“Андижон”нинг албаниялик ҳужумчиси Рубин Хебай қисқа вақт ичида ўзидан илиқ таассурот қолдира бошлади. Бунга унинг кетма-кет голлар ураётгани ва албатта намойиш этаётган ўйини сабаб.
Хебайнинг юқори даражадаги ҳужумчилигини барча таъкидлаяпти. Агар шу кетишда давом этса, у тўпурарлик учун асосий номзодга айланиши ҳам мумкин.
- Рубин, айни пайтда “Андижон” билан Тожикистонда машғулот ўтказяпсизлар. Бу ерда ҳаммаси жойдами?
- Биз бу ерга машғулот ўтказиш учун ва биринчи давранинг қолган иккита ўйинига тайёргарлик кўриш мақсадида келдик. Яқиндагина бошладик ва ўйлайманки, “Бухоро”га қарши учрашув учун яхши тайёргарлик кўрамиз.
- “Андижон” сафида кетма-кет голлар уряпсиз. Бунга қандай эришяпсиз ёки рақиб жамоаларнинг заиф нуқталарини топа оляпсизми?
- Ўйлашимча, жамоа менга кўпроқ агрессив ўйнашга ёрдам беряпти, айниқса, ҳужум қисмида. Шунинг учун албатта мен ҳар кунги машғулотларда ўзимнинг максимум кучимни беришга муваффақ бўляпман.
- Ҳозирча чемпионатда 7 та, Кубокда 2 та гол урдингиз. Бу йил “Андижон”да нечта гол уришни хоҳлайсиз? Тўпурар бўлишингизга ишонасизми?
- Умид қиламанки, мен жамоамга қанча керак бўлса, шунча ёрдам берадиган голларни ураман. Бу нафақат жамоамга, балки ўзимга ҳам ёрдам беради. Ҳужумчи сифатида сиз гол урар экансиз, ўзингизга ишончни қабул қиласиз ва ишончингиз ортади, келажакка нисбатан. Натижада майдонда ўзингизни кучлироқ ҳис қила бошлайсиз.
- Тўпурарлар баҳсини кузатиб боряпсизми?
- Тўғриси, мен бу нарсани кузатмайман. Одамлар мендан бу ҳақида жуда кўп сўрашади. Лекин мен учрашувларга бирма-бир тайёргарлик кўришни маъқул кўраман ва бу каби нарсалар ҳақида ўйлашни унчалик ёқтирмайман. Менимча, энг яхши йўли шу деб ҳисоблайман. Охирида албатта нима бўлишини билиб оламиз. Гол уришда давом этар эканман, бу ҳеч нарсани англатмайди.
- Сўнгги пайтларда хизматингизга бошқа клублардан қизиқишлар бўлаётгани ҳақида гапиришяпти. Ростдан, аниқ таклифлар борми?
- Ростдан ҳам ҳеч нарсани билмайман. Бу масалада агентим жавобгар инсон ҳисобланади. Трансферлар ойнаси очилган пайтда у билан гаплашишим мумкин. Лекин ҳозирда бор эътиборимни ўз клубимга қаратганман.
- “Андижон”да ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Албатта, янги шаҳарга кўникиб кетиш бироз қийин кечади. Ҳа, менга бироз вақт керак. Аммо менимча, ўз ишимни яхши уддалаяпман.
- Маҳаллий турмуш тарзига ўрганиб олдингизми?
- Бу албатта, мен мамлакатимдаги яшашга одатланган ҳаёт тарзидан бироз бошқачароқ услубдаги ҳаёт. Лекин айтиб ўтишим мумкинки, менталитетимизда бир қатор ўхшашликлар бор. Умуман олганда, катта бир муаммони кўрмаяпман. Кундан-кунга ушбу янгиликка ўрганиб боряпман.
- Сиздан умиди катта бўлаётган андижонлик мухлисларни хавотирга тушмасликлари учун нима деган бўлардингиз?
- Мухлисларга барча қўллаб-қувватлашлари учун миннатдорчилик билдириб қоламан. Улар ўз ишларини аъло даражада бажаришяпти. Шуни айтишим мумкинки, биз майдонда бор кучимизни ишлатишда давом этамиз. Охиригача уларни шу тахлит фахрлантира оламиз, деб ўйлайман.
Шуҳратбек Жўраев.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг