Бугун юртимизда "CAFA Nation's Cup” мусобақаси старт олди. “А” гуруҳидан ўрин эгаллаган иккинчи ўйинда Ўзбекистон Уммон устидан ишончли (3:0) натижаси билан ғалаба қозонди. Баҳс олдидан термамиз устози анча мураккаб вазиятда қолган эди. Элдор Шомуродовнинг йўқлиги бир томон бўлса, Алиқулов ва Ашурматов тандемининг йўқлиги ҳам бош оғриққа айланиши кутилган эди. Якунда, Катанец вазиятни тўғри баҳолаб, ортиқча қийинчиликсиз мураккаб вазиятдан ғолиб бўлиб чиқди. Ўйинимиздаги айрим стратик ўзгаришлар ва мутахассиснинг старт режаси ҳақида кичик таҳлилни кўриб чиқамиз.
Сречко Катанец биз ҳали кўрмаган янги “фишкалари” бор эканини кўрсатди. Элдорнинг йўқлиги балки бунга мажбур қилгандир?! Эътиборлиси, мураббий катта талофотларсиз жангда ғолиб чиқди. Соф марказий ҳужумчи ўрнига, иккита алдамчи тўққизлик амплуасидаги тезкор йигитлар биргаликда рақибнинг 4 ҳимоячисини доимо босим остида ушлаб турди. Мураббий ностандарт схемада Жамшид Искандеров эркин ижод қилиши учун марказий зонани бўшатиб берди. Отабек Шукуров ва Одил Ҳамробеков таянч зонасида кичик блок сифатида рақибни кутиб олишни бошлади. Соддароқ қилиб айтилса, Искандеровнинг ўрнига улар прессингда икки ҳисса ишлади. Қанот ярим ҳимоячиси ва вингерларсиз ҳаракат қилганимиз сабабли Жамшид марказда тўпни ушлаб, орқадагиларни олдинга ўтиши ва керакли паллада ҳужумни кескинлаштириш учун қўшимча бонус вазифасини бажарди. Тўғри, биринчи бўлимда Искандеров деярли иш бермади, бироқ иккинчи таймда бу марказдаги устунликни таъминлай олди.
Керакли паллада ўйинни “қурита” олганимиз сабабли Уммон бугун ҳеч бир аспектда бизга рақиблик қила олмади. Стандарт вазиятлар инобатга олинмаса, рақиб шунчаки ўйиндан тушиб қолди. 10 кун ичида бўлиб ўтадиган мусобақада кучни тўғри тақсимлаш жуда муҳим. Қисман, баҳснинг боришини Жалолиддин Машариповнинг жарима зарбасидан урган голи бошқа томонга буриб юборгани ҳам рост. Илк 15 дақиқаликдаги устунлик таблога кўчгач, биз тўпни рақибга берганча, бокс тилида айтилгандек “иккинчи рақамда ишладик”. Тўпсиз ҳаракатдаги активлик эса аъло даражада. Рақиб бўш зоналар топа олмагани учун ҳам ўйиннинг катта қисмини майдон марказидаги бесамар паслар билан ўтказиб юборишга мажбур бўлди.
Аслида, бундай турнирлар катта ўйинлардаги ранг-баранглик учун замин яратади. Бугун соф ҳужумчисиз тўп тепиб, яна бир ўйин стратегиясини синовдан ўтказдик. Муҳим ўйинлар олдидан вазиятдан келиб чиқиб, бир неча услубда ўйнай олишимиз кишини қувонтирмай қолмайди.
Тўғри, идеал ўйин ўтказмадик. Рақиб ҳам Осиёнинг ТОП-5 жамоаларидан бири эмас. Мудофаа чизиғида муаммолар бор, аммо таркибга Ҳусниддин Алиқулов ва Рустам Ашурматов қайтса, муаммонинг каттагина қисмини ҳал қилиши аниқ. Тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам Уммон билан ўйинда бир бош баланд эканлигимизни кўрсата олдик. Бу жуда муҳим фактор. Яхши ҳимоялана олиш замонавий футболнинг асосий принципларидан бирига айланиб бўлди.
Ўтаётган вақт терма жамоамизни янги ўйин фалсафасини ўзлаштираётганидан далолат бермоқда. Муаммолар ва камчиликлар ҳақида ортиқча тўхталмадик. Сабаби оддий. Ғолиблар (ҳозирча) муҳокама қилинмайди.
Я.У
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг