10:33 / 15.06.2023
966

Ўзбек футболчиси Европанинг машҳур клуби назарига тушди

Ўзбек футболчиси Европанинг машҳур клуби назарига тушди

Ўзбек футболи иқтидорларга бой. Бироқ, ҳамюртларимизнинг Европа жамоаларига ўрнашиши қийин кечмоқда.

Европа жамоаларида ўз ўрнига эга бўлган футболчилар орасида фақатгина Италиядаги Элдор Шомуродов ва Туркиядаги Отабек Шукуровни тилга олишимиз мумкин. Россия ва Қозоғистон лигаларидаги ўйинчиларнинг натижаларини улар билан тенглаштириб бўлмайди.

Хориж матбуотининг ёзишича, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси сардори ва Россиянинг "Рубин" жамоаси ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев Европанинг энг машҳур клубларидан бири – “Галатасарой” назарига тушган. Бу ҳақда Туркиянинг Fotospor нашри хабар тарқатди.

Манбанинг таъкидлашича, клуб скаутлари Умаралининг Аргентина мезбонлик қилган жаҳон чемпионатидаги ўйинини кузатиб, таҳлил қилиб борган ва футболчимизнинг салоҳиятини юқори баҳолаган.

Умарали Раҳмоналиев жаҳон чемпионатида гуруҳ баҳсларида учта ўйинда иккита голли пас узатди ва жамоамизнинг плей-оффга чиқишига катта ҳисса қўшди.

19 ёшли футболчи “Бунёдкор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Майдондаги асосий позицияси марказий ярим ҳимоячи. Бундан ташқари, чап қанот ҳимоячиси вазифасини ҳам уддалай олади.

2020-2022 йиллар давомида “Бунёдкор” асосий таркибида 25 та учрашувда 8 та гол урган истеъдодли футболчи фаолиятини хорижда давом эттиришга қарор қилди. Умарали 2023 йилнинг бошида Россиянинг “Рубин” жамоаси билан шартнома имзолади.

Қозонликлар таркибига эркин агент сифатида қўшилган Умарали Раҳмоналиевнинг бугунги кундаги трансфер суммаси 350 минг еврони ташкил қилмоқда.

“Рубин” бу йил Биринчи лигада ғолиб чиқди ва келаси мавсумни Россия Премьер-лигасида ўтказади. Бу жамоада Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир аъзоси Рустам Ашурматов ҳам ўйнамоқда.

Дарҳақиқат, “Рубин” мутасаддилари “Галатасарой”нинг Раҳмоналиевга қизиқишига муносабат билдирди.

“Рубин” вакилининг Inkazan нашрига маълум қилишича, клуб футболчини бошқа жамоага қўйиб юбормоқчи эмас. Қозонликлар ўзбек легионерининг салоҳиятини юқори баҳоламоқда ва келаси мавсум ярим ҳимоячига кўпроқ суянишни режалаштирмоқда.

“Галатасарой” жорий мавсумда муддатидан олдин Туркия чемпионлигини қўлга киритди. Окан Бурук шогирдлари 36-турдан кейин очколари ҳисобини 88 тага етказган ва чемпионат якунланишига иккита учрашув қолган пайтда энг яқин таъқибчи – “Фенербаҳче”ни саккиз очкога ортда қолдирмоқда.

Бу жамоа таркибида айни пайтда Фернандо Муслера, Николо Дзаньоло, Сержиу Оливейра, Хуан Мата, Дрис Мертенс, Бафетимби Гомис ва Мауро Икарди каби жаҳон футболида ном қоўонган чарм тўп усталари ўйнамоқда.

Туркиянинг машҳур клуби ўтган йили “Рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродовни ўз сафига чорлаганди. Бироқ, Ўзбекистон терма жамоаси сардори А Серияда қолишни маъқул кўриб, бошқа лигалардан бўлган таклифларни қабул қилмаган.

Бу йил мамлакат чемпионлигини қўлга киритган “Галатасарой” келаси мавсум Европа Чемпионлар лигаси саралаш учрашувларида иштирок этади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбек футболчиси Европанинг машҳур клуби назарига тушди