13:30 / 16.06.2023
367

Туркманистон билан омадсизликка қараб кетаётган баҳсни мураббий қандай қутқариб қолди?

Туркманистон билан омадсизликка қараб кетаётган баҳсни мураббий қандай қутқариб қолди?

Кеча Ўзбекистон терма жамоаси Туркманистон устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳда биринчи ўринни ўзи учун нақд қилди. Ўйин фойдамизга якунланганига қарамай, баҳс стартини жуда ёмон бошладик. Деярли ҳеч нарса ўхшагани йўқ, аммо…

Омадсиз дебют


Баҳс аввалида 4-2-3-1 схемасига мурожаат этдик. Катанец сўнгги ўйинларда биринчи рақамни рақибга топшириб, 3 марказий ҳимоячига суянган зич мудофаани шакллантираётганига гувоҳ бўлдик. Бу ўйинда эса классикага мурожаат этилди. Катта эҳтимол билан мураббийлар штаби Туркманистон билан биринчи рақамда тўп тепишни режа қилган эди. Доминант футбол учун майдон марказида Акмал Мозговой – Отабек Шукуров тандеми ҳосил қилинди. Акмал тўпнинг марказда тезроқ “юришини” таъминлаган бўлса, Шукуров яширин плеймейкер сифатида олдинроқдан жой олди. Ҳужумчи ортида Сардор Собирхўжаевни эркин плеймейкер (керакли паллада иккинчи ҳужумчи зонасига қадар борганига) гувоҳ бўлдик. Қанот ҳимоячиларига бутун майдон бўйлаб эркин рейд қилиш имкони берилди. Яъни, биз тўп назорати ва тўлиқ устунликда тўп тепишни (аутсайдерлар билан ўйинда ишлатиладиган стратегияни) синаб олмоқчи бўлдик. Режа ёмон эмас эди, бироқ…

Жараённинг бориши

Биринчи бўлимда креатив плеймейкер ва яширин форвард вазифасини бажариши керак бўлган Сардор Собирхўжаев ҳа, деганда, ўйинга қўшилиб кета олгани йўқ. Рақиб жуда кучли прессинг ишлатгани сабабли 14-ҳудудни деярли зарарсизлантириб ташлади. Қанотда ҳаракатланган футболчиларимиз эса 45 дақиқа давомида бирорта аниқ узатма беришни уддалай олгани йўқ. Боз устига, тўп назоратини тўлиқ ўзлаштира олганимиз йўқ. Акмал Мозговой асосан яккакурашлар билан банд бўлиб қолди. Сабаби, рақиб илк бўлимни жуда агрессив ўтказди. Қўшимчасига, Туркманистон жуда тартибли ҳимояланди. Ҳатто, гол киритиш имкониятга ҳам эга бўлди. Қисқаси, қўшниларимиз идеал 45 дақиқалик ўтказди. Ўзи 4-2-3-1 схемасидан фойдаланадиган жамоа ҳужум ортидаги зонадан максимал фойдаланиши шарт. Айнан плеймейкер ярим вингер / қанот ярим ҳимоячисини пас орқали ҳужумга қўшиши, қанотлардан ҳужум уюштирилганда зарба зонасига чиқиб бориши керак. Шунингдек, зич ҳимояланаётган рақиб мудофаасидаги кичик “ёриқларни” топиши лозим бўлади. Айнан шу вазифалар сабабли бу позициядаги йигитлар жамоавий прессингдан озод этилади.


Сардор Собирхўжаев юқорида санаб ўтилган вазифаларни бажаришга қийналди. Шу боис, иккинчи бўлим стартидаёқ мураббий уни Остон Ўруновга алмаштирди. Акмал Мозговой ўрнига эса айнан шу позицияда тўп тепувчи Одилбек Ҳамробеков ўйинга қўшилди. Бу икки ўзгариш баҳс тақдирини ҳал этди.

Қандай қилиб?

Биринчи навбатда Остон Ўруновнинг ўйинга зўр қўшилиб кетганини алоҳида эътироф этиш лозим. Қаҳрамонимиз ўйинга қўшилиши билан айнан биринчи бўлимда темпни кўтара олмаган зонамиз 14-ҳудудда активлик намойиш этди. Биринчи голда ҳам айнан плеймейкер образидаги Остоннинг иккита омадли алдаб ўтишидан сўнг узатилган кескин пас ҳужумни голга айлантирган бўлса, иккинчи голда Жамшид Искандеров айнан ўша позициядан туриб иккинчи голни юзага келтирди. Қўшимчасига, Туркманистон биринчи бўлимдаги юқори интенсив футбол кўрсатгани боис иккинчи бўлимда жисмонан бироз толиб қолгани сезилди.



Бу фактор ҳам захирадан қўшилган йигитларнинг ортиқча босим остида қолмаслигига кўмаклашгани бор гап. Шунингдек, Одил Ҳамробековнинг “жанг”га ташланиши ҳам яхши эффект берди. Таянч зонасида босимни камайтирган ярим ҳимоячи ҳимоядан ҳужумга чиқиб кетишда катта фаоллик кўрсатди. У биринчи бўлимда уддалай олмаганимиз тўп назоратини тўлиқ биз томонга ўтказиб берди. Қўшимчасига, рақибнинг биринчи бўлимда кўпинча иш берган биринчи прессинг блогини яроқсиз ҳолатга келтирди. Натижада, Туркманистон бироз ортга чекинди. Бизни жарима майдончаси атрофида кутиб олишни бошлади. Умуман олганда, кечаги “game plan” ижрочиларни алмаштириш орқали 100 фоиз натижа берди. Бунда ўзгаришлар ва етакчиларни ўз вақтида даражада намойиш этганини эътироф этиш даркор.

Хулоса ўрнида

Сречко Катанец терма жамоамизни Осиё Кубоги ёки ЖЧ саралашлари учун эмас, футболда учрайдиган турли ҳолатларга тайёрлаётгандек таассурот қолдирмоқда. Яъни, турли спарринг рақибларга қарши турлича стратегия. Балки, айнан вазиятга мослашиш инстинкти йўқлиги аввалги катта мусобақаларда бизга панд бергандир. Билмадим, бироқ ҳозирги Ўзбекистон терма жамоаси аввалгиларига нисбатан тактик томондан анчагина ранг-баранг кўринмоқда. Ўйлашимча, бу ҳали «коуч» барча режаларини кўриб олди, дегани эмас.

Тожикистон билан ўйинда балки 2 та соф ҳужумчи билан ҳаракат қилишни синаб кўрармиз?! Агар шундай бўлса ҳам, энди бу ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Манба: Sports.uz


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Туркманистон билан омадсизликка қараб кетаётган баҳсни мураббий қандай қутқариб қолди?