
Франциянинг «ПСЖ» клуби Лионель Месси жамоани тарк этаётганини расман эълон қилди.
«Лионель Мессининг «ПСЖ»даги икки йиллик фаолиятидан кейин футболчи 2022/23 йилги мавсум якунида клубни тарк этишини маълум қиламиз.
Клуб Леога кейинги фаолияти давомида омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаб қолади. «Пари Сен-Жермен» жамоа сафида икки марта Франция чемпиони ва кубоги соҳиби бўлган «Олтин тўп»нинг 7 карра соҳибига чин қалбдан миннатдорчилик билдиради», - дейилади клуб хабарида.
Ўз ўрнида 35 ёшли аргентиналик футболчи ҳам Париж клубини тарк этаётгани ҳақида гапириб, «ПСЖ»га миннатдорчилик билдирди.
«Клубга, Париж ва унинг мухлисларига ўтган 2 йил учун раҳмат! Кейинги ишларингизга омад тилаб қоламан», - дейди Месси.
Месси фаолиятини қаерда давом эттириши бўйича масалани чўзмоқчи эмас. У бугун «ПСЖ» таркибидаги сўнгги учрашувини ўтказади.
Аввалроқ, «Ал-Ҳилол» Мессига йиллик 400 миллион евро маош таклиф қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Маълумот учун, Лионель жорий мавсум Франция чемпионатидаги 31 ўйинда 16та гол ва шунча ассистга муаллифлик қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!