумчи бўлса-да, у Италиянинг энг зўр жамоаларидан бири либосини кийишига ҳеч ким ишонмаган эди...
Жозе Моуриньо 2021 йили “Рома” учун ишлаб чиққан ўйин услубида Элдор Шомуродов тимсолида “Челси” тарбиялаган Тэмми Абрахам билан елкама-елка ўйнайдиган футболчини кўрди. Шомуродовнинг ҳам орзуси амалга ошди. Моуриньо ҳар доим ўзбек футболчисининг кумири бўлиб келган.
Бироқ, унинг Римдаги дебют мавсуми кутганидек чиқмади. Майдонда минг дақиқа ҳаракат қилиб, бешта гол урди, лекин Конференциялар лигасида ғолиб чиқди.
Кейинчалик Шомуродов интервьюларидан бирида Жозе Моуриньо билан муносабати аввалгидек зўр эмаслигини тан олди. Худди, ҳужумчи ва мураббий ўртасида бирон нима бўлгандек эди. Элдор пойтахтга келганига бир йил тўлганида бошқа клубларга трансфер масаласи кўтарилди. Лекин “Рома” 2022 йилнинг ёзида бирорта жамоа таклифини қабул қилмади ва Шомуродов иккинчи планда бўлса-да, жамоада қолди.
Бир неча дақиқага ўйнаган Шомуродовни сўраб бир неча жамоа январда “рома” эшигини қоқди. Харидор кўп, музокаралар мураккаб бўлди. Бироқ, “Специя” бу савдода муваффақиятли чиқди. Мавсум охиригача легионерни ўзида ўйнатиб, маошининг катта қисмини тўлайдиган бўлди. Бу масала июнь ойида давом эттирилиши кутилмоқда.
Хуллас, Шомуродов фаолиятини қайта тиклаш учун “Рома”нинг орқа эшигидан чиқиб кетди. Ўзбек ҳужумчисини ҳамма яхши кутиб олди. Моуриньо уни мақтади ва янги жамоасидаги ишларига омад тилади.
Мана орадан бир неча ой ўтиб, Элдор Шомуродов яна Римга қайтмоқда. Ўзбек ҳужумчисида “Специя” тарихига ўз номини муҳрлаш учун тўқсон дақиқа имконият бор, - деб ёзмоқда Никколо Паста.
Эслатиб ўтамиз, “Рома” ва “Специя” ўртасидаги учрашув 4 июнь куни тунги соат 01:00 да бошланади.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг